Лайфстайл

Украинада ошпазлик қилган, биринчи турмуши ўхшамаган, 43 ёшида ота бўлган Умид Искандаров: у нега филмларда суратга тушмаяпти?

Украинада ошпазлик қилган, биринчи турмуши муваффақияциз кечган, 43 ёшида ота бўлган Умид Искандаров: нега у филмларда кўринмаяпти?

“Фарҳод ва Ширин”, “Зарб” ва “Ҳамроҳ” филмларидаги, шунингдек кўплаб клиплардаги роллари билан томошабинларга яхши таниш актёр Умид Искандаров 24-сентябр куни 46 ёшга тўлди. Ўзбек киноси энг гуллаган паллада ижод қилган, ҳозир эса санъат майдонида анча сокинлашган актёрнинг ҳаёти ва ижод йўлига бир назар ташлаймиз.

### “Участкавойнинг рўйхатида турганман”

Умид Искандаров ижодкорлар оиласида туғилган. Унинг отаси ҳам ўз даврининг машҳур ижодкорларидан бири бўлиб, узоқ йиллар Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаган.

— Отам Қурбонали Маҳсудхонзода ўз даврининг машҳур радиобошловчиси бўлган. У 40 йил Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритган. Овози жуда гўзал бўлган. Ахборотларни шу қадар чиройли ўқирдики, томошабинни мафтун этоларди. Оилада уч ўғил бўлганимиз учун уй ишларида онамга ёрдамлашардик. Отам ўқишимизни назорат қиларди, онам эса уй ишларини ўргатарди. Ҳатто кийим дазмоллашнинг ҳам сир-асрорларини ўргатган. Болалигимда ниҳоятда шўх ва ўйинқароқ бола бўлганман. Ҳатто “участкавой” рўйхатида турганман. Тарбиям ёмон томонга ўзгарганидан кейин отам рус мактаби бунга акс таъсир этяпти деб ўзбек мактабида таҳсил олишимни истаган, дейди Умид Искандаров.

### “Отамнинг бошқа оиласи бўлган”

Актёр болалигида онасига қийин бўлгани, бироқ бунинг учун отасидан ранжимаганини ҳам айтиб ўтди.

Улар ўртасида қандай муаммо бўлгани менга қоронғи. Отам онам билан ажрашгач, бошқа оила қурган. У оиласидан иккита қиз фарзанди бор. Онам уч ўғил билан қолган, ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлган. Аммо отам ҳеч қачон ўғилларига бееътибор бўлмаган. Сингилларимни тан оламан ва уларни яхши кўраман. Отам асли туркистонлик, онам эса самарқандлик бўлган. Болалигимизда отамнинг қариндошларини кўриш учун Қозоғистонга тез-тез бориб турардик. Шу боис отам биздан айро яшаганини ҳеч қачон ҳис қилмаганман. Ҳаётимда отам ҳам, онам ҳам мен учун қадрли, дейди актёр.

### “Украинада бош ошпаз бўлганман”

Одатда актёрлар болаликдан санъатга ошно бўлишади. Аммо Умид Искандаровда бундай қизиқиш бўлмаган. У актёр бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган.

— Болаликда кўча ҳаётига қизиқадиган бола бўлганим учун отам ҳунар ўрганишимни ҳам истаган. Мактабни тамомлагач, ошпазга шогирд тушиб, соҳа сир-асрорларини ўрганганман. Танишларимнинг маслаҳати билан Украинага ишлашга борганман. Рус тилини билганим учун ишга мослашиб кетишим қийин кечмаган. Олти йил деганда ресторанда бош ошпаз мавқейига ҳам эришганман. Аммо мусофирчиликда яшаш қанчалик қийин эканлигини яхши биламан. Бир куни кинокастинг ҳақида эшитиб қолганман ва шунчаки унда иштирок этиб кўрганман. Энг қизиғи, ролга тасдиқланганман. Аммо қандайдир сабабларга кўра филмда суратга тушолмай, 25 ёшимда Ўзбекистонга қайтиб келганман, дейди актёр Умид Искандаров.

