Урбанизация бўйича миллий қўмита "Наврўз" боғини сақлаб қолиш тарафдори бўлиб чиқди

Урбанизация бўйича миллий қўмита "Наврўз" боғини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлаб чиқди
Урбанизация ва уй-жой бозори бўйича миллий қўмита ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг айрим яшил ҳудудлари ўрнида автотураргоҳлар қурилиши ҳамда жамоат боғларини ташкил этиш учун мўлжалланган ҳудудларнинг аукционга чиқарилиши билан боғлиқ мавзулар фаол муҳокама қилинаётган бир пайтда баёнот берди.
Қўмита фикрига кўра, шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудларни қисқартириш ҳамда аҳолининг сайр қилиши ва дам олиши учун мўлжалланган жамоат жойлари ўрнида капитал объектлар барпо этиш мутлақо мақсадга мувофиқ эмас. Автотураргоҳлар ташкил этилаётганда кўкаламзорлаштирилган ҳудудларнинг қисқаришига ва пиёдалар учун яратилган шароитларнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик лозим.
Қўмитанинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 февралдаги 83-сонли қарорига мувофиқ, "Наврўз" боғига тегишли кўчмас мулк объектларидан бирининг ер участкасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги "Матонат" маҳалласида майдони 1,6 гектар бўлган жамоат боғини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу ҳудудда ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат боғи ташкил этилишини таъминлаш ва ундан фақат мақсадли фойдаланиш зарур.
Бундан аввалроқ, янги хусусийлаштириш дастури доирасида ҳукумат Шароф Рашидов кўчасида жойлашган, "Наврўз" маданият ва истироҳат боғининг кўчмас мулки сифатида рўйхатга олинган иккита давлат объектини электрон савдоларга чиқаргани маълум бўлган эди. Объектлар иккита лотга бўлинган: майдони 2 гектар бўлган биринчи участканинг бошланғич нархи 436,3 миллиард сўм, майдони 1,2 гектар бўлган иккинчи лот эса қарийб 223,9 миллиард сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилган.
Миллий қўмита яшил ҳудудларнинг қисқаришига йўл қўймаслик ва пойтахт аҳолисининг манфаатларига риоя қилишни зарур деб ҳисоблайди.

