Улуғбеклар юртида МрБеаст шов-шуви: ёшларимиз кимларга эргашяпти?
Самарқанд кўчаларидаги оломон, машҳур блогерни яқиндан кўришга интилаётган ёшлар... Дунёга машҳур блогернинг ташрифи нега минглаб

Улуғбеклар диёрида МрБеаст атрофидаги шов-шув: ёшларимиз кимларга эргашяпти?
Дунёга машҳур блогернинг ташрифи нега минглаб ёшларни кўчага олиб чиқди-ю, илм-фан ва тафаккур эгалари келганда бундай қизиқиш кузатилмаяпти? Самарқанддаги ҳолат фақат интернет юлдузига бўлган қизиқиш эмас, балки замонавий жамият қадриятлари, ёшлар тарбияси ва машҳурлик феномени ҳақида ҳам жиддий саволларни юзага чиқарди.
Самарқанд кўчаларидаги оломон, машҳур блогерни яқиндан кўришга ошиқаётган ёшлар ва ижтимоий тармоқларда тез ёйилган видеолар... 2026-йил 9-октябр куни Тошкентда бўлган МрБеаст — Жимми Доналдсон эртаси куни Самарқандга йўл олди. Унинг ташрифига оид лавҳалар интернетда кенг тарқалди.
Бир қарашда бу замонавий интернет маданиятининг одатий манзарасидек кўринади. Дунёда юз миллионлаб мухлисга эга инсон келади, уни кўришни истаганлар эса кўпаяди. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: тарихда илм-фан, маданият ва ислом сивилизацияси марказларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутган Самарқандда машҳур блогер атрофидаги бундай шов-шув нимани англатади?
Масала ёшларнинг бирор инсонга қизиқиш билдиришида эмас. Гап бу қизиқиш қандай шакл олаётгани, машҳурликни қандай қадрият билан ўлчаётганимиз ва ёшларимиз кимларнинг ҳаёт йўлини ўрнак деб қабул қилаётганидадир.
МрБеастни фақат камера олдида пул тарқатадиган, улкан совринлар ва ғаройиб челленжлар уюштирувчи блогер сифатида тасаввур қилиш унинг фаолиятини тўлиқ англамаслик бўлади.
Жимми Доналдсон интернетдаги энг йирик шахсий брендлардан бирини яратди. Унинг фаолияти ЁуТубе видеолари билангина чекланмайди: Феастаблес шоколад маҳсулотлари, реклама шартномалари, тижорий лойиҳалар, хайрия ташаббуслари ва Амазон Приме Видео платформасидаги «Беаст Гамес» реалити-шоуси ҳам унинг бизнес империясининг бир қисмидир.
2025 йил феврал ойида «Тҳе Диарй оф а СЕО» подкастига берган интервюсида Доналдсон қоғозда миллиардер эканини, аммо шахсий банк ҳисобидаги маблағи бир миллион доллардан камлигини айтган. У даромадининг катта қисмини бизнесини ривожлантириш ва янги лойиҳаларга қайта сарфлашини тушунтирган.
Бу рақамнинг ўзи муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: оммавий ахборот воситалари тилга оладиган бойлик ҳар доим ҳам инсоннинг банкдаги нақд пулини англатмайди. Компания улушлари ва бизнес активларининг баҳоси билан шахсий ҳисобдаги маблағ бир хил тушунча эмас.
МрБеаст муваффақиятини фақат тарқатилган пуллар билан изоҳлаш ҳам нотўғри. У аудитория эътиборини ўрганиш, видеонинг ғоясини ишлаб чиқиш, томошабинни биринчи сонияларданоқ жалб этиш, катта ишлаб чиқариш жамоасини бошқариш ва контентни тижорий маҳсулотга айлантиришда катта тажриба тўплаган. Демак, унинг муваффақияти ортида фақат пул эмас, балки стратегия, маркетинг, технология, таваккалчилик ва меҳнат ҳам бор.
Аммо айнан шу ерда бошқа савол туғилади: биз ёшларимизга унинг қайси жиҳатини ўрнак қилиб кўрсатяпмиз — бизнес қуриш маҳоратиними ёки камера олдида пул сочиш орқали машҳур бўлиш имкониятиними?
МрБеастнинг оммавий қиёфаси билан унинг компаниялари атрофидаги баҳслар ўртасида ҳам фарқ бор. Жумладан, 2024 йил сентябр ойида «Беаст Гамес» реалити-шоусининг бир гуруҳ иштирокчилари МрБеаст билан боғлиқ ишлаб чиқариш компаниялари ва Амазонга қарши суд даъвоси киритди. Унда иштирокчилар суратга олиш жараёнида меҳнат шартлари, овқатланиш, дам олиш, тиббий ёрдам ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар бўлганини билдиришган. Аёл иштирокчиларга нисбатан ноўрин муносабат ва жинсий тазьиққа оид айбловлар ҳам келтирилган.
