Туркиялик ҳакам денгизда чўкиб вафот этди

Туркиялик собиқ футболчи ва ҳакам Ҳоқон Эргин 34 ёшида Зонгулдак яқинидаги денгизда чўкиб вафот этди. Бу Туркия футболида қайғули воқеа бўлди.
Воқеа туш пайтида Узумкум соҳилида юз берган. Маҳаллий ҳокимият кучли тўлқинлар туфайли денгизда чўмилишни тақиқлаган эди. Огоҳлантиришларга қарамай, Эргин денгизга кирган ва тез орада кўздан ғойиб бўлган.
Ҳодиса ҳақида хабар берилгач, қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб келишган. Улар 34 ёшли Ҳоқонни денгиздан олиб чиқиб, соҳилдаги тез ёрдам ходимларига топширишган. Эргин тез ёрдам машинасида Отатурк номидаги шифохонага олиб борилган, аммо шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Маълумотларга кўра, Ҳоқон Эргин футболчилик фаолиятини тугатгандан сўнг ҳакамлик билан шуғулланган.
Аввалроқ, Уганданинг энг кўп соврин ютган клуби — “Вилла” сардори Девид Оворининг Кампала шаҳридаги уйи яқинида ҳужумга учраб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

