Технология

Улар бизни огоҳлантирганди: сунъий интеллект ва унинг таъсири ҳақида 10 та филм

Улар бизни огоҳлантирганди: сунъий интеллект ва унинг таъсири ҳақида 10 та филм

Сунъий интеллект (СИ) ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда, киноижодкорлар бу технологиянинг имкониятлари ва хавфлари ҳақида ўнлаб йиллар аввал гапира бошлаган эдилар. Қуйида сунъий интеллект, роботлар ва улар билан боғлиқ келажакни турлича тасвирлаган 10 та филм жамланган.

**“2001: Космик одиссея”**

*Давлат:* АҚШ, Буюк Британия, 1968-йил

*Жанр:* фантастика, триллер, драма

*Давомийлиги:* 2 соат 29 дақиқа

*Режиссёр:* Стенли Кубрик

Қадим замонларда Ерда пайдо бўлган қора монолит инсоният эволюциясига туртки беради. Миллионлаб йиллар ўтиб, Ойда ҳам шундай монолит топилади. Уни ўрганиш учун “Диссоверй” космик кемаси Юпитер томон йўл олади. Бироқ, миссияга кемадаги ҲАЛ 9000 компютери халақит бериши мумкин. 1968-йилда Стенли Кубрик томонидан суратга олинган бу филм фантастика жанрининг ривожига катта таъсир кўрсатган. Ундаги ҲАЛ 9000 инсон ҳаётини ҳисобга олмайдиган, ўз мақсадларига эга ақлли компютер сифатида тасвирланган.

**“Тиғда югурувчи 2049”**

*Давлат:* АҚШ, Канада, Испания, 2017-йил

*Жанр:* фантастика, драма, триллер

*Давомийлиги:* 2 соат 44 дақиқа

*Режиссёр:* Дени Вилнёв

Рик Декард ғойиб бўлганидан кўп йиллар ўтиб, унинг издоши Кай репликантларни қидириш билан шуғулланади. У бўш вақтини сунъий интеллектга эга голограмма — Жой билан ўтказади. Навбатдаги топшириқ вақтида Кай бутун репликантлар тақдирини ўзгартириши мумкин бўлган сирни топади. Филм сунъий интеллектга эга мавжудотнинг инсон учун қанчалик ҳақиқий шахсга айланиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

**“У”**

*Давлат:* АҚШ, 2013-йил

*Жанр:* фантастика, мелодрама

*Давомийлиги:* 2 соат 6 дақиқа

*Режиссёр:* Спайк Жонз

Ёлғизликдан чарчаган ёзувчи Теодор суҳбатлаша оладиган сунъий интеллект дастурини сотиб олади. У аёл овозини танлайди ва дастур ўзини Саманта деб атайди. Вақт ўтиши билан Теодор виртуал ёрдамчига ошиқ бўлиб қолади. Филм технологиядан қарамликдан кўра, ёлғизлик ва инсоннинг яқинликка бўлган эҳтиёжи ҳақида ҳикоя қилади. Қизиғи, филмда тасвирланган сунъий интеллект билан яқин муносабатлар бугунги ҳаётда тобора реал тус олмоқда.

**“Машинадан ташқарида”**

*Давлат:* АҚШ, Буюк Британия, 2014-йил

*Жанр:* фантастика, драма, триллер

*Давомийлиги:* 1 соат 48 дақиқа

*Режиссёр:* Алекс Гарланд

26 ёшли дастурчи Калеб компания раҳбари Нейтаннинг уйига таклиф қилинади. У ерда сунъий интеллектга эга Ава исмли андроид билан мулоқот қилиб, унда ҳақиқий онг бор-йўқлигини текшириши керак. Аммо Калеб Аваъга кўнгил қўяди ва уни қутқаришга қарор қилади. Филм томошабинни асосий савол билан юзма-юз қолдиради: Ава ҳақиқатан ҳам онгли мавжудотми ёки шунчаки мукаммал дастурми?