Бундан ташқари, МрБеастнинг собиқ ходимлари унинг иш услуби ва компаниядаги муҳит ҳақида салбий фикрлар билдирган. Тҳе Нев Ёрк Тимес ва бошқа нашрларда ёритилган айрим собиқ ходимлар баёнотларида иш жараёнида ҳақоратли муносабат ва юқори босим бўлгани айтилган. Доналдсон эса компаниясидаги талабчанликни заҳарли иш муҳити билан тенглаштиришга қарши чиққан.
Бу воқеалардан қандай хулоса чиқариш мумкин? Машҳур инсоннинг камера олдидаги самимий кўриниши унинг иш фаолиятидаги барча масалаларни баҳолаш учун етарли эмас. Муҳими, инсоннинг оммавий образи билан реал фаолиятини далиллар асосида фарқлаш, муваффақиятни фақат пул ва обуначилар сони билан ўлчамасликдир.
Самарқандда МрБеастни кўриш учун кўплаб мухлисларнинг тўпланиши ўз-ўзидан жиноят ёки маънавий таназзул белгиси эмас. Машҳур инсонга қизиқиш, у билан суратга тушиш истаги ёки ижтимоий тармоқлардаги қаҳрамонни ҳаётда кўришга интилиш замонавий оммавий маданиятнинг бир қисми.
Бироқ, қизиқиш тартибсизликка, бошқаларнинг хавфсизлигига таҳдид солишга ёки жамоат жойидаги одоб қоидаларини унутишга олиб келса, буни оддий мухлислик билан оқлаб бўлмайди.
Самарқанд асрлар давомида илм-фан, савдо, меъморчилик ва маданият туташган маскан бўлиб келган. Унинг номи Мирзо Улуғбекнинг астрономик тадқиқотлари, Алишер Навоийнинг маънавий мероси, ислом илмларининг ривожи ва буюк тамаддунлар тарихи билан боғлиқ.
Албатта, бугунги ёшлардан тарихий шахсларнинг номини тилга олиб, замонавий маданиятдан воз кечишни талаб қилиб бўлмайди. Миллий ғурур дегани ҳам фақат ўтмиш билан фахрланиш эмас. У бугунги хатти-ҳаракатимиз билан ҳам ўша меросга муносиб бўлишдир.
Шу боис Самарқанддаги воқеани «ёшларимиз бузилиб кетди» деган осон хулоса билан якунлаш ҳам тўғри эмас. Бу манзара бизни бошқа саволлар устида ўйлашга ундайди: ёшлар нега айнан шу қаҳрамонларга қизиқяпти? Улар машҳурликнинг қайси жиҳатини кўряпти? Оила, мактаб, жамият ва оммавий ахборот воситалари уларнинг қизиқишларини мазмунли йўналтириш учун нима қиляпти?
Бугунги рақамли муҳитда диққат энг қиммат ресурслардан бири. Ижтимоий тармоқлар одатда инсоннинг диққатини тез жалб қиладиган, ҳиссиёт уйғотадиган ва осон истеъмол қилинадиган контентни кенг тарқатиш имконини беради. Катта пул, ғаройиб синов, кутилмаган натижа ва кучли эмоция — буларнинг барчаси томошабинни видеони охиригача кўришга ундаши мумкин.
МрБеаст бу механизмдан фойдаланишни жуда яхши билади. Унинг видеоларидаги совринлар, мусобақалар ва кутилмаган воқеалар шунчаки тасодиф эмас, балки аудитория эътиборини жалб қилишга қаратилган контент стратегиясининг бир қисмидир.
Шу маънода, унинг муваффақиятини ўрганишнинг ўзи ҳам фойдали. Ёшлар рақамли маркетинг, ссенарий ёзиш, видеомонтаж, бренд қуриш, жамоа бошқариш ва тадбиркорлик ҳақида кўп нарсани ўрганиши мумкин.
Ёшларга фақат кимни ҳурмат қилишни айтиш эмас, балки нима учун ҳурмат қилиш кераклигини ҳам тушунтириш зарур. Бугунги дунё сунъий интеллект, биотехнология, тиббиёт, энергетика ва космик тадқиқотлар орқали ўзгармоқда. Бу соҳалардаги мутахассислар инсониятнинг эртанги кунини белгилаётган шахслардир.
Ёшларимиз НАСА, Гоогле, Мисрософт ва бошқа халқаро ташкилотларда ишлаётган олимлар, муҳандислар ҳамда тадқиқотчиларнинг фаолияти билан танишиши, уларнинг билим олиш йўли, меҳнат интизоми ва касбий тажрибасини ўрганиши керак.
Халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар, жаҳон саҳналарида танилаётган санъаткорлар, адабиёт, кино ва мусиқа соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорлар ҳам ёшлар учун муҳим намуна бўла олади.
Уларнинг фаолияти ортидаги йиллар давомидаги машғулот, интизом, мағлубиятдан кейин қайта туриш ва ўз устида ишлаш жараёнини кўрсатиш лозим. Чунки ёшлар кўпинча ғалабани кўради, аммо унга олиб келган машаққатни кўрмайди.
Шифокорлар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, қутқарувчилар, муҳандислар ва оддий меҳнати билан бошқалар ҳаётини енгиллаштираётган инсонлар ҳам қаҳрамонликнинг замонавий намунасидир. Ҳар бир қаҳрамоннинг миллионлаб обуначиси бўлиши шарт эмас. Баъзан бир инсоннинг виждон билан бажарган иши минглаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин.
Мамлакатимизда халқаро инвестиция форумлари, илмий анжуманлар, медиа тадбирлар ва технологик кўргазмалар ўтказилади. Улар доирасида халқаро бизнес вакиллари, олимлар, муҳандислар, журналистлар ва турли соҳалар экспертлари билан мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлади.
Бироқ бундай ташрифларнинг ёшлар учун ҳақиқий қиймати фақат тадбир ўтказилгани ёки меҳмоннинг нуфузли лавозимга эга экани билан белгиланмайди. Муҳими, уларнинг тажрибаси ёшларга қай даражада етказилиши, очиқ мулоқотлар ва маҳорат дарслари ташкил этилиши, ёшлар ўз саволларига жавоб олиши мумкинлигидир.
Нега машҳур блогер келганда унинг атрофида катта оломон тўпланади-ю, олим ёки муҳандис ташриф буюрганда бундай қизиқиш кўпинча кузатилмайди? Бунинг жавобини фақат ёшлардан излаш нотўғри. Қайси меҳмоннинг ташрифи ҳақида кўпроқ хабар берилади? Қайси тадбирлар ёшлар учун очиқ? Олимнинг мураккаб кашфиёти қандай содда тилда тушунтирилади? Тадбирлар материаллари ижтимоий тармоқларда қай даражада тарқатилади?
Агар илм-фан ҳақидаги маълумотлар зерикарли маърузалар билан чекланса, кўнгилочар контент эса доимий равишда ҳиссиёт ва шов-шув билан тақдим этилса, аудитория эътибори қайси томонга оғишини тахмин қилиш қийин эмас. Шунинг учун медиа, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ёшлар учун билимни ҳам қизиқарли, таъсирчан ва замонавий форматда етказиш йўлларини излаши зарур.
Ёшларимизга олимни ҳам қаҳрамон сифатида кўрсатиш, ихтиронинг ортидаги инсон тақдирини ҳикоя қилиш, тадбиркорнинг муваффақияти билан бирга унинг муаммоларни қандай ҳал қилганини тушунтириш мумкин. Зеро, илм-фанга қизиқиш туғма хусусият эмас, уни ҳам шакллантириш мумкин.
Самарқанддаги воқеадан келиб чиқиб, хорижий блогерларга қизиқишни миллий қадриятларга қарши қўйиш ҳам тўғри эмас. Замонавий дунёда очиқлик, бошқа маданиятлар билан танишиш ва халқаро мулоқот муҳим аҳамиятга эга.
Аммо бирор воқеага, шахсга, ҳатто мамлакатга ижтимоий тармоқлардаги видеолар орқали баҳо берилаётган замонда биз ҳатто кўришга уялаётган тасвирлар хорижликларда ўзбеклар, бизнинг ёшларга нисбатан қандай тасаввур уйғотади?
Умрида Ҳиндистонга бормаган киши ҳам Ҳиндистон кўчалари ва аҳолиси ҳақида маълум тасаввурга эга. МрБеаст Ўзбекистонга келишидан аввал сентябр ойининг охирларида Ҳиндистонда бўлди. Аммо ижтимоий тармоқларда икки давлатдаги кутиб олиш жараёнлари солиштирилганда, Ўзбекистондаги вазият анча оғир ва кескин бўлгани қайд этилди. Ҳиндистондаги сафар анча тартибли ва тизимли ташкил этилган бўлиб, у ерда панжараларни бузиб ўтиш ёки оломон ичида болалар босилиб қолиш хавфи каби ҳолатлар кузатилмади.
