Турк сериалларининг севимли актрисаси Неслиҳан Атагулнинг энг яхши 8 та роли

Турк киносининг ёрқин юлдузи Неслиҳан Атагулнинг энг яхши 8 та роли
Турк актрисаси Неслиҳан Атагул асосан драматик роллари билан танилган. Кўринишидан, продюсерлар унинг ғамгин нигоҳларини оғир тақдирли қаҳрамонлар образини яратиш учун жуда мос деб билишади.
Неслиҳан Атагулнинг ҳар бир экрандаги чиқиши табиий кўринади ва томошабинларни шунчаки сериал ёки филм томоша қилаётганига эмас, балки реал инсон ҳаётини кузатаётганига ишонтиради. Узоқ вақтдан бери экранларда кўринмаётган актриса 2026-йилнинг кузида янги рол билан телевидениега қайтмоқда.
**“Хазонрезги 16+”**
*Асл номи:* Япрак Дўкüмü
*Йиллар:* 2006–2010
*Жанр:* драма
*Актёрлар:* Ҳалил Эргüн, Гüвен Ҳокна, Бенну Йıлдıрıмлар
Филм кичик шаҳарчада яшаб, кейин Истанбулга кўчиб ўтган Текинлар оиласининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Оила бошлиғи ҳамма унинг қоидаларига риоя этиши ва ахлоқий меъёрларга амал қилишига ўрганиб қолган, бироқ янги жой ва янги шароитлар тартибни ўзгартириб, ҳар бир кишини синовдан ўтишга мажбур қилади.
Неслиҳан Атагул сериал ижодий жамоасига 2008-йилда қўшилган ва 2009-йилгача Дениз исмли қиз ролини ижро этган. Бу унинг катта кино оламига қўйган илк қадами бўлди. Айнан ўшанда турк сериаллари мухлислари бу актриса билан илк бор танишган эдилар.
**“Юрагим сени танлади”**
*Асл номи:* Калбим Сени Сеçти
*Йиллар:* 2011–2012
*Жанр:* драма
*Ролларда:* Сермиян Мидят, Эбру Жундубеёғлу, Неслиҳан Атагул (Мелис роли)
Бош қаҳрамон Каан бадавлат оилада туғилиб ўсган. Кунлардан бир кун у мафтункор бир қизни севиб қолади, бироқ унинг қалбини забт этиш осон бўлмайди, чунки қизнинг кўнглига даъвогарлар орасида у ягона эмасди.
Каан ўзига рақиб, ҳатто душман деб билган инсон ўзи борлигидан бехабар бўлган укаси эканлиги маълум бўлгач, вазият янада чигаллашади.
Неслиҳан Атагул Мелис исмли иккинчи даражали қаҳрамон образини гавдалантирган. “Юрагим сени танлади” сериалидаги роли актрисанинг продюсерлар назарига тушиши ҳамда ўзининг тажриба орттириб, машҳур ҳамкасблари билан бирга ишлаши учун яна бир қадам бўлди.
**“Ишқ соҳиллари”**
*Асл номи:* Фатиҳ Ҳарбие
*Йиллар:* 2013-2014
*Жанр:* драма, мелодрама
*Актёрлар:* Қодир Доғулу, Неслиҳан Атагул, Юнус Эмре Йилдиример
“Ишқ соҳиллари” – афсуски, икки хил дунёга мансуб бўлган Неримон ва Мажиднинг драматик севги қиссасидир. Қиз болалиги ва ёшлигини камбағаллар маҳалласида ўтказган, уни севиб қолган йигит эса бадавлат оиланинг фарзанди эди.
Мажиднинг оиласи камбағал рассом қиз Неримон унга муносиб эмаслигига ишонади, бироқ йигит бунинг аксини исботлаш учун ҳамма нарсага тайёр.
Ушбу драмадаги илк бош ролни Неслиҳан Атагул ижро этган. У шу ерда бўлажак турмуш ўртоғи – актёр Қодир Доғулу билан танишган. Актёрнинг сўзларига кўра, ёш юлдуз уни ўз истеъдоди ва ўзига хос жозиба бахш этиб турган беғуборлиги билан мафтун қилган.
