Украина Петербург бўйлаб энг йирик ҳужумини амалга оширди – суратлар
Дронлар ҳужуми оқибатида нефт терминали, кўприк, Озон омбори ва ВК дата-марказида ёнғинлар чиққан. Бир киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган.

Украина Петербургга энг йирик ҳужумини уюштирди – суратлар
18-октабрга ўтар кечаси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области дронларнинг йирик ҳужумига дуч келди.
Петербург губернатори Александр Беглов Петербург нефт терминали ва «Ручи» нефт базасига дронлар зарбаси оқибатида ёнғинлар чиққанини тасдиқлади. Ҳужум пайтида 12 та кўп қаватли уй ва иккита хусусий уй ҳам зарар кўрган. Бир киши ҳалок бўлиб, беш киши жароҳатланган, уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, Озон компаниясининг Петербургдаги омбори (у ерда ёнғин чиққан, ходимлар жабрланмаган) ҳамда «ВКонтакте»нинг шаҳар ташқарисидаги дата-маркази ҳам зарба остида қолган.
Бундан ташқари, шаҳарда кемалар ўтишига мослаштирилган осма кўприк ҳамда «Восточная» электр нимстансияси, шунингдек, Василевский оролидаги наркология шифохонаси ҳам ҳужумга учраган.
Ҳужум вақтида Петербургнинг бир қанча раёнлари электр таъминотисиз қолган. Пулково аеропорти вақтинча ёпилиб, йўловчилар ва ходимлар бомбапанагоҳларга олиб туширилган. Ҳозирга келиб аеропортда рейсларни жўнатиш ва қабул қилиш тикланган.
Ленинград областида ҳам аварияли ўчиш юз бериб, 20 мингдан ортиқ киши токдан узилган.
Петербург шаҳри ва Ленинград областида ўнлаб автомобиллар ва уйлар шикастланган, бир киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳатланган.
Россия мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, тунда мамлакат бўйлаб 1015 та дрон уриб туширилган ёки тўхтатилган.

