Украина Россияни ҳарбий асирларни қатл этишда айблади
Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец 2022-йил февралидан буён асирга таслим бўлган камида 345 нафар украиналик ҳарбий жанг майдонида Россия ҳарбийлари томонидан ўлдирилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, гап видеога қайд этилган ҳолатлар ҳақида кетмоқда.

Украина Россияни ҳарбий асирларни қатл этишда айблади.
Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец 12-август куни ўтказилган матбуот анжуманида Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён камида 345 нафар украиналик ҳарбий асирга таслим бўлганидан кейин ўлдирилганини маълум қилди.
Лубинецнинг сўзларига кўра, бу рақам видеога олинган ва Украина томони томонидан ҳужжатлаштирилган ҳолатларга асосланган. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳарбийлар таслим бўлиш учун барча зарур ҳаракатларни амалга оширган: қуролларини ташлаган, қўлларини кўтариб чиққан, ерга ётган ва жангни давом эттирмаётганини кўрсатган. Шунга қарамай, Лубинец Россия ҳарбийлари уларни яқин масофадан отиб ўлдирганини даъво қилди.
Украина омбудсмани асирга таслим бўлган ҳарбий хизматчиларни ўлдириш Женева конвенсиялари нуқтаи назаридан ҳарбий жиноят ҳисобланишини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай ҳолатлар юридик жиҳатдан ҳарбий асирларни қатл этиш сифатида баҳоланиши керак.
Лубинец, шунингдек, Украинада Халқаро Қизил Хоч қўмитаси орқали ҳарбий асир сифатида тасдиқланганидан кейин вафот этган 375 нафар Украина фуқароси ҳақида маълумот борлигини билдирди. Унинг тушунтиришича, бу рақамга нафақат ҳарбий хизматчилар, балки фуқаролар ҳам киритилган. Омбудсманнинг даъвосига кўра, ушбу 375 кишининг жасади кейинчалик Россия томонидан Украинага топширилган.
Лубинец Россияда сақланаётган украиналик ҳарбий асирларга нисбатан кўплаб турдаги қийноқлар қўлланганини ҳам даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, Украина томони БМТнинг қийноқларни ҳужжатлаштириш бўйича халқаро стандарти – Истанбул протоколида келтирилган деярли барча турдаги қийноқ усулларидан фойдаланилгани ҳақида маълумотларга эга. Жумладан, у калтаклаш, электр токи билан қийнаш, жинсий зўравонлик, психологик босим, итлардан фойдаланган ҳолда қўрқитиш ва қатлни саҳналаштириш каби ҳолатларни санаб ўтган.
Лубинецнинг маълум қилишича, украиналик ҳарбий асирлар ва ушлаб турилган фуқароларга нисбатан 695 хил қийноқ шакли, шунингдек, сақлаш шароитлари талабга жавоб бермаган 860 та ҳолат қайд этилган. Украина омбудсмани Россия қамоқхоналарида сақланган украиналик ҳарбий асирларнинг 95 фоизи тизимли қийноқларга дуч келганини даъво қилди.
Матнда келтирилган ушбу рақамлар ва айбловлар Дмитрий Лубинецнинг баёнотига асосланган.

