Украина илк бор «Яндекс»га ҳужум қилди
Зарба компаниянинг иккита суперкомпютери жойлашган дата-марказ бўйлаб йўлланган.

Украина илк бор «Яндекс»га зарба берди
8-октабрга ўтар кечаси украин дронлари ҳужуми оқибатида «Яндекс» компаниясининг Рязан области Сасово шаҳридаги дата-марказида кучли ёнғин юз берди.
Компания дата-марказ ҳудудида хизматлар фаолиятига таъсир қилган «ҳодиса» содир бўлганини тасдиқлаб, шу сабаб айрим хизматлар вақтинча ишламаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Ёнғин тонгда ўчирилди, жабрланганлар йўқ. Дата-марказ фаолияти тикланди.
Фойдаланувчилар аллақачон «Яндекс» ишида носозликлар ҳақида шикоят қила бошлаган. Хусусан, Яндех Слоуд асосий хизмати ҳамда унга боғланган «Yandeks.Disk» ва «Яндекс.Документи»да муаммолар кузатилаётгани айтилмоқда.
Москва биржаси маълумотларига кўра, зарба фонида Россиядаги етакчи ИТ-компаниялардан бири ҳисобланган «Яндекс» аксиялари нархи 3 фоиздан кўпроққа тушган.
Зарба «Саста» станоксозлик заводи ҳудудига берилган. Рязан области маъмурияти завод номини тилга олмаган ҳолда, Украина ҳужумидан кейин «корхоналардан бирининг том қисми ёниб кетгани»ни маълум қилган.
«Саста» заводида қувур кесувчи дастгоҳлар ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари экспорт қилинади, шунингдек, Россиядаги машинасозлик корхоналарига етказиб берилади. Астра нашри маълумотига кўра, «Саста» мудофаа корхоналари ишлаб чиқариш базасини ҳам ўз маҳсулотлари билан таъминлайди. Завод ғарбдаги бир қатор давлатлар томонидан санксиялар рўйхатига киритилган.
«Яндекс» дата-маркази 2014-йилдан бери «Саста»нинг собиқ биноларидан бирида фаолият юритади. Сентабр ойида марказ ходимлари айнан Сасовода ишлаётгани акс этган видеода кўриниш берган эди.
Компаниянинг нейросетларни ўргатишда фойдаланиладиган учта суперкомпютеридан иккитаси Сасоводаги марказда жойлашган. Гап «Ляпунов» ва «Червоненкис» суперкомпютерлари ҳақида кетмоқда. Т-Инвариант нашри ёзишича, «Червоненкис» компания суперҳисоблагичлари орасида энг унумлисидир. 2021-йилда у жаҳондаги Топ-500 суперкомпютер орасида 19-ўринда қайд этилган. Бироқ кейинчалик санксиялар сабаб инфратузилмани янгилашдаги қийинчиликлар туфайли рейтингда иккинчи юзталикка тушиб кетган.

