Дунё

Украинада Миллий пантеон ташкил этилади

Украина президенти Володимир Зеленский Киевда Украина миллий пантеонини ташкил этишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унда турли тарихий даврлардаги давлат раҳбарлари, ҳарбий қўмондонлар, фан, маданият ва бошқа соҳаларнинг таниқли вакиллари хотирасини абадийлаштириш кўзда тутилган. Айрим экспертлар пантеонда Украина исёнчилар армияси (УИА) аъзолари хотирасининг абадийлаштирилиши Полша билан муносабатларда янги келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Украинада Миллий пантеон ташкил этилади.

Украина Президенти Володимир Зеленский Украина миллий пантеонини ташкил этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Украина Олий Радаси сайтидаги маълумотларга кўра, ҳужжат 22-август куни давлат раҳбари томонидан имзоланган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, "Украина пантеони албатта бўлади. Қаҳрамонларимиз ким эканини фақат украиналикларнинг ўзи ҳал қилади".

Қонун лойиҳаси 1-июл куни Олий Радада биринчи ўқишда 290 депутат томонидан қўллаб-қувватланган эди. Кейинчалик ҳужжатни тўлиқ қабул қилиш учун 287 депутат овоз берган.

Қонун Киевда Украина давлатчилиги анъаналарининг узлуксизлигини ифодаловчи ягона миллий макон ташкил этишни назарда тутади. ОАВ маълумотларига кўра, пантеон Киев Русидан тортиб ҳозирги Украинагача бўлган давлатчилик тарихини акс эттириши режалаштирилган.

Мемориал мажмуа Украинанинг таниқли тарихий шахсларини қайта дафн этиш жойи бўлиши кўзда тутилган. Қолдиқлари мамлакатга қайтариш имкони бўлмаган шахслар учун эса рамзий қабрлар – кенотафлар ўрнатилиши мумкин.

Шу билан бирга, пантеон тарихий хотирани сақлаш, ватанпарварлик тарбияси ва давлат маросимларини ўтказиш маркази вазифасини ҳам бажаради.

Қонунга кўра, пантеонда Украинанинг турли тарихий даврлардаги давлат раҳбарлари, мамлакат президентлари, украин ҳарбий тузилмалари бош қўмондонлари, шунингдек, фан, маданият, таълим, дин ва давлат қурилиши соҳасидаги таниқли шахслар хотираси абадийлаштирилиши мумкин. Импичмент тартибида лавозимидан четлатилган президентлар бундан мустасно бўлади.

Украина билан боғлиқ Нобел мукофоти совриндорларининг хотирасини ҳам пантеонда абадийлаштириш имконияти назарда тутилган.

Novini.LIVE нашрининг ёзишича, пантеонда кимларни дафн этиш ёки қайта дафн этиш бўйича якуний қарор махсус ташкил этиладиган давлат комиссияси томонидан қабул қилинади. Комиссия ишига олимлар ҳам жалб этилиши кўзда тутилган.

Лойиҳанинг баҳсли жиҳатларидан бири Украина исёнчилар армияси – УИА аъзолари хотирасини пантеонда абадийлаштириш имконияти билан боғлиқ. Полшада УИА, аввало, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Волинда поляк аҳолисининг оммавий ўлдирилиши билан боғланади. Варшава мазкур воқеаларни расман геноцид деб тан олган.

Шу сабабли экспертлар Миллий пантеон лойиҳаси Киев ва Варшава ўртасида тарихий хотира масаласидаги келишмовчиликларни янада кучайтириши мумкинлигини таъкидламоқда. Полша томони лойиҳани аввал ҳам кескин танқид қилган.

Сўнгги вақтларда УИА масаласи Украина ва Полша ўртасидаги муносабатларда яна бир бор баҳс мавзусига айланган. Хусусан, Зеленский Украина Қуролли кучларининг бўлинмаларидан бирига "УИА қаҳрамонлари" номини беришга қарор қилганидан сўнг Варшавада кескин муносабат билдирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.