### “25 ёшимда институтга кирганман”

Умид Искандаров тенгқурларига қараганда кино оламига анча кеч кириб келган. Бироқ хушбичим йигитнинг маҳорати режиссёрларга маъқул тушиб, уни бош ролларга таклиф қилишган.

— 25 ёшимда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Телевидение ва радио режиссёрлиги факултетига қабул қилинганман. Учинчи курсдан бошлаб филмларга таклиф қилишган. 2008-йили “Қасд” номли филмда суратга тушганман. Аммо у филм негадир намойиш этилмаган. Ҳатто интернет тармоқларида ҳам йўқ, дейди актёр.

### “Ажрашишимнинг асосий сабаби — фарзандсизлик”

Умид Искандаров 2009-йилдан 2015-йилгача сермаҳсул ижод қилган. Унинг нафақат кинодаги, балки клиплардаги иштироки ҳам томошабинларга манзур бўлган. Ижоди гуллаган даврда — 2009-йилда таниқли грим устаси Рената билан турмуш қурган. Бир-бирини яхши тушунадиган жуфтликка ҳамма ҳавас қиларди. Афсуски, 2015-йилда улар ажрашганини маълум қилишди.

— Турмуш қурганидан кейин эркак ҳам, аёл ҳам ота-она бўлишни истайди. Рената ҳам буни орзу қиларди. Фарзандли бўлсак, ҳамма ишимни ташлаб, у билан овора бўламан, кўп фарзандимиз бўлади, дерди. Бўлмади. Биз жуда кўп ҳаракат қилдик. Бормаган жойимиз қолмади. Охири борган жойимизда ҳамма гапни юзимизга айтишди. Иккаланг ҳам соппа-соғсан, шунчаки бир-бирингга тўғри келмайсизлар. Сиз бошқага уйланиб, аёлингиз бошқага турмушга чиқса, фарзандли бўласизлар, дейишди. ЭКУ қилгим келмади, мен бу нарсани тўғри деб билмадим.

Орада болалар уйидан бола асраб олишни ҳам режалаштирдик. Шу пайтда отам таҳлил натижаларини билдилар ва меҳрибонлик уйидан оладиган боланинг ота-онаси, насл-насабини билмайсан. Келинга кет демаймиз, рози бўлса, сени яна битта хотинга уйлантириб қўйсин, дедилар. Лекин қайси аёл эрига иккинчи хотин олиб беришга рози бўлади, дейди актёр.

### “Кута олганларга сабр тилайман, аммо бир-бирини қийнашдан фойда йўқ”

Фото: Инстаграм — Бир неча йиллардан бери фарзанд талабида бўлганлар мендан аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Бу ҳаётда дуч келиниши мумкин бўлган ҳолатлардан. Бунинг юкини кўтара олганлар кўтаради. Сабр қилолганларга сабр тилайман. Очиқ-ойдин гапираман, сабр қилолмайдиган, мен каби ЭКУга рози бўлмаганларга, ҳали ёш вақтида бир-бирини қўйиб юборишини маслаҳат бераман. Чунки кейинчалик ёши ўтиб қолгандан сўнг ажралиб кетишнинг оқибати бундан-да оғирроқ бўлиши мумкин.

Иккала томонга ҳам кейинги ҳаётини қуриши учун вақт бўлгани яхши. Бу менинг шахсий фикрим. Бу масалани барибир жиддий ўйлаш керак. Ёки замонавий тиббиёт бўйича ҳаракат қилишга рози бўлиш керак ёки вақтлироқ ажралиш керак.

Бир-бирини қийнаб юришдан фойда йўқ. Севги-муҳаббатга ишонаман, лекин тарози палласига реал ҳаётни қўйиш керак. Шахсан менинг қадриятларимда ота-она розилиги биринчи ўринда туради.

### “Инсон тақдири Аллоҳ ёзганидек бўлишини хоҳлайман”

Актёр замонавий тиббиёт таклифини нега рад этганини ҳам тушунтириб берган.

