Украина ҳужумида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ва Колумбияда даҳшатли зилзила – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Украина ҳужумида ўзбекистонликлар ҳалок бўлди, Колумбияда даҳшатли зилзила ва бошқа муҳим янгиликлар – кун дайжести
**Украина ҳужумида ўзбекистонликлар ҳалок бўлди**
10-август куни Россиянинг Нижнекамск шаҳрига қилинган дрон ҳужуми оқибатида камида 13 киши ҳаётдан кўз юмди ва 39 киши жароҳатланди. Қурбонлар орасида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги маълум бўлди. Бу ҳолат сўнгги ойларда Россияда тинч аҳоли орасида энг кўп қурбон берилган воқеалардан бири бўлди.
Украина ҳарбийлари Татаристондаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берганини ва объектда ёнғин чиққанини тасдиқлади.
Россия терговчилари ушбу ҳодисани теракт деб баҳолаб, жиноят иши қўзғатди. Маълумотларга кўра, Украина турар жой ҳудудларига зарба берган ва ҳалок бўлган тинч аҳоли орасида бир бола ҳам бўлган.
Қозондаги Ўзбекистон консуллиги дастлаб Нижнекамскда ҳалок бўлганлар орасида етти нафар Ўзбекистон фуқароси борлигини тасдиқлади. Кейинроқ яна бир ўзбекистонлик олган жароҳатлари туфайли вафот этди.
Ўзбекистон расмийларининг хабар беришича, ҳалок бўлганлар қурилиш корхонасида ищи бўлиб фаолият юритган. Бир нечта бошқа фуқаролар ҳам жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, ҳужумда Тожикистоннинг бир нафар фуқароси ҳам ҳалок бўлган. Маҳаллий ОАВга кўра, 13 қурбоннинг тўққиз нафари зарба пайтида ётоқхонада бўлган.
**Колумбияда зилзила**
Душанба тонгида Колумбияда 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, бу сўнгги йиллардаги энг кучли ер силкинишларидан бири ҳисобланади. Зилзила оқибатида камида 132 киши ҳалок бўлди ва мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қулаган бинолар остида қолиб кетган кўплаб одамлар туфайли қурбонлар сони ортиши мумкин.
Расмийларга кўра, ўлим ҳолатларининг аксарияти Колумбиянинг қаҳва етиштирувчи минтақасидаги Перейра шаҳрида қайд этилган. Унинг атрофидаги бошқа шаҳарлар ҳам жиддий зарар кўрган. Ер силкинишлари натижасида 480 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Маҳаллий расмийлар шаҳар агломерациясида 65 та бино қулаб тушганини хабар қилди. Улардан 15 тасининг остида одамлар қолиб кетган деб тахмин қилинмоқда. Эпицентрдан тахминан 200 км узоқликда жойлашган Кали шаҳрида эса ўттиз иккита бино қулаб тушди.
Бир нечта минтақавий аеропортларга зарар етган. Пойтахт Боготада биноларда ёриқлар пайдо бўлган, бироқ ҳозирча шаҳар инфратузилмасига жиддий шикаст етгани ҳақида маълумот йўқ. Ер силкинишлари қўшни Венесуела, Эквадор ва Панама каби узоқ ҳудудларда ҳам сезилган.
Ушбу зилзила қўшни Венесуела шимолини вайрон қилган ва 6300 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган зилзилалардан қарийб икки ой ўтиб содир бўлди.
**Трамп Эрондан товон сўради**
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Эрон урушлар, ҳужумлар ва намойишларда ҳалок бўлганлар учун товон пули тўлаши кераклигини айтди.
"Биз улар 50 йил давомида етказган зарари учун пул сўраймиз. Шундай қилиб, агар тўланиши керак бўлган зарарлар бўлса, ўйлайманки, Эрон бу зарарларни тўлаши керак", деди Трамп. Унинг айтишича, тўловлар минтақадаги тинч намойищилар ва АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги ўлим ҳолатларини қоплайди.
Трампнинг илгари айтмаган ушбу таклифи Теҳроннинг товон пули тўлаш ва санксияларни бекор қилиш ҳақидаги талабларига жавоб бўлди. Аммо Эроннинг талаблари осмондан олинмаган, балки июн ойида имзоланган ва кейинчалик барбод бўлган тинчлик келишуви шартларига мос келади.
Бу риторик кескинлашув Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш борасидаги ҳаракатларни қийинлаштириши кутилмоқда.
Феврал ойида уруш бошланганидан бери Трамп бир неча бор ўзгарувчан позицияда бўлиб келмоқда.