Ўзбекистон эса МрБеаст учун энг оғир манзилга айланди. Блогернинг ўзи ҳам интернетда тарқалган видеоларда Ўзбекистондаги мухлислар каби жўшқин ва ҳаддан ташқари кўп сонли оломонни деярли ҳеч қаерда кўрмаганини тан олди. Самарқанддаги Регистон майдонида эса одамлар хавфсизлик тўсиқларини бузиб юборгани, ўсмирлар машиналар ортидан югургани ва турткилашлар сабабли болалар йиқилиб, жароҳат олиш хавфи юзага келгани боис у съёмкаларни тўхтатиб, шаҳарни тезда тарк этишга мажбур бўлди.
МрБеастнинг ташрифига қизиққан ёшларнинг барчасини илм-фанга бефарқ ёки миллий тарихни билмайдиган инсонлар сифатида баҳолашга асос йўқ. Бир инсон бир вақтнинг ўзида ҳам блогерни кузатиши, ҳам китоб ўқиши, ҳам спорт билан шуғулланиши, ҳам илм ўрганиши мумкин.
Миллий ғурур — хорижий меҳмонни рад этиш ёки унинг машҳурлигини инкор қилиш дегани эмас. Миллий ғурур — ўз тарихини билиш, жамоат жойида ўзини муносиб тутиш, бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва ўз юртини муносиб намоён эта олишдир.
Самарқандга келган ҳар қандай меҳмонни маданият билан кутиб олиш мумкин, бунинг учун оломон бўлиб югуриш, хавфсизликни унутиш ёки бошқаларга халақит бериш шарт эмас. Буюк шаҳарнинг шаъни фақат унинг тарихий обидалари билан эмас, балки бугунги аҳолисининг маданияти билан ҳам намоён бўлади.
МрБеастнинг Ўзбекистонга ташрифи бир неча кунлик интернет шов-шуви бўлиб қолиши мумкин. Аммо бу воқеадан чиқариладиган сабоқ анча узоққа бориши керак. Биз ёшларимизга фақат ким машҳур эканини эмас, нима учун машҳур эканини тушунтиришимиз лозим. Уларнинг эътиборини фақат ким қанча пул тарқатаётганига эмас, балки ким янги билим яратаётгани, ким инсонлар ҳаётини яхшилаётгани, ким жамиятга фойда келтираётганига ҳам қаратиш зарур.
Бунда МрБеастни ёмонлаш ёки унинг мухлисларини айблаш ечим эмас. Ечим ёшларга танлаш имкониятини кенгайтириш, илм-фан ва меҳнат соҳибларини оммага яқинлаштириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни замонавий тилда тушунтиришдир.
Куни кеча Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган ФИРСТ Глобал Чалленге 2026 халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Ҳамюртларимиз мусобақа давомида ўтказилган 16 та ўйиннинг бирортасида ҳам мағлубиятга учрамай, 100 фоизлик натижа қайд этди. Якунда эса учта олтин медалга сазовор бўлиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Самарқандда машҳур блогер атрофида тўпланган оломон ҳақидаги муҳокамалардан сўнг Инчхондаги бу ғалаба янада чуқур маъно касб этади. Бир томонда миллионлаб одамларнинг эътиборини тортадиган интернет юлдузлари, иккинчи томонда эса ўз ақли, билими ва маҳорати билан Ўзбекистон байроғини дунёга танитаётган ёшларимиз бор.
Албатта, бу икки ҳолатни бир-бирига мутлақо зид қўйиш шарт эмас. Аммо улар бизга муҳим бир ҳақиқатни эслатади: ёшларимизнинг эътиборини фақат машҳурликка эмас, балки билим, кашфиёт ва ҳақиқий ютуқларга ҳам қаратишни ўрганишимиз керак.
Ахир, бугун робот ясаётган, мураккаб муҳандислик масалаларини ҳал қилаётган, халқаро майдонда рақибларини ортда қолдираётган ўзбек ёшлари орасида эртага жаҳон илм-фанини ўзгартирадиган ихтирочилар, муҳандислар ва технологик стартаплар асосчилари етишиб чиқиши мумкин.
Шундай экан, ёшларимизга кимни намуна қилиб кўрсатишимиз ҳақида гап кетганда, жаҳон чемпионларимиз, олимларимиз, муҳандисларимиз ва ихтирочиларимизнинг ютуқларини ҳам кенг тарғиб қилишимиз лозим. Зеро, блогерни кўриш учун минглаб одамлар тўпланиши мумкин. Аммо мамлакатнинг ҳақиқий келажагини билим олаётган, робот ясаётган, янги технологиялар яратаётган ва ўз меҳнати билан дунёга танилаётган ёшлар белгилайди.
Энг муҳими, ёшларимиз машҳур инсонларнинг ортидан эргашиш билан чекланмай, ўзлари ҳам бутун дунё ҳавас қиладиган ютуқлар эгаси бўлишга интилишсин. Инчхондаги ғалаба эса бунинг шунчаки орзу эмас, балки ҳақиқий имконият эканини исботлади.

