Украинага оммавий ҳужум: электр чекловлари жорий этилмоқда
Россия қўшинлари 30-сентабр оқшомида Украинанинг бир қатор ҳудудларига оммавий ҳужум қилди. Киевда тураржой ва омборлар, Одессада бизнес-марказ шикастланган, Сумида камида олти киши жабрланган. Энергетика обьектларига зарбалар ортидан айрим ҳудудларда 1-октабрдан электр истеъмолига чекловлар белгиланган.

Украинага кенг кўламли ҳужум: электр чекловлари кучга кирмоқда
ДВ нашри маҳаллий расмийлар, фавқулодда вазиятлар хизмати ва ОАВга таянган ҳолда хабар беришича, Киевнинг Оболон туманида дрон омборхоналарга келиб урилган. Голосеево туманида эса учувчисиз аппарат бўлаклари йўл яқинидаги очиқ майдонга тушиб, дарахтларнинг ёнишига сабаб бўлган.
Ахборот агентликлари маълумотига кўра, Соломенка туманида Россия дрони кўп қаватли тураржой биносига урилган. Энг катта зарар бинонинг биринчи қаватидаги кафега етган. Портлаш тўлқини ва парчалар атрофдаги бошқа муассасалар, хонадонлар деразалари ҳамда тўхтаб турган автомобилларга ҳам зарар етказган.
Одессада дрон бизнес-марказга урилгани билдирилган.
Киев вилоятининг беш туманида ҳам ҳужум оқибатлари қайд этилган. Бориспол туманида бир аёл жароҳатланган. Буча, Обухов, Фастов ва Белая Серков туманларида тураржойлар ҳамда автомобиллар шикастланган. Белая Серков туманида таълим муассасаси биноси ҳам зарар кўрган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Суми вилояти бошқармасига кўра, Россия қўшинлари Суми шаҳрига бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берган. Дастлабки маълумотларда олти киши жабрлангани айтилган. Хусусий ва кўп қаватли уйлар шикастланган, бинолардан бирининг томида ёнғин чиққан.
«Укренерго» миллий энергетика компанияси энергетика обьектларига ҳужумлар сабаб тизимда мураккаб вазият юзага келганини маълум қилган. Шу боис 1-октабр куни Украинанинг айрим ҳудудларида электр истеъмоли чекланади.
Саноат ва бизнес учун қувватдан фойдаланиш чекловлари маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 21:00 гача амал қилади. Барча тоифадаги истеъмолчилар учун эса соатбай электр узиш жадваллари 08:00–11:00 ва 16:00–21:00 оралиғида қўлланади.
Киев ва яна уч вилоятда шошилинч электр узиш чоралари 30-сентабрнинг ўзидаёқ жорий этилган.

