Дунё

“Уларга бу ерда жой йўқ”: Нетаняху “НАЗА” филми режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилмоқчи

“Уларга бу ерда жой йўқ”: Нетаняху “НАЗА” филми режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилмоқчи

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат армиясининг Ғазодаги жанговар усулларини танқид қилган “НАЗА” ҳужжатли филми муаллифларини фуқароликдан маҳрум қилишини айтди. У Исроил давлати ва армияси обрўсига путур етказганлик учун тез орада жиноий иш очилишини ҳам таъкидлади. Бу ҳақда Нетаняху 16-сентябр кунги мурожаатида маълум қилди.

Сиёсатчи Исроил мудофаа кучлари (САХАЛ) аскарларига туҳмат қилганларга нисбатан оғир молиявий чоралар кўришга ваъда берди. Нетаняху кўриб чиқиш учун иккита қонун лойиҳасини тақдим этишини билдирди. Улардан биринчиси фуқароликдан маҳрум этишни назарда тутади, иккинчиси эса туҳматда айбланган шахслардан суд қарори асосида ундириладиган компенсация миқдорини оширади. Видеомурожаатда Нетаняху “НАЗА” режиссёрлари Ювал Абраҳам ва Раҳел Шорни бевосита тилга олди.

“Уларга бу ерда ўрин йўқ”, деди Исроил бош вазири. У мазкур икки қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланишини кутаётганини айтди.

Исроил маданият вазири Мики Зоҳар ҳам ҳали прокатга чиқмаган, бироқ дунёда кенг муҳокама қилинаётган “НАЗА” режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилишни талаб қилганди.

“Дунё бўйлаб антисемитларнинг олқишларига эришиш учун ўз мамлакатига зарар етказишга тайёр бўлган бу режиссёрларнинг ўз-ўзига бўлган нафратини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу давлатга нисбатан хиёнатдир”, деб ёзди Зоҳар 13-сентябр куни Х платформасида.

У ҳар икки режиссёрнинг Исроил фуқаролигини хиёнат учун бекор қилиш бўйича зудлик билан чора кўришини айтди.

Абраҳам ва Шорнинг “НАЗА” ҳужжатли филми 12-сентябр куни 83-Венеция халқаро кинофестивалида ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотини қўлга киритди. Премьера вақтида филм 25 дақиқа давомида тик туриб олқишланди. Филм Европа Иттифоқи ва АҚШда террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати томонидан 2023-йил 7-октябрда Исроилга қилинган йирик ҳужум билан бошланади.

Филмда Исроил ҳарбийларининг уруш олиб бориш усуллари танқид қилинади. Абраҳам Исроил разведкасининг 24 нафар офицеридан интервю олган. Уларнинг овозлари рақамли равишда ўзгартирилган, юзлари эса яширилган. Улар Ғазода нишонлар қандай танланиши ва тинч аҳоли орасидаги талофат қандай ҳисобланиши ҳақида гапирган. САХАЛ филмдаги айбловларни рад этган. Армия филм шахсларнинг аноним баёнотларига асослангани учун уни танқид қилган.

Исроил томонига кўра, ҲАМАСнинг 2023-йил 7-октябр куни Исроилга қилган ҳужумларида 1200 га яқин одам ҳалок бўлган. 250 га яқин одам гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган. Гаровга олинганларнинг бир қисми кейинчалик асирлар алмашинувига тушган ёки озод қилинган.

Исроил бунга жавобан ҲАМАСга уруш эълон қилган. Ғазо секторидаги қуруқликдаги операция ва бомбардимонлар давомида 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 174 мингдан ортиқ киши яраланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.