Умра сафарини Ўзбекистондаги диний масканларга ташриф билан бирлаштириш: «Умра плюс » лойиҳаси қандай ишлайди?
Тошкентда «Умра плюс» халқаро туризм ассоциацияси ташкил этилди. Янги тузилманинг асосий мақсади Умра зиёратига бораётган хорижлик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш ва мамлакатнинг зиёрат туризми салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишдан иборат.

Умра сафарини Ўзбекистондаги диний масканларга ташриф билан уйғунлаштириш: «Умра плюс» лойиҳаси қандай амалга оширилади?
Ассоциациянинг расмий очилиш маросими 29-сентабр куни Тошкентдаги Азимут Гранд Ҳотел меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Тадбирда Туризм қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда дипломатик корпус аъзолари, туризм соҳаси мутахассислари ва халқаро ҳамкорлар иштирок этди.
Ассоциация фаолиятидаги асосий йўналишлардан бири Индонезия, Малайзия ва бошқа давлатлардан зиёратчиларни «Умра плюс» дастури орқали Ўзбекистонга жалб этишдан иборат. Бунда Умра сафари Ўзбекистондаги тарихий ва диний обидаларга ташриф билан бирлаштирилиши режалаштирилган.
Дастур доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухорони қамраб оладиган туристик йўналишлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Ҳукумат қарорида Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида 2026–2027-йилларда 100 минг нафар сайёҳни жалб этиш бўйича йўл харитаси тасдиқланган.
Шунингдек, дастур қатнащилари учун туристик хизматларни ривожлантириш, авиақатновларни йўлга қўйиш ва хорижий туроператорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган. Жумладан, Куала-Лумпурдан Самарқанд ёки Бухоро орқали Саудия Арабистонига боришни ўз ичига олган йўналишлар ҳам кўрсатилган.
Мазкур ташаббус амалиётда ҳам халқаро ҳамкорлик асосида ривожлантирилмоқда. Сентабр ойида Олмаотада «Умра плюс» халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиб, 2026-йил охиригача қарийб 10 минг нафар зиёратчини Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилгани маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Малайзия туристик ташкилотлари ўртасида ҳам «Умра плюс» дастури доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унда қўшма лойиҳалар, тажриба алмашиш ва зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.
«Умра плюс» дастурининг ўзи 2026-йил 9-январдаги Вазирлар Маҳкамасининг 6-сон қарори билан ривожлантирилмоқда. Қарорга мувофиқ, 2026-йил якунигача дастур асосида Малайзия ва Индонезиядан сайёҳ жалб қилувчи туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия берилиши белгиланган.
Янги ташкил этилган ассоциация эса шу йўналишдаги ишларни халқаро миқёсда мувофиқлаштириш, хорижий туристик бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистонни зиёрат туризмининг муҳим йўналишларидан бирига айлантиришни мақсад қилган.

