Украина бюджетида 23 млрд евролик мудофаа тақчиллиги юзага келди
Украина Олий Радаси жорий ҳафтада давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш ва халқаро ҳамкорлардан миллиардлаб доллар маблағ жалб қилиш билан боғлиқ еттита қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Президент Володимир Зеленский айрим қарорлар «қийин, ёқимсиз ва оммабоп бўлмаслиги» мумкинлигини айтди.

Украина бюджетида мудофаа йўналиши бўйича 23 млрд евролик тақчиллик юзага келди
Украина президенти Володимир Зеленский 15-сентабр куни Олий Рада кун тартибига давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун зарур бўлган еттита қонун лойиҳаси киритилганини билдирди. Уларнинг аксарияти биринчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Зеленскийнинг айтишича, бу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Украинанинг халқаро ҳамкорлардан молиявий ёрдам олиши билан бевосита боғлиқ. Унинг таъкидлашича, ижобий овоз беришлар мамлакатга миллиардлаб доллар маблағ жалб қилиш имконини беради.
Президент айрим ташаббуслар «қийин, ёқимсиз ва оммабоп бўлмаслиги» мумкинлигини ҳам тан олди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазиятда бундай қарорлар мудофаа эҳтиёжларини таъминлаш ва мамлакатнинг тикланиш имкониятларини сақлаб қолиш учун зарур.
Украина Олий Радасининг расмий маълумотига кўра, мамлакат бюджети хавфсизлик ва мудофаа харажатларини молиялаштиришда қарийб 23 млрд евро миқдоридаги тақчилликка дуч келган.
Тақчилликни ёпишнинг асосий йўллари сифатида ҳамкор давлатлардан қурол-яроғ шаклида тўғридан тўғри ёрдам олиш ва халқаро молиявий кўмакни жалб қилиш кўриб чиқилмоқда.
Рада маълумотига кўра, Украинанинг халқаро мажбуриятлари билан боғлиқ қонун лойиҳалари парламент томонидан қўллаб-қувватланса, мамлакат яқин вақт ичида 12 млрд доллардан ортиқ маблағ олиши мумкин.
Зеленский август ойида Украина Мудофаа вазирлиги бюджети тақчиллигини 27 млрд доллар - 23 млрд евродан ортиқ миқдорда баҳолаган эди. Киев бу маблағларни ҳарбий хизматчилар ва ижтимоий тўловлар, қурол-яроғ хариди ҳамда бошқа мудофаа эҳтиёжларини молиялаштириш учун жалб қилишга уринмоқда.

