Лайфстайл

“У бошқалар бахти учун туғилган эди”. Бир умр отасини кутган актриса ва дубляж устаси Римма Аҳмедованинг синовларга тўла ҳаёти

“У бошқалар бахти учун туғилган эди”. Актриса ва дубляж устаси Римма Аҳмедованинг синовларга тўла ҳаёти, бир умр отасини кутиб ўтганлиги ҳақида

Саҳнада ўнлаб унутилмас ролларни ижро этган, дубляж санъатида минглаб қаҳрамонларга овоз берган Римма Аҳмедованинг ҳаёти гўё кино ссенарийсини эслатади. Уруш туфайли отасиз ўсган, кетма-кет оғир йўқотишларни бошидан кечирган актриса барча қийинчиликларга қарамай, ўзбек театр ва кино санъатида ўчмас из қолдирди. Бугун, 4-август санъаткорнинг таваллуд куни муносабати билан унинг ҳаёти ва ижодини ёдга оламиз.

Римма Аҳмедова 1942-йил 4-августда Тошкент шаҳрида туғилган. У оилада ягона қиз эди. Римма дунёга келганида отаси Ашур Рўзиев фронтда эди. Бувиси Анор хола ўғлини узоқ кутган. Орадан 11 йил ўтгач, келини Александрага: “Қизим, ёшсан, энди ўғлим келмаса керак, мен розиман”, деб, уни турмушга берган. Шундан сўнг Ирисой (Римма Аҳмедованинг оиладаги исми) бувисининг қўлида қолади.

“Кинотеатрга фақат уруш ҳақидаги филмларни кўриш учун борардим. Экрандан отамни, суратдаги отамга ўхшаш одамни излардим... Менинг бу одатимга бувим ҳам ишониб, умид билан оғзимга тикилардилар. Ҳатто бир неча марта хатлар ҳам ёзганман. Кутаман, кутаман... ҳеч қанақа жавоб бўлмасди. Ҳар гал ўзимча пўписа қилиб: “Дада, бу охиргиси...” деб якунлардим хатни.

Кейин ҳайрон қолардим, қўшнилар мени кўрди дегунча “Ашурнинг қизимисан?” деб йиғлаб, юз-кўзларимдан ўпиб, қўлимга қуртми, қандми беришарди. “Нега бунақа қилишади?” деб онамдан сўраганимда айтган эди: “Даданг юк машинаси ҳайдарди. Қўшнилар учун текинга ўтин-кўмир олиб келиб ташларди. Уруш бошланган. Одамлар тушкун кайфиятда. Бироз бўлса ҳам кўнгилларни кўтариш учун қўшниларни уйга чақирарди-да, дутор чертиб қўшиқ айтарди”. Дадам урушга ҳам кўнгиллилар сафида жўнаган эканлар. Яна хафа бўлганман, демак, бизни ўз ихтиёрлари билан ташлаб кетган эканлар-да, деб”.

Бўлажак актриса мактабда ўқиб юрган вақтларида балет тўгарагига қатнаган. Кейинчалик яқинларининг норозилиги сабаб балетни ташлашга мажбур бўлган. Римма Аҳмедова мактабни тамомлагач, Тошкент театр ва рассомчилик санъати олийгоҳининг Драма ва кино актёрлиги бўлимида таҳсил олган.

Олийгоҳдаги ўқишни якунлаш арафасида у, бир ой ичида ҳам онасидан, ҳам боқиб катта қилган бувисидан айрилган. Бу йўқотишлардан кейин у анчагача ўзига кела олмаган.

“Онамни кўргим келарди, борсам-у, бағрида бир неча кун ётиб келсам. Лекин ойи(буви)м ёлғиз ўзимни ҳеч қўймасдилар. Бирга бориб, яна бирга қайтардик. “Ўгай ота қовоғини уйиб, боламнинг дилини оғритмасин”, деган ўй билан мени аяганлар. Бир кун дона-дона қилиб тушунтирдилар ҳам: “Ирис, чироғим, онангни энди ўз ҳаёти, оиласи, болалари бор. У қанча тинч яшаса, сен билан менга шунча яхши. Ҳадеб боравериб, халал берма”. Шундан кейин тинчиб қолдим. Лекин онам ҳам кўп яшамади. Йигирма ёшимда аввал бувим, йигирма кундан кейин – 16-январда онам вафот этди”.

Актриса ўз фаолиятини ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида бошлаган. Ушбу театрда у “Қирол Лир”, “Келинлар қўзғалони” ва “Парвона” каби ўнлаб машҳур спектаклларда рол ижро этган. 1987-йилга келиб у кўплаб ҳамкасблари билан бирга Ўзбек миллий драма театрига ўтган ва ўз фаолиятини ушбу театрда давом эттирган.

Актриса кинода ҳам ўзига хос образлар яратган бўлиб, “Даллол”, “Юзсиз”, “Шўрпешоналар”, “Бомба” сингари бизга таниш филмларда суратга тушган.

