Уилл Смит 58 ёшда: 18 ёшида миллионер бўлган, “Оскар”даги жанжалдан сўнг ишсиз қолган актёрнинг ҳаёт йўли

Уилл Смит 58 ёшда: 18 ёшида миллионерга айланган, “Оскар”даги можаро ортидан ишсиз қолган актёрнинг ҳаёт йўли
Актёр Уилл Смит бугун, 25-сентябр куни 58 ёшга кирди. У истеъдодли, чиройли, меҳнаткаш ва аёллар орасида севимли актёр сифатида танилган.
Уилл Смитнинг болалиги Филаделфияда жойлашган, тарихий ва маданий жиҳатдан бой шаҳарчада ўтган. Бу ерда америкаликлар, ирландлар, осиёликлар ва афроамерикаликлар ёнма-ён яшаган. Айнан шу жойда 12 ёшли Уиллда репга қизиқиш пайдо бўлади ва у шоу-бизнеснинг йирик марказларидан бири бўлган Лос Анжелесга йўл олади.
Унинг мусиқа оламига киришига ёш репер Жефф Таунс билан танишуви сабаб бўлган. Дўстлар тунги клубларда ишлашар, кундузлари эса қўшиқ ёзишарди. Таунс ва Смитнинг қатъияти ҳамда сўкинишлардан холи реп услуби уларни машҳурлик чўққисига олиб чиқади.
Уилл 18 ёшидаёқ илк миллион долларини ишлаб топган ва “Гремми” мукофотига сазовор бўлган. Бу маблағга Смит Филаделфияда катта уй, бир нечта ҳашаматли машина ва заргарлик буюмлари сотиб олади. У юзлаб долларларни базмлар, қимматбаҳо кийимлар ва зиёфатларга сарфлайди, бироқ кутилмаганда дуетнинг машҳурлиги пасая бошлайди, пули тугайди, уй ва машиналар қарзлар сабаб мусодара қилинади.
Уилл пул топишнинг бошқа йўлларини излайди ва тақдир унга иккинчи имконият беради. 1990-йилда у Куинс Жонс билан танишади ва машҳур “Беверли-Ҳиллзлик янги шаҳзода” сериалида рол ўйнайди. Филмда Смит деярли ўзини гавдалантиради. Ғарбий Филаделфиядан келган шўх ва тиниб-тинчимас йигит бой қариндошлари олдига Беверли-Ҳиллзга келади ва турли саргузаштларни бошдан кечиради.
Уилл Смит санъат соҳасида таҳсил олмаган бўлса-да, америкалик томошабинлар унинг актёрлик маҳоратини тан олади. Сериалдан олган гонорари ҳисобига барча қарзларини ёпади ва Голливудда янги танишлар орттиради.
1995-йилда “Уддабурон йигитлар” филмидаги келишган ва жиддий полициячи Майк Лоури образи унинг актёрлик фаолиятидаги илк жиддий роли бўлади. “Қора либослилар”даги ижроси Уиллнинг машҳурлигини янада оширади. Ушбу фантастик комедияда Смит Голливуднинг машҳур актёри Томми Ли Жонс билан бирга рол ўйнаган. “Қора либослилар” филмида куйлаган саундтреки мусиқа чартларида юқори ўринларни эгаллайди ва МТВ телеканали мукофотини қўлга киритади.
“Мен ўзимни истеъдодли актёр деб ҳисобламайман, атрофимдаги ғалати ва телбанамо инсонлар туфайли муваффақиятга эришяпман. Чунки бошқалар ухлаганда мен ишлайман, улар овқатланишганда ҳам ишлайман”, дейди Уилл Смит интервюларидан бирида.
Бу ёндашув ўз самарасини беради. Уилл кетма-кет тўққизта филмнинг ҳар биридан 100 миллион доллардан ортиқ даромад олган илк Голливуд актёрига айланди. “Али” (2001) филмидаги Муҳаммад Али роли ва “Бахт излаб” (2006)даги Крис Гарднер образи учун “Оскар” мукофотига икки марта номзод бўлган. 2022-йилда “Қирол Ричард” филмидаги Ричард Уилмс қаҳрамони учун “Энг яхши эркак роли” номинациясида “Оскар” мукофотини қўлга киритади. “Олтин глобус” мукофотига олти марта номзод бўлган ва 2022-йилда “Қирол Ричард” филми учун “Драма жанридаги энг яхши актёр” мукофотини олган. Шу роли билан 2022-йилда БАФТА мукофотига ҳам сазовор бўлган.
Уилл Смит 1992-йилда актриса ва дизайнер Шери Зампино билан турмуш қуради ва уч йилдан сўнг ажрашади. Собиқ рафиқаси Смитни ўғли Террини васийлигидан маҳрум қилади. Кейинчалик Уилл ўғли билан кўришиш ҳуқуқини олган.
Актёр ажримдан кейинги руҳий тушкунлиги ҳақида кўп йиллик дўсти, актриса Жада Пинкеттга сўзлаб беради. Улар “Беверли-Ҳиллзлик янги шаҳзода” филмининг кастингида танишган. Вақт ўтиши билан уларнинг дўстлиги янада жиддий тус олади ва 1997-йил 31-декабрда турмуш қуришади. Уларнинг иккита фарзанди бор. Ўғли Жейден ва қизи Уилло ҳам мусиқа ҳамда актёрлик йўлини танлашган.
Голливудда Уилл ва Жаданинг никоҳи узоқ давом этган мустаҳкам оила сифатида қаралган. Аммо 2023-йилда актриса турмуш ўртоғи билан кўпдан бери бирга яшамаётганликларини маълум қилган. Бугунги кунда эр-хотиннинг ҳолати “мураккаб” бўлса-да, улар ҳануз кўп вақтларини бирга ўтказади.
2022-йилги “Оскар” маросимида бошловчи Крис Рок алопеция — калликдан азият чекаётган Жаданинг соч турмаги ҳақида ҳазил қилади. Уилл бу ҳазилни собиқ турмуш ўртоғига нисбатан ҳақорат деб билиб, Криснинг юзига мушт туширади. Шу воқеадан кейин Смитга бир йил давомида ҳеч қандай таклиф бўлмаган.
Актёр 2025-йилда мухлисларини яна бир бор ҳайратга солди. У қарийб 20 йиллик танаффусдан сўнг янги студиявий албомини чиқарди. “Басед он а Труе Сторй” номли албом 2025-йил март ойида тақдим этилди ва унда ДЖ Жаззй Жефф, Жаден Смит, Биг Сеан ҳамда бошқа ижодкорлар билан ҳамкорлик қилинди.
Бу Смитнинг 2005-йилда чиққан “Лост анд Фоунд” албомидан кейинги илк тўлиқ метражли мусиқий албоми бўлди. Ундаги айрим қўшиқларда актёр сўнгги йиллардаги ҳаёти, хатолари ва бошидан кечирган ўзгаришлари ҳақида сўзлайди. Албом Биллбоард 200 чартида иккинчи ўринга кўтарилган.
2025-йилда Смит катта саҳнадаги чиқишларини ҳам давом эттирди. У КОНКАКАФ Миллатлар лигаси финалида ҳам чиқиш қилиб, мусиқий фаолиятини фақат студия билан чеклаб қўймаслигини кўрсатди.

