Дунё

Туркияда илк бор аёл ҳарбий-ҳаво кучлари генерали бўлди

Туркияда илк бор аёл киши Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Тüркие Газетеси хабар берди.

Полковник Ўзлем Карапинар 30-августдан бошлаб мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг биринчи аёл генерали бўлади. Ушбу қарор Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон раислигида ўтказилган Олий ҳарбий кенгаш йиғилишида қабул қилинди. Икки соат йигирма дақиқа давом этган мажлисда Қуролли кучлар қўмондонлик таркибидаги янги тайинловлар, унвон оширишлар ва истеъфога чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Кенгаш қарорига кўра, Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, армия генерали Зия Жемал Кадиўғлу лавозими тугатилгани сабабли истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига Жанговар ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, армия генерали Рафет Далкиран янги қўмондон этиб тайинланди.

Йиғилишнинг муҳим қарорларидан бири полковник Ўзлем Карапинарнинг бригада генерали унвонига кўтарилиши бўлди. 2026-йил 30-августдан бошлаб бу қарор расман кучга киргач, у Туркия ҳарбий ҳаво кучлари тарихидаги биринчи аёл генерал сифатида қайд этилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2026-йил апрел ойида Австралия армиясини тарихда илк бор аёл киши бошқариши маълум бўлганди. Генерал-лейтенант Сюзан Койл июл ойидан мазкур лавозимга киришган. 2025-йилда эса бутун дунёда МИ6 номи билан танилган Британия ташқи разведка хизматига илк бор аёл раҳбар — 47 ёшли Блейз Метревели тайинланганди. У 1999-йилда Кембриж университетида таҳсил олаётган пайтда разведка хизматига ишга кирган. Фаолиятининг катта қисмини Яқин Шарқ ва Европада ўтказган. Тайинловга қадар у МИ6 да технологиялар ва инновациялар бўлимига раҳбарлик қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.