2025-йил охиридаги намойишларга тўхталар экан, Трамп Эрон ўшанда 52 мингга яқин намойищини ўлдирганини айтди. Аммо АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари феврал ойидаги тартибсизликларда 7 мингга яқин одам, жумладан, 6,5 минг намойищи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Феврал ойида уруш бошлаган Трамп намойищиларни Эрон ҳукуматини ағдаришга ҳам чақирганди.
**Туркияда курд жангарилари учун амнистия**
Туркия парламенти "Курдистон ищилар партияси" (КИП) жангарилари учун чекланган ва маълум шартларга боғлиқ амнистия тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Қонунда 27 йилдан бери қамоқда сақланаётган, "Курдистон ищилар партияси" асосчиси Абдулла Ўжаланнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай кўрсатма йўқ.
Ҳужжат курд жангариларининг Туркияда тинч ҳаётга қайтишига йўл очадиган механизмни назарда тутади. Шунга асосан, бир қатор жиноятлар учун жиноий таъқиб ва жазоларни ижро этиш 5 йилдан 10 йилгача муддатга тўхтатилади. Агар ушбу давр мобайнида янги жиноятлар содир этилмаса, жазолар ўталган деб ҳисобланади. Қотиллик каби оғир жиноятлар ушбу амнистиядан мустасно қилинади.
Турк депутатларига кўра, биринчи босқичда Туркия қамоқхоналарида сақланаётган Курдистон ищи партияси тарафдорларининг 3500 га яқини озод этилиши мумкин.
Бу қоидалар фақат партия ва унга алоқадор кучлар тарқатиб юборилгани, шунингдек, улар қуролларини топширгани тасдиқлангач қўлланиши мумкин.
Туркия президенти маъмурияти ушбу қонунни "терроризмсиз Туркия"ни қўллаб-қувватловчи "муҳим сигнал" сифатида олқишлади. Маъмурият бу ҳужжат "мамлакат бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлаши" кераклигини таъкидлади.
Айни пайтда курдлар агар Абдулла Ўжалан озод қилинмаса, қонуннинг кўплаб қоидалари кутилган натижани бермаслигини айтмоқда.
**Сурия ва Россия келишуви**
Сурия ва Россия ўртасида 18 ойлик қизғин музокаралардан сўнг, 9-август куни Тартус ва Хмеймимдаги Россия базалари бўйича англашув меморандумига эришилди.
Сурия ташқи ишлар вазирлигига кўра, расмий Дамашқ фуқаролик объектларини, жумладан, Хмеймим аеропорти ва Тартус портидаги тижорат причалини бошқаришни ўз зиммасига олади. Бу уларнинг босқичма-босқич Сурия фуқаролик маъмурияти тизимига интеграция қилинишига имкон беради.
Шунингдек, ҳарбий объектлар ҳар икки томон манфаатларини ҳимоя қилувчи янги келишувларга асосан қўшма тайёргарлик ва малака ошириш марказлари сифатида қайта ихтисослаштирилади.
Россиянинг Тартусдаги ҳарбий-денгиз объекти ва Хмеймим авиабазаси узоқ вақт давомида Москванинг Яқин Шарқдаги асосий ҳарбий таянчи бўлиб келган.
2024-йил декабрда диктатор Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ушбу базалар келажаги Суриянинг янги раҳбарияти билан музокаралар мавзуси бўлиб келмоқда.
**АҚШ 175 минг визани бекор қилди**
АҚШ Давлат департаменти президент Доналд Трамп маъмурияти даврида чет эл фуқароларининг 175 мингдан ортиқ визаларини бекор қилганини маълум қилди. Департамент ўз баёнотида визаларнинг бекор қилиниши "жиноят содир этган, АҚШ фуқароларига қарши зўравонликка чақирган, америкаликларни фирибгарлик йўли билан алдаган, тизимни суиистеъмол қилган ёки миллий хавфсизликка хавф туғдирган" чет элликларга қаратилганини таъкидлади.
Аксарият визалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан "тўқнашувлар"дан сўнг бекор қилинган. Расмийлар бир қанча аниқ жиноятларнинг тафсилотларини ҳам келтирган.
Январ ойида департамент ўша вақтдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланган 100 мингдан ортиқ визани бекор қилганини билдирган эди.
Визаларнинг бекор қилиниш кўлами қонуний визага эга бўлганларни ҳам депортация қилишга қаратилган кенг қамровли иммиграция чекловларини акс эттиради. Маъмурият, шунингдек, ижтимоий тармоқларни текшириш ва назоратни кенгайтириш орқали визалар бериш бўйича ҳам қатъийроқ сиёсатни қабул қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар Трамп маъмуриятининг ижтимоий тармоқларни текшириш бўйича саъй-ҳаракатларини қоралаган. Уларнинг айтишича, бу сўз эркинлигига таҳдид солади ҳамда муҳожирларни кузатиш ва ажратиб кўрсатиш билан баробардир.