Фото: Инстаграм — Тўғри, бугунги вақтга келиб тиббиёт анчайин ривожланди. Аммо менда бир тушунча бор. Уни енгиб ўтолмайман. Аллоҳ томонидан инсонга берилган тақдирни ўзгартиришни хоҳламайман. Ҳаммаси табиий жараёнда бўлгани яхши, деб ўйлайман. Болаликдан улғайдингиз, оила қурдингиз ва шу тартибда ҳаммаси табиий тарзда кечишининг тарафдориман. Тиббиёт ёрдамида фарзандли бўлиш ҳам яхши бўлиши мумкин. Лекин кўнгил ҳар доим хотиржамликни хоҳлайди. ЭКУ орқали туғилган фарзанднинг кейинги тақдири қандай кечиши, ҳаётий жараёнлари одатий инсонлардан фарқланиши мумкинлигини ўйлаб бу йўлни танламаганман, дейди у.

### “Мақсадсиз инсонга айланиб қолгандим”

Шахсий ҳаётидаги муаммолар актёрнинг фаолиятига ҳам таъсир қилган. Ҳатто унинг зарарли одатларга берилгани ва руҳий тушкунликка тушгани ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалганди.

— Эркак кишининг ҳаётида шундай пайтлар ҳам бўлар экан. Маълум вақт зарарли одатларга берилдим. Гап-сўзларга эътибор бермайман, деганингизда ҳам кўнгилга оғир ботар экан. Рената иккимизнинг таҳлилларимиз ижобий чиққан. Шунчаки, бир-биримизга тўғри келмаймиз. Аммо одамлар буни нотўғри талқин қилишди. Шу боис бир муддат зарарли одатларга берилиб, мақсадсиз инсонга айланиб қолгандим. Ажрашганимдан сўнг узоқ йиллар уйланмай юрдим. Сўққа бош бўлиб юрганингизда ўз-ўзингизни назорат қилишни йўқотиб қўяр экансиз. Яхшиямки онам бор экан, “Ўғлим ўзгариб қоляпсан, айнияпсан, кеча қаерда эдинг”, деб турадиган. Улар тергаб турмаса, мисол учун, бир кун чет элга, бир кун тоққа деб “гуллаб” кетишингиз мумкин. У йиллари уйга фақат ухлагани ва кийимингизни ўзгартириб кетиш учун келар экансиз, деган эди Умид Искандаров.

### “Иккинчи марта уйланганман”

8 йиллик ёлғизликдан сўнг Умид Искандаров 2023-йилда иккинчи бор оила қурган ва 2025-йилда, 43 ёшида илк бор ота бўлган.

Энди фарзандим бор. Бугунги кунда бахтиёр инсонлардан бириман. Тажрибамда фарзандсизлик туфайли ўтган қийин кунлар ҳам бўлди. Бошида бўлиб қолади, деган гап билан икки-уч йилни ўтказдик. Бешинчи йилдан бошлаб бунга муаммо сифатида қарай бошладик. Чунки энди юриш-туриш ҳам ўзгариб, ҳамма нарса бошқача эшитила бошланганди. Бу эса орада тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Оқибатда эр-хотин бир-биримиз билан кўп жанжаллашдик. Жанжаллашмасдан ақлли йўл тутганимизда ҳам, бир-биримиздан аразлашдик. Аёл киши нозик бўлгани учун атрофдаги гап-сўзлар сабаб кечалари ўтириб йиғлайди. Буёғи насиба деган нарса ҳам бор, дея гапларига қўшимча қилди актёр.

Актёр илк бор ота бўлгани муносабати билан 2025-йил июн ойида ўғли учун бешик тўйи ўтказди.

### “Ҳозирги аёлимнинг ота-онасига раҳмат айтаман”

— Севги бор нарса. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги оиламни жуда қаттиқ севаман, ҳурмат қиламан. Аёлим оиласини қадрлайдиган ва менга фарзанд туҳфа қилган инсон. Чиройли тарбия бергани учун ота-онасига раҳмат айтаман.