Актриса ўзбек томошабинларига асосан дубляждаги фаолияти билан яхши таниш. Римма Аҳмедова дубляждаги дастлабки фаолиятини ХХ асрнинг 60-йилларида бошлаган.

Ўша даврларнинг машҳур филмлари саналган “Уруш ва тинчлик” (Наташа Ростовага), “Маугли” (қоплон Багирага), “Сангам” (Радҳага), “Иф қалъасининг маҳбуси” (Мерседесга), “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” (Зинага), “Қайнона” (Офатга), “Ишдаги ишқ” (Олга Рижовага), “Одам амфибия” (Гутиера), “Зита ва Гита” каби филмларнинг овозлаштирилишида иштирок этган. Ушбу соҳадаги қарийб 35 йиллик фаолияти давомида 2 мингга яқин филм қаҳрамонларига овоз берган.

Римма Аҳмедова таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан оила қурган. Бу пайтда актрисанинг аввалги турмушидан икки қизи бўлган. Римма Аҳмедова Баҳодир Йўлдошев билан кўп йил бирга яшашган — бир ўғил фарзандли бўлишган. Кейинчалик турли келишмовчиликлар сабаб ажрашган.

“Ўғлим онам вафот этган санада туғилади, деб ҳеч ўйламагандим. Москвага кетиш олдидан Баҳодир дўхтирларнинг тахминини айтганида, “Хавотир олманг, кўзим бу кунда ёриши мумкин эмас!” деганман. Труппа 1979-йил январ ойи ўрталарида “Рўйхатларда йўқ” спектакли билан Москвага кетганди. Учинчи кун уларни кутиб олгани аеропортга чиққан Мирғиёс акам “Баҳодир, суюнчи бер, ўғил кўрдинг. Тўрт кило!” деган қувониб. Ўшанда деразадан қарасам, Баҳодирнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди”.

Актрисанинг қизлари санъат соҳасини танламаган. Катта қизи Лола Аҳмедова Шарқшунослик университетини форс тили мутахассислиги бўйича битирган, кичик қизи Юлдузхон эса филолог сифатида фаолият юритади. Аммо ота-онасидан мерос ўтган санъатга қизиқиш сабабми Лола Аҳмедова 2021-йилда “Мени асра” сериалида Дилбар ролини ўйнаб, томошабинлар эътиборга тушди.

Актрисанинг ёлғиз ўғли Бобур Йўлдошев ҳам ота-онаси каби таниқли актёр, ҳозирда отаси ташкил қилган “Дийдор” театрида бош режиссёр сифатида фаолият юритади.

Римма Аҳмедова бошқаларнинг бахти учун туғилган эди. Аксар ҳолларда эри режиссёр бўлган актрисалар театр репертуарини ўзининг сиёсатига бўйсундиради. Бироқ Римма опа ҳеч қачон “режиссёрнинг хотини” мақомини эгалламаган. У учун биринчи ўринда Баҳодирнинг манфаатлари турарди. Жараёнлардан ўзини четга оларди. Труппада фақат оналик ролини ўйнарди. Актёрлар дардини, сирини Римма опага ёрарди. Отани чалғитмаслик, уни аяш учун “бола”ларининг майда-чуйда гапларини етказмас, ўз навбатида, уларнинг ҳам кўнглини ўкситмай, силаб-сийпалаб ярасига малҳам изларди. Ҳақиқий Тереза она эди. Театр тарихида бунақаси кам. Албатта, бу “рол” уни руҳан толиқтирарди... Жамоадаги мувозанатни ушлаб туришда опанинг авторитети ҳам катта рол ўйнарди. Сўзи ўзига мос тушадиган яхлит одам эди, нотаси тугал мусиқий асарни эслатарди у.

“Умрининг сўнгги йили... Оғир бетоб. Ўзини бироз яхши сезди дегунча, фарзандларимни безовта қилмай деб, исм-фамилияси, уй манзили, телефон рақами ёзилган қоғозчани енгига қистириб, ҳеч кимга билдирмай бозорга чиқиб кетарди... Болалар уйғонганда ҳамма нарса тайёр турарди”, деб эслайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Каримова.

Римма Аҳмедова кўкрак саратонига чалингач, 1997-йилда фаолиятини бутунлай якунлашга мажбур бўлди. Актриса ушбу оғир касаллик сабаб у 2006-йил 13-ноябр куни 64 ёшида оламдан ўтди.

Актриса Чиғатой қабристонига дафн қилинган.

Римма Аҳмедованинг ҳаёти ва ижодий фаолияти публицист Иқбол Қўшшаева томонидан яхши ўрганилган. Иқбол Қўшшаеванинг илк китоби Римма Аҳмедованинг ҳаётига бағишланган.

2025-йилда Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан актриса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.