Уч ҳудудда фуқароларнинг шахсий сурат ва видеоларини тарқатиш билан қўрқитиб, пул ундирмоқчи бўлганлар ушланди

Уч вилоятда фуқароларнинг шахсий сурат ва видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, пул ундиришга
уринаётган шахслар қўлга олинди. Жиззах, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида содир бўлган бу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
**Жиззах вилоятидаги ҳолат:**
Жиззах вилояти ИИБ маълумотларига кўра, Ғаллаорол туманида яшовчи 1988-йилда туғилган фуқаро ички ишлар органларига мурожаат қилган. Унинг айтишича, Норин туманида 1995-йилда туғилган, ҳозирда Жиззах шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахс унинг шахсий ҳаётига оид суратлари ва ёзишмаларини интернетда ҳамда яқин қариндошларига тарқатиш билан таҳдид қилган. Бунинг эвазига ундан жами 9 миллион сўмлик кредит қарзларини тўлаб бериш талаб қилинган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида гумондор процессуал тартибда ушланган. Ундан видеотасвирлар ва ёзишмалар сақланган мобил телефон далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда.
**Сурхондарё вилоятидаги ҳолат:**
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида аниқланган ҳолатда, фуқаро Инстаграмъдаги “Диёрабону 67” аккаунтидан фойдаланган эркак унинг шахсий видеоларини Россияда ишлаётган турмуш ўртоғига юбориш билан қўрқитиб, эвазига 2 миллион сўм талаб қилаётганини билдирган. 15-июл куни ўтказилган тезкор тадбир давомида аккаунтни бошқарган, 2000-йилда туғилган гумондор талаб қилинган пулнинг 1 миллион сўмини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Текширув давомида аёлни аввал ҳам видеоларини тарқатиш билан қўрқитиб, жинсий алоқага мажбурлаб келган яна бир шахс аниқланган. У 2002-йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро экани маълум бўлган. У аёлни бир неча маротаба жинсий алоқага мажбурлагани ҳамда видеоларни тарқатмаслик эвазига ундан 4 грамм тилла сирға ва 100 долларни товламачилик йўли билан олгани аниқланган. Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган.
**Наманган вилоятидаги ҳолат:**
Наманган вилояти Чуст туманидаги вазиятда 2000-йилда туғилган фуқаро 2004-йилда туғилган аёлни унинг сир сақланиши лозим бўлган фото ва видеоларини яқинларига кўрсатиш ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб келган. У бунинг эвазига аёлдан иПҳоне телефони олиб беришни талаб қилган. Тезкор тадбир давомида гумондор Чуст туманидаги ошхоналардан бирида жабрланувчидан телефонни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ коттеж савдоси ортидан товламачилик қилган ака-ука ушланганди. Улар уй харид қилиб, ма'лум миқдорда тўлов қилишган, бироқ қолган маблағни беришни рад қилиб, уй эгасига босим ўтказишган.

