Туркияни айблаган Исроил ва Европада ушланган украиналик диверсант – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

**Туркия ва Исроил ўртасидаги кескинлик, Украин диверсанти ва бошқа хабарлар – кун дайжести**
**Исроил Туркияни огоҳлантирди**
Пайшанба куни Исроил мудофаа вазири Исраил Кац Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни "Туркияни Суриядаги хавфли саргузаштларга тортишда" айблади. Кацнинг таъкидлашича, "Исроил ҳеч қандай тузилмага ўз хавфсизлигига таҳдид солишига йўл қўймайди".
Бу баёнотлар Исроилнинг ҳафта бошида Суриянинг "Абу Дуҳур" авиабазасига уюштирган ҳаво ҳужумларидан сўнг янгради. Ўшанда Исроил бу базага Туркия қўшинлари жойлашмоқчи эканини даъво қилганди.
Кейинроқ Туркия мудофаа вазирлиги Сурия авиабазасида ҳеч қандай ҳарбий иштироки йўқлигини маълум қилди. Вазирлик, шунингдек, Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб, бу ҳужумлар "қабул қилиб бўлмайдиган" ва минтақавий тинчликка таҳдид солишини айтди.
Туркия расмийси "Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, унинг барқарор ва хавфсиз муҳит ўрнатишига ёрдам беришда қатъий давом этади", деди.
Шу кунларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҳам Сурияни Туркия иштироки ҳақида огоҳлантирганини айтди. "Бизнинг хабаримиз жуда аниқ эди. Ундай қилманг, дедик. Менимча, улар хабарни унчалик яхши тушунишмади", деди Нетаняху.
Айни пайтда, Сурия ташқи ишлар вазири Асад Шайбоний ҳужумдан олдин турк кучларини жойлаштириш режаси йўқлигини очиқ айтганини билдирди. Шу сабабли, "Исроилнинг бу бомбардимонига ҳеч қандай қонуний асос йўқ".
Унинг қўшимча қилишича, асосан бўш турган база ҳали ишга туширилмаган ва ундан Сурия кучлари фойдаланиши учун қайта тикланаётган бўлган.
У Исроил ҳужумидан бир неча кун олдин турк ҳарбий офицерлари объектга ташриф буюрганини тан олди. Аммо бу "таълим ва тажриба алмашиш соҳаларидаги ҳарбий ҳамкорлик" учун эканлигини алоҳида таъкидлади.
Исроилнинг жорий ҳафтада Сурияга уюштирган ҳужумлари Туркия ва Исроил ўртасида кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Бундан ташқари, Туркия ва Исроил ўртасида Ғазодаги уруш бўйича ҳам ихтилофлар мавжуд.
**Украиналик диверсант ҳибсга олинди**
Пайшанба куни Хорватия суди "Шимолий оқим" газ қувурларидаги портлашларга алоқадор иккинчи шахс – украиналик ғаввосни ҳибсга олишга рухсат берди. Хорватия расмийлари унинг Германияга экстрадиция қилиниши бўйича сўровни кўриб чиқаётган пайтда у ҳибсда сақланади. Суд бу қарорини унинг "қочиб кетиш хавфи" борлиги билан изоҳлаган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, украиналик эркак америкалик режиссёр ишлаётган филмнинг суратга олиш майдончасида қўлга олинган. Филм сюжети ҳам айнан "Шимолий оқим"ларнинг портлатилиши билан боғлиқ реал воқеаларга асослангани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, қўлга олинган украиналик суратга олиш гуруҳида маслаҳатчи сифатида ишлаган.
Биринчи гумондор ҳам украиналик Сергей исмли шахс бўлиб, у 2025-йил августда Италиядан Германияга экстрадиция қилинганди. Тергов маълумотларига кўра, у диверсантлар гуруҳига раҳбарлик қилган.
Болтиқ денгизи тубида тортилган – Россия газини Германияга ташийдиган "Шимолий оқим" ва "Шимолий оқим - 2" газ қувурларининг учтаси 2022-йил сентабрда портлатилган. Ўша пайтда уларнинг ҳеч бири орқали газ ташилмаётган бўлган.
2026-йил июлда Германия Федерал прокуратураси қувурларнинг портлатилиши Украина давлат органлари буйруғи билан ташкил этилган, деган хулосага келди.
Ушбу иш Германия ва Украина учун сиёсий жиҳатдан ноқулайдир, чунки Берлин Киевнинг Россияга қарши курашини қўллаб-қувватлаб келади. Германия ҳукумати расмийлари бу масала юзасидан берилган саволларга суд тизимининг мустақиллигини рўкач қилади.
Президент Зеленский эса унинг ҳукумати қувурларни портлатиш режаси ҳақида ҳеч нарса билмаганини айтган.
**АҚШдан депортация қилинган мексикаликлар**
Қўшма Штатлар жорий йилда тахминан 2300 нафар мексикаликни Гватемалага депортация қилиб юборди.
