“У душман деб атайди — юртга умри фидони, у мансабни танийди, танимайди Худони”. Рауф Парфининг шеърларидан тест
“Адашган руҳ” достони, “Тавба”, “Сукунат” ва “Хотирот” сингари шеърий тўпламлар муаллифи Рауф Парфи таваллудига 27-сентабрда 83 йил тўлди. Сана муносабати билан Газета Ўзбекистон халқ шоирининг шеърлари асосида тест тайёрлади.

“У душман деб атайди — юртга умри фидони, у мансабни танийди, танимайди Худони”. Рауф Парфи шеърларидан тест
Рауф Парфи тахаллуси билан ижод қилган Турсунали Парфиев 1943-йил 27-сентабрда Тошкент вилоятидаги Шўралисой қишлоғида туғилган. Мактабни битиргач, у 1960−1965-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет) филология факултетида таҳсил олган.
Шоир ижоди давомида Кинематография давлат қўмитасида, “Ёзувчи” нашриётида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ҳамда “Ойдин” газетасида муҳаррир сифатида ишлаган.
1968-йилда унинг “Карвон йўли”, 1970−1976-йилларда эса “Акс-садо”, “Тасвир”, “Хотирот” ва “Кўзлар” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. 1981−1986-йилларда “Қайтиш” ва “Сабр дарахти” китоблари тақдим қилинган. “Сукунат” тўплами 1991-йилда, “Тавба” эса 2001-йилда чоп этилган.
Байрон, Нозим Ҳикмат ва Карли Каладзе каби ижодкорлар асарларини ўзбекчага таржима қилган шоир 2005-йил 28-мартда вафот этган.