### “Ота бўлиш энг олий бахт экан”

Оилали бўлганингиздан сўнг ишдан келганингизда болангиз олдингизга югуриб чиқиши, кундузи ишда бўлган вақтингизда қўнғироқ қилиб “дада” дейишлари бахт экан. Бу бахтни на чет эл саёҳати, на қимматбаҳо уй ва на автомобил беролади. Ўғлимнинг биргина табассуми мен учун бутун дунё ва ҳаёт дегани. Майли, фалон жойда ҳашаматли уйим бўлмасин, бутун умр шу даражада яшаб ўтай, ҳаммасига розиман, дейди Умид Искандаров.

### “Фарзандни чиройли улғайтириш ҳам муҳим масала”

— Болали бўлишингизни кутиб яшашингиз бир жараён бўлса, уни чиройли тарбия қилиш ҳам масъулиятли вазифа экан. Чунки ҳаётда бола бўлмай “бало бўлган”ларни ҳам кўрганмиз.

Боланинг тўғри тарбия топиши эр-хотиннинг муносабатларига ҳам боғлиқ. Масалан, ота-онанинг бир-бирини ҳурмат қилиши бу жараёнда жуда муҳим ҳисобланади. Нотўғри муносабатлар бола тарбиясига ҳам салбий таъсирини ўтказмай қолмайди, дейди у.

### “Ҳозир аёллар ЧатГПТъга ўрганиб қолган”

— Ҳозир кўп аёллар ЧатГПТ билан суҳбатлашишга ўрганиб қолган. Мисол учун, аёлим болада бирон ўзгариш бўлса ҳам ё мен нимадир хато иш қилиб қўйсам ҳам сунъий интеллектдан маслаҳат сўрайди. Бу одам эмас, сунъий идрок бўлса, интернетда мавжуд бўлган маълумотлардан фактларни ўрганиб хулоса чиқариб беради-ку, онаси, дейман унга ҳам. Ҳаттоки бутун дунё унинг баъзан хато жавоб беришини тан олди.

Ҳар бир оилада тушунмовчиликлар, уруш-ярашлар бўлиб туради. Бунга нормал ҳолат сифатида қарайман. Бу гапларим уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш эмас. Бир куни аёлим мендан аразлаб қолганида ЧатГПТъга муносабатларимиз ҳақида ёзибди. Сунъий интеллект эса аёлимга ажрашишни маслаҳат берибди. Биламан, унинг маслаҳатига кириб қолмайди, шундай бўлса ҳам унга “Онаси, бу одам эмас, унинг гаплари ҳар доим ҳам тўғри эмас”, деб тушунтирдим, дейди актёр.

### “Заррача афсусланганим йўқ”

Актёр нега киноларда кам кўриниб қолганига ҳам жавоб берган.

— 40 ёшдан ошган актёр ва актрисалар ижодда камнамо бўлиб қолишади. Боиси бу ёшда ошиқ ролига ҳам, ота-она ролига ҳам мос келмайди. Чунки ўзбек киносида бош қаҳрамон ролини ижро этиш учун ёш ва чиройли бўлиш керак. Хуллас, ана шундай сабабларга кўра кўп филмларда суратга тушмаяпман. Кейин аввалгидек кўп филмлар ҳам суратга олинаётгани йўқ. “101-рейс” филми уч йил давомида суратга олинди. Аммо бу филмда суратга тушганимдан заррача афсусланганим йўқ. Кетган вақтга яраша яхши филм олинди, дейди актёр Умид Искандаров.

### “Болаликдаги қизиқишим ортиб боряпти”

Ҳар бир инсоннинг севимли машғулоти бўлгани каби, Умид Искандаровнинг ҳам қизиқишлари бор. У машиналарга ошно.

— Болалигимдан машиналарга, уларнинг тузилишига, янги чиққан моделларига жуда қизиқаман. Орада ташвишлар билан бўлиб бу ҳоббимни бироз унутган эдим. Аммо энди ўша қизиқишим яна ортиб боряпти. Бўш вақтим бўлиши билан машиналар ҳақидаги кўрсатувларни маза қилиб томоша қиляпман, дейди Умид Искандаров.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.