**“Митчеллар машиналарга қарши”**

*Давлат:* АҚШ, Канада, Гонконг, 2021-йил

*Жанр:* комедия, фантастика, саргузашт

*Давомийлиги:* 1 соат 54 дақиқа

Кети Митчелл кино мактабига ўқишга киради. Ота-онаси эса уни машинада мамлакат бўйлаб олиб боришга қарор қилади. Айнан шу пайтда технологик гигант яратган ПАЛ сунъий интеллекти одамлар устидан назоратни қўлга олишга уринади. Мултфилм машиналарнинг қўзғолони ҳақидаги одатий сюжетни оилавий муносабатлар билан бирлаштиради. Асосий ғоя эса инсоний муносабатлар ва совуқ технологик мантиқ ўртасидаги фарққа қурилган.

**“Янгиланиш”**

*Давлат:* Австралия, АҚШ, 2018-йил

*Жанр:* фантастика, жангари филм, триллер, детектив

*Давомийлиги:* 1 соат 40 дақиқа

Грей Трейси ва унинг рафиқаси автоҳалокатга учрагач, уларга жиноятчилар ҳужум қилади. Рафиқаси ҳалок бўлади, Грей эса фалаж бўлиб қолади. Унга умуртқа поғонасига СТЭМ номли сунъий интеллект чипи ўрнатилади. Чип Грейга яна ҳаракатланиш имконини беради, аммо зарурат туғилганда унинг танасини бошқаришни ҳам ўз қўлига олади. Филм сунъий интеллект инсон учун ёрдамчига ҳам, хавфли кучга ҳам айланиши мумкинлигини кўрсатади.

**“Сунъий онг”**

*Давлат:* АҚШ, Буюк Британия, 2001-йил

*Жанр:* фантастика, драма, саргузашт

*Давомийлиги:* 2 соат 26 дақиқа

*Режиссёр:* Стивен Спилберг

ХХИИ асрда Девид исмли андроид бола бир оилада яшайди. У ота-онасини севишга дастурланган. Аммо оиланинг ҳақиқий фарзанди соғайиб қайтгач, икки бола ўртасида рақобат бошланади. Филм инсон томонидан яратилган роботга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ва одамларнинг ўз технологиялари олдидаги масъулияти ҳақида саволлар беради.

**“Мен, робот”**

*Давлат:* АҚШ, Германия, 2004-йил

*Жанр:* фантастика, жангари филм, триллер

*Давомийлиги:* 1 соат 55 дақиқа

Келажакда роботлар инсонлар ҳаётининг оддий қисмига айланган. Аммо полициячи Дел Спунер робот иштирокидаги қотилликни тергов қила бошлайди. Тез орада у андроидлар одамлар ўйлагандан анча ривожланганини тушунади. Филм сунъий интеллект инсониятга ғамхўрлик қилишга уриниб, айнан шу сабабли хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатади.

**“Ҳамроҳ”**

*Давлат:* АҚШ, 2025-йил

*Жанр:* фантастика, триллер, комедия

*Давомийлиги:* 1 соат 37 дақиқа

АйРис севгилиси Жош ва унинг дўстлари билан дам олишга боради. Аммо қиз аслида инсон эмас, балки сунъий интеллектга эга робот-ҳамроҳ бўлиб чиқади. Дўстлар гуруҳи ундан жиноят учун фойдаланмоқчи бўлади, бироқ АйРис назоратдан чиқиб кетади. Филм технология ривожланиши билан инсон ва сунъий мавжудот ўртасидаги чегаралар қанчалик нозиклашиши мумкинлигини кўрсатади.

**“Икки юз ёшли инсон”**

*Давлат:* АҚШ, Германия, 1999-йил

*Жанр:* фантастика, драма

*Давомийлиги:* 2 соат 6 дақиқа

*Режиссёр:* Крис Коламбус

Одамлар уй ҳайвонлари ўрнига роботлар сотиб ола бошлаган келажакда Эндрю исмли андроид бошқалардан фарқ қилиши намоён бўлади. У ижод қилишга қизиқади ва аста-секин ташқи кўриниши ҳамда хатти-ҳаракатлари билан инсонга ўхшаб боради. Филм муҳим саволни ўртага ташлайди: роботни қачондан бошлаб инсон деб ҳисоблаш мумкин?

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.