АҚШдан депортация қилинган мексикаликлар шу пайтгача асосан тўғридан-тўғри ўз мамлакатига қайтариларди. Гватемала президенти Бернардо Аревалонинг айтишича, "депортация қилинган мексикаликлар 24 соат ичида ўз ватанига ўтказилмоқда ва транспорт харажатларини Мексика ёки АҚШ қопламоқда", деди Бернардо.
Трамп маъмуриятининг ўзгарувчан ушбу амалиётига Мексика қарши чиқмоқда.
"Ҳукуматимиз АҚШ расмийларига ушбу амалиётга қарши эканини билдирди. Мексиканинг ҳар бир фуқароси ўз мамлакатига кириш ҳуқуқига эга экани таъкидланди", дейилади Мексика ТИВ баёнотида.
Аслида халқаро келишувларга кўра, агар муҳожирларнинг ватанлари уларни қабул қилишдан бош торца ёки уларни қайтариш хавфсиз бўлмаса, улар учинчи давлатларга жўнатилиши мумкин. Акс ҳолда, улар тўғридан-тўғри ўз фуқаролиги бўлган давлатга депортация қилиниши керак.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ уларни ўз чегарасидан узоқлаштириш орқали ўз ҳудудига қайта киришини қийинлаштирмоқчи. Хабарларга кўра, АҚШ депортация қилган баъзи мексикаликлар Гондурасга ҳам жўнатилмоқда.
**Руминияда денгиз дрони йўқ қилинди**
Россиянинг Украинадаги урушига алоқадор дронлар, миналар Украина билан чегарадош ва НАТО аъзоси бўлган Руминия учун тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда.
Хусусан, пайшанба куни Руминия қирғоғидаги "Нептун Дееп" газ лойиҳасидан бир неча юз метр масофада денгиз дрони пайдо бўлди. Шундан сўнг Ф-16 қирувчилари ҳавога кўтарилган.
Руминия мудофаа вазири ушбу дрон "портловчи моддалар билан тўлдирилган"лигини айтди.
"Платформада ишлаётган бир неча юз кишининг ҳаётини ҳимоя қилиш ва инфратузилма хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уни йўқ қилишга қарор қилинди", деган вазир. Унинг айтишича, Украина ушбу дрон ўз кучларига тегишли эмаслигини тасдиқлаган.
Алоҳида хабарда Руминия пайшанба куни эрта тонгда ҳаво дрони ҳам унинг ҳудудига – аҳоли яшамайдиган ҳудудга қулаганини маълум қилди.
Ой бошида Руминия ҳарбий ғаввослари худди шу иқтисодий зонада сузиб юрган иккита денгиз дронини йўқ қилишганди.
Руминия президенти пайшанба кунги дрон билан боғлиқ ҳодисада Москвани айблади. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Леен эса Иттифоқ "гибрид уруш" кампаниясига дуч келаётганидан огоҳлантирди.
**Европа давлатлари Исроилга норозилик билдирди**
Исроил босиб олинган Ғарбий соҳилнинг стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудида 1,2 мингга яқин кўчманчилар уйлари қурилиши бўйича тендерлар эълон қилмоқчи. Бу режа йирик Ғарб давлатлари томонидан янги қоралаш тўлқинига сабаб бўлди.
Буюк Британия, Франсия, Германия, Италия ва Канада қўшма баёнотида ушбу қарорни "қабул қилиб бўлмайдиган" деб атади ҳамда Исроилни "режаларни зудлик билан бекор қилишга" чақирди.
"Ғарбий соҳилда жиддий беқарорлик ҳукм сураётган, кўчманчилар томонидан тинч аҳолига нисбатан мисли кўрилмаган даражада зўравонлик содир этилаётган ва Фаластин иқтисодиётига жиддий чекловлар қўйилган бир пайтда бу қарор янада кўпроқ хавотир уйғотади", дейилади ғарбликлар эълон қилган баёнотда.
Алоҳида баёнотда БМТ Бош котиби ҳам ушбу режа Фаластин давлати учун "мавжудликка таҳдид" эканлигини таъкидлади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, барча Ғарбий соҳилдаги яҳудий аҳоли пунктлари ноқонуний ҳисобланади. Халқаро босим остида Исроил ўнлаб йиллар давомида Қуддус шарқидаги Э1 ҳудудида қурилиш режаларини тўхтатиб келган.
Исроилнинг кўплаб иттифоқчилари ва фаластинликлар бу каби қурилишлар "икки халқ учун икки давлат" тамойилига жиддий зарба бериши айтади. Бу амалда Ғарбий соҳилни икки қисмга бўлиб ташлаш ва Шарқий Қуддусни яккалаб қўйишни англатади.
Ушбу режалар илк бор эълон қилинган пайтда, ўта миллатчи ва радикал молия вазири Безалел Смотрич Фаластин давлати ғояси "йўқ қилинаётганини" айтганди.
Аввалроқ, Туркия ва араб давлатлари ҳам Исроилнинг бу режасини қоралаб, баёнот берди.

