Дунё

Убер ярим йўлда тушириб кетилган йўловчининг ўлими учун 40 млн доллар товон тўлайдиган бўлди

Убер ярим йўлда тушириб кетилган йўловчининг ўлими учун 40 млн доллар товон тўлайди

Суд АҚШдаги Убер такси хизматига Калифорниядаги автомагистралда ҳалок бўлган 23 ёшли қизнинг оиласига 40 миллион доллар товон пули тўлаш мажбуриятини юклади.

Суд ҳужжатларига кўра, 2023-йил 12-август куни Эмили Нормандин-Паркер исмли қиз дугонаси билан уйга қайтиш учун Убер чақирган. Йўлда унинг дугонаси ўзини ёмон ҳис қилиб, машина ичида қайт қилган. Буни кўрган ҳайдовчи автомагистрал четида тўхтаб, маст қизларни машинадан тушишга мажбур қилган. Шундан кейин Нормандин-Паркерни бошқа автомобил уриб кетган ва у вафот этган.

“Эмили Убер йўловчиларга тавсия қиладиган барча қоидаларга бўйсунганди — у маст ҳолда машина ҳайдамаслик учун масъулиятли қарор қилган, биз эса Убер уни уйга хавфсиз етказишига ишонгандик”, деди қизнинг ота-онаси. — Бу ишонч қимматга тушди”.

Оила манфаатларини ҳимоя қилган юридик фирма вакилининг айтишича, беш кунлик арбитраж жараёнидан сўнг судя Убер компаниясига Нормандин-Паркернинг ота-онасига 40 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклаган.

Оиланинг адвокатлари айтишича, ҳайдовчи Ву Тран икки қизни автомагистралда қолдиргач, уларга ёрдам ҳам чақирмаган. Аксинча, четга тўхтаб, Убер билан боғланган ва Нормандин-Паркердан автомобил салонини тозалаш учун ҳақ ундиришни талаб қилган.

Убер вакили АБС телеканалига берган баёнотида марҳуманинг оиласига ҳамдардлик билдирди, бироқ компания судя қарорини хато деб ҳисоблашини маълум қилди. Компания ҳайдовчи ва йўловчини боғлаб берувчи “оддий технологик платформа” эканини даъво қилган бўлса-да, суд бу эътирозни қабул қилмади.

Эмилининг ота-онаси айтишича, суд қароридан кейин Убер компания обрўси тўкилишига йўл қўймаслик учун чора кўришга уринган ва марҳуманинг уйига келишув хати юборган, унда компания обрўсига путур етказадиган гаплар айтмаслик талаби ва “ҳар қандай ёмон фикр” учун 10 миллион доллар жарима белгиланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.