Иқтисодиёт

Учта электропоезд хариди учун 465 млрд сўм йўналтирилади

Ўзбекистонда маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш ҳажмини ошириш мақсадида учта электропоезд харид қилиш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 465,1 млрд сўмни ташкил этиб, янги поездлар йилига 2,7 млндан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

Учта электропоезд сотиб олиш учун 465 миллиард сўм ажратилади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Учта электропоезд харид қилиш" лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2025-йил 27-декабрдаги "2030-йилга қадар темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.

Лойиҳага кўра, учта электропоезд харид қилишнинг умумий қиймати 465 миллиард 121,9 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 408 миллиард 243,6 миллион сўми кредит маблағлари ҳисобидан, 56 миллиард 878,4 миллион сўми эса "Шаҳар атрофида йўловчи ташиш" МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.

Сотиб олинадиган ҳар бир электропоезд олтита вагондан иборат бўлади. Шу тариқа, лойиҳа доирасида жами 18 та вагондан иборат учта электропоезд харид қилиниши кўзда тутилган.

Янги электропоездлар ишга туширилгач, йилига 2 миллион 702,4 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида машина ва ускуналар учун 416 миллиард 595,6 миллион сўм сарфланиши белгиланган. Инвестиция давридаги молиявий харажатлар 48 миллиард 13,9 миллион сўмни, бошқа харажатлар эса 512,5 миллион сўмни ташкил этади. Қурилиш-монтаж ишлари учун алоҳида маблағ ажратиш назарда тутилмаган.

Шунингдек, лойиҳа натижасида 13 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Инвестиция даври 9 ой этиб белгиланган.

Кредит ва бошқа қарз маблағларини қайтариш муддати 60 ойни ташкил этади. Бунда 12 ойлик имтиёзли давр назарда тутилган.

Қарор лойиҳасида учта электропоезд харид қилиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари белгиланган тартибда ишлаб чиқилгани ва комплекс экспертизадан ўтказилгани қайд этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.