Сиёсат

Туркияда 3,5 мингга яқин КИП тарафдори озод қилиниши мумкин

Туркия парламенти тақиқланган Курдистон ищилар партияси (КИП) жангчилари учун муайян шартларга боғланган чекланган амнистия тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат КИПнинг собиқ аъзоларига тинч ҳаётга қайтиш имконини берувчи механизмни назарда тутади. Дастлабки босқичда 3,5 мингга яқин маҳбус озод қилиниши мумкин.

Туркияда 3,5 мингга яқин КИП тарафдори озод этилиши мумкин

Туркия парламенти 10-август куни тақиқланган Курдистон ищилар партияси (КИП) аъзолари учун чекланган ва муайян шартларга боғлиқ амнистияни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Овоз беришда 468 нафар депутат қонунни қўллаб-қувватлади, 88 нафари қарши овоз берди, олти нафари бетараф қолди.

АФП агентлигининг хабар беришича, янги қонун КИП аъзоларига қуролли фаолиятдан воз кечиб, Туркияда тинч ҳаётга қайтиш имконини берувчи ҳуқуқий механизмни яратади. Ҳужжатга кўра, айрим жиноятлар бўйича жиноий таъқиб ва тайинланган жазоларнинг ижроси беш йилдан ўн йилгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин. Агар шахс ушбу давр мобайнида янги жиноят содир этмаса, унга нисбатан олиб борилаётган тергов тугатилади, тайинланган жазо эса ўталган деб ҳисобланади. Бироқ, қотиллик каби оғир жиноятларга алоқадор шахслар ушбу тартибдан фойдалана олмайди.

Туркия депутатлари маълумотларига кўра, қонунни амалга оширишнинг биринчи босқичида мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган КИПнинг қарийб 10 минг нафар собиқ тарафдоридан тахминан 3,5 минг нафари озод қилиниши мумкин. Шу билан бирга, амнистия шартлари автоматик равишда кучга кирмайди. Аввало, Туркия хавфсизлик идоралари КИП ва унга боғлиқ тузилмалар тарқатилгани ҳамда улар қуролларини топширганини тасдиқлаши керак. Ушбу хулоса Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланиши ва расмий нашрда эълон қилиниши лозим.

Янги қонунда Курдистон ищилар партияси асосчиси Абдулла Ўжаланнинг келгуси тақдирига оид алоҳида қоида белгиланмаган. Ўжалан 27 йилдан буён қамоқда сақланмоқда. КИП вакиллари эса уни озод қилмасдан туриб, қонуннинг кўплаб қоидалари кутилган натижани бермаслигини билдирган.

Қонун лойиҳасини президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари, унинг иттифоқчиси – Миллатчи ҳаракат партияси ҳамда курдпараст мухолифатдаги ДЕМ партияси вакиллари қўллаб-қувватлади. Туркия президенти маъмурияти қонун қабул қилинишини «терроризмсиз Туркия» мақсадини амалга ошириш йўлидаги «муҳим сигнал» сифатида баҳолади. Президент маъмурияти буни «тарихий қадам» деб атаб, қарор мамлакатда тинчликни, шунингдек, жамият бирлиги ва давлат яхлитлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини билдирди.

Абдулла Ўжалан Курдистон ищилар партиясига 1978-йилда асос солган. Кейинчалик ташкилот курдлар ҳуқуқлари ва дастлаб мустақил Курдистон ташкил этиш мақсадини илгари суриб, Туркия давлатига қарши қуролли кураш йўлини танлаган. АФП маълумотига кўра, 1984-йилдан бошланган КИП ва Туркия армияси ўртасидаги қуролли тўқнашувларда камида 50 минг киши ҳалок бўлган. 2013-йилда томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинган, аммо 2015-йил ёзида тинчлик жараёни барбод бўлган.

2025-йил февралида Имрали оролида жазо ўтаётган Ўжалан КИПни қуролни топшириш ва ўзини ўзи тарқатишга чақирган. Орадан уч ой ўтиб, КИП раҳбарияти ташкилот тарқатилиши ва Туркия давлатига қарши кўп йиллик қуролли кураш тўхтатилишини эълон қилган. 2025-йил июлида қуролсизланиш жараёни бошланган. Октябр охирида КИП ўз қуролли тузилмаларини Туркия ҳудудидан олиб чиқишини, ноябрда эса Ироқ шимолидаги Туркия билан чегарадош ҳудуддан ҳам чекинишини маълум қилган.

Курдистон ищилар партияси Германияда 1993-йилдан буён экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган. АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва Австралия эса КИПни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.