Уч ҳудудда ушланган наркосавдогарлардан 12,7 кило гиёҳвандлик воситалари олинди

Уч ҳудудда ушланган наркосавдогарлардан 12,7 кило гиёҳвандлик воситалари олинди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри, вилояти ва Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида уч ҳудудда ушланган наркосавдогарлардан 12,7 кг гиёҳвандлик воситалари олинганини маълум қилди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбир чоғида Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи, 2000-йилда туғилган шахс ўз бошқарувидаги Собалтъда тадбир иштирокчиларининг қонуний талабига бўйсунмай қочишга уринган ва автомашина салонида бўлган 2 дона ўрамдаги шубҳали моддаларни улоқтириб юборган.
Кейин транспорт воситаси тўхтатилиб, унинг салонидан яна 2 дона, шунингдек мазкур шахс қабул қилиб олиши керак бўлган геолокациядан 1 дона ўрамдаги шубҳали моддалар топилган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган моддалар гашиш гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлиб, уларнинг жами оғирлиги 5 килограммни ташкил этган.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги синтетик наркотиклар фош этилди. 2005-йилда туғилган хорижий давлат фуқароси тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида зип-пакетга солинган кукунсимон модда борлиги аниқланган. У вақтинча яшаётган хонадон ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганда, турли озиқ-овқат маҳсулотлари номи остида қадоқланган пакетлар ичида 4 килограмм 133 грамм “3-хлорометкатинон”, 403 грамм “Амфетамин”, 720 грамм “МДМА” ва 20 грамм “кокаин” гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлган.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда Божхона органлари ҳамкорлигида Учқўрғон туманидаги чегара-божхона постида ўтказилган тезкор тадбирда эса қўшни давлатдан мамлакатга кириб келган, Чортоқ туманида яшовчи, 2000-йилда туғилган шахс бошқарувидаги Ласетти текширилганда, унинг ёқилғи баки ичига 2 килограмм 513 грамм “Алфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, мазкур шахс билан чегара-божхона постигача бирга келиб, постни пиёда кесиб ўтиб, республика ҳудудида уни кутиб турган 2005-йилда туғилган чортоқлик шериги ҳам ушланган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан наркосавдогарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

