Украина асирлигида 51 та давлат фуқаролари борлиги маълум бўлди

Украина уруш бошланганидан буён Россия томонида жанг қилган 51 давлат фуқароларини асирга олган. Бу ҳақда Олий Раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец маълум қилди.
Лубинецнинг сўзларига кўра, 51 мамлакатдан келган хорижликлар Россия босқинчилари армияси таркибида жанг қилиб, Украинада асирга тушган. Унинг таъкидлашича, Россия томонида урушда қатнашишнинг реал ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ҳақида очиқ гапириш муҳим.
Шунингдек, Лубинец украиналик болаларни депортация қилиш ва мажбурий кўчириш бўйича 20 610 та ҳолат тасдиқланганини айтди. "Бринг Кидс Баск УА" ташаббуси доирасида 2 425 нафар бола Украинага қайтарилган, шундан 465 нафари Омбудсман идораси кўмагида амалга оширилган. Минглаб тинч аҳоли ва украиналик ҳарбийлар эса Россия асирлигида қолмоқда.
"Биз уларни қайтариш учун барча имкониятни ишга солишимиз керак. Россиянинг ҳар бир жинояти тегишли равишда ҳужжатлаштирилиб, жазосиз қолмаслиги лозим", — дея қўшимча қилди у.
2026-йил апрел ойида Бош разведка бошқармаси Россия жорий йилда Украинага қарши урушга яна 20 мингга яқин чет элликларни ёллашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Бунинг учун Россия мамлакатда бўлиб турган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган хорижликлар сонини аниқлаб, сафарбарлик режасини тузгани маълум қилинган.
Маълумот учун, СССР етакчиси Леонид Брежневнинг чевараси Антон Милаев ҳам уруш ҳудудида Украина ҳарбийлари томонидан асирга олинган. У АҚШдан Россияга қайтгач, 1 миллион рубл миқдорида қарзга ботган ва пул топиш истаги урушга бориш учун асосий сабаб бўлган.
Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Улардан бири 2025-йил октябр ойида таслим бўлиб, асирга тушган. Ушбу воқеадан икки ой олдин Украина президенти Владимир Зеленский Харков йўналишидаги жангларда Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма аскарлар Россия сафида жанг қилаётганини таъкидлаган.
**Ўзбекистон фуқароларига чет давлатларининг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқланган**
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. Урушга одамларни ёллаш, уларни ўқитиш ва улардан ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.
Жиноят кодексининг 154-1-моддасига асосан, чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган Ўзбекистон фуқаролари 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

