Умарали Раҳмоналиев гол урган баҳсда “Сабаҳ” йирик ҳисобда ғалаба қозониб ЙЧЛ гуруҳ босқичига йўл олди

Умарали Раҳмоналиев гол урган ўйинда "Сабаҳ" йирик ҳисобда ғалаба қозониб, ЙЧЛ гуруҳ босқичига йўл олди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси яримҳимоячиси Умарали Раҳмоналиевнинг Озарбайжоннинг "Сабаҳ" клуби сафида УЕФА Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига чиқиши расман тасдиқланди.
Саралаш плей-офф босқичининг жавоб учрашувида Озарбайжон клуби Исроилнинг "Апоел" жамоасини қўшимча бўлимларда 5:2 ҳисобида мағлуб этди.
Ўйиннинг 10-дақиқасида Игор Златанович "Апоел"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 38-дақиқада Кристиан Нвачукву ҳисобни тенглаштирди. 61-дақиқада Ги Мизраҳи меҳмонларнинг иккинчи голини киритди.
74-дақиқада Раҳмоналиев "Сабаҳ"нинг иккинчи голини уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. 90+4-дақиқада Теллур Муталлимов Озарбайжон жамоасининг 3-голини киритди ва икки учрашув натижасига кўра умумий ҳисобни тенглаштирди — 4:4.
Қўшимча бўлимларда "Сабаҳ" яна иккита гол урди. 101-дақиқада Орфе Мбина ҳисобни 4:2 кўринишига келтирган бўлса, 115-дақиқада Жой-Ланс Миккелс якуний натижани ўрнатди — 5:2.
"Апоел"нинг икки футболчиси — 100-дақиқада Жибрил Диоп, 116-дақиқада эса Элиел Перец қизил карточка олиб майдонни тарк этди.
Жамоаларнинг Исроилда ўтказилган дастлабки учрашувида "Сабаҳ" 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Шу тариқа, икки учрашув натижасига кўра озарбайжонликлар 6:4 ҳисобида ғалаба қозониб, Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига йўлланма олди.
"Сабаҳ" Озарбайжон тарихида Чемпионлар Лигаси саралашидан муваффақиятли ўтган иккинчи клуб бўлди. Бунгача "Қорабоғ" ҳам мусобақанинг асосий босқичида иштирок этган. Мазкур клуб 2017/18-йилги мавсумда турнирнинг гуруҳ босқичида, 2025/26-йилги мавсумда эса лига босқичида иштирок этган.
Бундан ташқари, "Сабаҳ" Озарбайжоннинг Еврокубоклар асосий босқичига чиққан тўртинчи клубига айланди. "Қорабоғ"дан ташқари, аввалроқ "Нефтчи" ва "Габала" ҳам Европа Лигасида иштирок этган.
Маълумот учун, ЙЧЛ умумий гуруҳ босқичига 27-август куни қуръа ташланади.

