УН Ватч Бербок ва Гутерришдан узр сўрашни талаб қилди
БМТ Бош ассамблеяси раиси, Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ташкилотнинг ҳалок бўлган ходимларини хотирлаш маросими ортидан танқидга учради. УН Ватч ташкилотига кўра, маросимда номи ўқилганлар орасида УНРВА мактабининг собиқ директори ва ҲАМАС ҳарбий тузилмасида қўмондон бўлгани иддао қилинаётган Имад Ал-Самхури ҳам бўлган.

УН Ватч ташкилоти Бербок ва Гутерришдан узр сўрашни талаб қилди
УН Ватч нодавлат ташкилоти 8-июн куни бўлиб ўтган, 2025-йилда ҳалок бўлган БМТ ходимларини хотирлаш маросимида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг иштирокини танқид қилди. Ташкилот 14-август куни ушбу тадбирдан олинган кадрларни эълон қилди.
Дие Велт нашрининг хабар беришича, маросимда 2025-йилда вафот этган жами 136 нафар БМТ ходими ёдга олинган. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг 80 нафари Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (УНРВА) ходимлари бўлган. Маросимда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қатнашган бўлиб, у Бербок билан бирга ҳалок бўлган ходимлар хотирасига шам ёққан.
Можарога сабаб бўлган асосий омил маросимда Имад Ал-Самхурининг исмининг ўқилиши бўлди. У илгари Ғазо секторида ўқитувчи бўлиб ишлаган ва УНРВА мактабларидан бирига раҳбарлик қилган. УН Ватч маълумотларига кўра, Ал-Самхури айни пайтда ҲАМАСнинг ҳарбий тузилмасида қўмондон ҳам бўлган.
Ташкилот директори Ҳиллел Ноер очиқ мактуб орқали БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Анналена Бербокни узр сўрашга чақирди. Ноер БМТ маросимида ҲАМАСнинг ҳарбий қўмондони сифатида кўрсатилаётган шахснинг хотирлангани юзасидан изоҳ талаб қилди.
УН Ватч ўз даъволарини, жумладан, ҲАМАС томонидан Ал-Самхурига бағишлаб тарқатилган видеога асосламоқда. Ташкилотга кўра, ушбу видеода Ал-Самхури ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти – «Изз ад-Дин ал-Қассам бригадалари» таркибидаги баталонлардан бирининг дала қўмондони сифатида кўрсатилган. УН Ватч ижтимоий тармоқлардаги бошқа материалларга ҳам ишора қилиб, Ал-Самхури ҲАМАС вакиллари билан алоқада бўлгани ва террорчиликни улуғловчи қарашларни қўллаб-қувватлаганини иддао қилмоқда.
Бироқ, Дие Велт муҳим жиҳатга эътибор қаратган: УН Ватч очиқ мактубида ушбу даъволарнинг мустақил манбалар томонидан тасдиқланган далиллари келтирилмаган.
Ҳиллел Ноер УНРВАъни ўз мактабларида ҲАМАС билан боғлиқ тузилмалар фаолиятига қарши етарлича самарали чора кўрмаганликда ҳам айблаган. Унинг даъвосига кўра, Ал-Самхури ҲАМАС вакилларини мактабларга таклиф қилган ва ўқувчиларни ҳаракат билан боғлиқ ташкилотларга жалб этган.
УН Ватч шу муносабат билан Бербок Германия ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган даврда Берлиннинг УНРВАъга ажратган маблағларини ҳам танқид қилди. Ноернинг таъкидлашича, Германия ўша даврда агентликка бир неча юз миллион евро ажратган ва ҲАМАС аъзоларининг УНРВА тузилмаларига кириб бориши ҳақидаги огоҳлантиришларга етарлича жиддий ёндашмаган.
УНРВА фаолияти 2023-йил 7-октябрдаги ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин жиддий баҳсларга сабаб бўлган. Исроил 12 нафар УНРВА ходимини 7-октябр ҳужумига алоқадорликда айблаган. Кейинчалик бир қатор йирик донор давлатлар агентликни молиялаштиришни вақтинча тўхтатган. Улар орасида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония ва Австралия ҳам бўлган. Канада, Швеция ва Италия ҳам тўловларни бир муддат тўхтатиб, кейинчалик қайта тиклаган. 2024-йилда эса Исроил парламенти УНРВА фаолиятини мамлакат ҳудудида чеклашга қаратилган қарор қабул қилган.
Ҳозирги баҳс эса БМТнинг ҳалок бўлган ходимларни хотирлаш маросимида Ал-Самхурининг исми ўқилгани ва унинг ҲАМАСдаги эҳтимолий роли ҳақидаги даъволар атрофида юзага келган.

