Украина ва Россия ўртасида 103 нафардан асир алмашилди (видео)

Украина ва Россия ўртасида 103 нафардан асир алмашилди.
Россия ва Украина ўзаро 103 нафар ҳарбий асирни алмашди. Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Москва 103 нафар асирдаги ҳарбийни қайтарган бўлса, Украина ҳам худди шунча россиялик ҳарбий хизматчини озод қилган. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Яна Лантратованинг матбуот хизмати “РБК” нашрига алмашинув тафсилотларини ошкор қилди. Алмашинув Беларуснинг Гомел вилоятидаги “Новая Гута” назорат-ўтказиш пунктида амалга оширилган. Украина асирлигидан қайтган россиялик ҳарбийлар ҳозирда шу ерга жойлаштирилган бўлиб, омбудсман улар билан иш олиб бормоқда.
Лантратованинг сўзларига кўра, озод этилганлар орасида 31 нафар ярадор, шунингдек, кўп фарзандли оталар ва жуда ёш йигитлар ҳам бор. Мудофаа вазирлиги барча ҳарбийларга зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Шундан сўнг улар вазирлик муассасаларида даволаниш ва реабилитация ўташ учун Россияга олиб кетилади.
Алмашинув чоғида Лантратова Украина Олий Радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец билан учрашди. Томонлар бедарак йўқолганлар рўйхати ва асирларнинг яқинларидан келган хатларни бир-бирларига топширди. Шунингдек, улар кейинчалик асирларга посилкаларни етказиб беришга келишиб олдилар.
Бунгача бўлган асирлар алмашинуви 26-июн куни “160 га 160” формуласи бўйича ўтказилган эди. 13-август куни эса Киев 24 нафар, Москва эса 261 нафар аскарлар жасадини қайтарганди.

