Туркиянинг “Олис шаҳар” ва “Лейла” сериаллари халқаро “Эмми” мукофотига номзод бўлди

Туркиянинг “Олис шаҳар” ва “Лейла” сериаллари халқаро “Эмми” мукофотига номзод бўлди
2026-йил 23-ноябр куни АҚШда халқаро “Эмми” мукофотини топшириш маросими ўтказилади. Бу гал дизи ишқибозлари тадбирни янада синчиклаб кузатади, чунки бирйўла иккита турк сериали рўйхатга кирди ва энг яхши теленовелла учун курашади.
“Халқаро Эмми” (Интернатионал Эммй) номинацияси — АҚШдан ташқарида суратга олинган лойиҳалар учун танлов ҳисобланади.
Рўйхатга “Ай Япим” продюсерлик компанияси лойиҳалари киритилган бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам бошқа мамлакатлардаги машҳур сериаллар асосида ишланган адаптациялардир. Биринчи номзод — сюжети машҳур Ливаннинг “Ал-Ҳайба” драмасига таянган “Олис шаҳар” дизиси, иккинчиси эса — машҳур “Бразилия шоҳкўчаси” лойиҳаси асосида суратга олинган “Лейла” сериалидир.
Категорияда тўртта финалчи борлиги сабабли, “Олис шаҳар” ва “Лейла” ғолиблик учун Бразилиянинг “Диққат марказида қиз” (Гарота до Моменто) сериали ҳамда Испаниянинг “Ёввойи водий” (Валле Салваже) сериалининг иккинчи мавсуми билан беллашади.
“Ай Япим” продюсерлик компанияси учун бу халқаро “Эмми” мукофотидаги илк номинация эмас. 2023-йилда уларнинг “Ярги” сериали қисқа рўйхатга киритилган, шундан кейин лойиҳа жамоаси муносиб ғалаба билан қайтган эди. Бундан ташқари, ўтган йили Арас Булут Ийнемли иштирокидаги “Деҳа” сериали статуеткани қўлга киритганида ҳам ғалаба яна уларга насиб этганди.
“Олис шаҳар” 2024-йил ноябридан бери экранларда намойиш этилмоқда. Шу вақт ичида лойиҳа бир нечта рейтинг рекордларини янгилашга эришди ва сўнгги йиллардаги энг кўп муҳокама қилинган турк сериалларидан бирига айланди.
Ҳозир бутун дунё бўйлаб томошабинлар Алиянинг Будапештга жўнаб кетиши, Шаҳиннинг ўлими ва Садокатнинг Боранга узган ўқидан кейин лойиҳанинг учинчи мавсумида воқеалар қандай давом этишини диққат билан кузатмоқда.
Алперен Дуймаз ва Жемре Байсел иштирокидаги “Лейла” сериали 2024-йил 11-сентябрдан 2025-йил 6-августгача экранларга чиқди.
Экранда Лейланинг ўгай онаси ва Живаннинг онаси Гонжа Вуслатерининг (Нур) истеъдодли ижроси кўпчилик томонидан алоҳида қайд этилди. Кўпинча унинг иштирокидаги саҳналар лойиҳа бош қаҳрамони қатнашган саҳналарни ҳам ортда қолдириб кетарди, сериал намойиш этилган пайтда эса актрисанинг Жемре Байсел билан чиқиша олмаслиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди.