**“Севги изтироби”**
*Асл номи:* Кара Севда
*Йиллар:* 2015-2017
*Жанр:* мелодрама, драма
*Актёрлар:* Бурак Ўзчивит, Неслиҳан Атагул, Каан Урганжиоглу
Бош қаҳрамон Ниҳан бадавлат, лекин ҳозирда хонавайрон бўлган оилада туғилиб ўсган, унинг суюклиси Камол эса оддий сартарошнинг ўғли.
Қизга уйланиш ғоясига берилиб қолган Амир аралашмаганида, бу ҳам уларнинг бирга бўлишига тўсқинлик қилмасди. У мақсадига эришиш учун ҳамма нарсага, жумладан, шантажга ҳам тайёр. Амирнинг қилмиши сабабли Ниҳан бу мажбурий никоҳга рози бўлади, акс ҳолда укасини қутқара олмайди. Камол юраги парчаланган ҳолда шаҳарни тарк этади, бироқ йиллар ўтиб қайтиб келади ва ҳис-туйғулари ҳеч қаёққа йўқолмаганини тушуниб етади.
Неслиҳан Атагул ушбу лойиҳада Ниҳан ролини ижро этган ва бу рол унинг фаолиятида ҳақиқий ютуқ бўлди. Дизи мухлислари актрисани айнан халқаро “Эмми” мукофотини қўлга киритган ушбу сериалдан сўнг севиб қолишган.
**“Сендан қолган ягона нарса”**
*Асл номи:* Сенден Бана Калан
*Йил:* 2015
*Жанр:* драма, мелодрама
*Актёрлар:* Неслиҳан Атагул, Экин Коч
Филм воқеалари ретроспективадан бошланади. Биз фожиали вазиятларда ота-онасидан айрилган Ўзгур исмли кичик болакайни кўрамиз. Шундан сўнг у меҳрибонлик уйига тушиб қолади ва у ерда ўзининг илк муҳаббати — Элиф исмли қизалоқни учратади.
Болани олиб кетиш учун бадавлат бобоси келгач, тақдир уларни бир-биридан айиради ва йўллари ажралади. Орадан ўн йил ўтиб, васий ўз меросхўрига шарт қўяди: бобосининг бойлигига эга бўлиши учун Ўзгур ўзи туғилган қишлоқдаги юқори синфларда ўқишини тамомлаши керак.
У ерда эркатой Ўзгурни Элиф билан учрашув кутади ва у болаликдаги меҳр-муҳаббат янги куч билан алангаланаётганини ҳис қилади. Аммо самимий ва меҳрибон қизга бўлган муҳаббат бош қаҳрамонни ўзгартириб, уни яхши инсонга айлантира оладими?
Неслиҳан Атагул ўша, 10 йиллик айрилиқдан сўнг Ўзгур (Экин Коч) қайтадан севиб қолган Элиф ролини ижро этган. Танқидчилар ва томошабинлар актрисанинг кадрда кўрсатган маҳоратини юқори баҳолаб, унинг ўз қаҳрамони кечинмаларини жонли ва табиий тарзда етказиб бера олганини таъкидлашган.
**“Элчининг қизи”**
*Асл номи:* Сефирин Кизи
*Йил:* 2019-2021
*Жанр:* жангари филм, драма, мелодрама, жиноят
*Актёрлар:* Энгин Акюрек, Неслиҳан Атагул
Бош қаҳрамон Наренинг отаси унинг оиласига мавқейи жиҳатидан тўғри келмайдиган Санжар билан муносабатларига ҳамиша қарши бўлган. Бироқ қиз ўз туйғуларидан воз кеча олмай, севган йигити билан яширинча турмуш қуришга рози бўлади.
Биринчи никоҳ кечаси аксини исботламагунча, гўё ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Рашк ва ишончсизликка берилган Санжар Наре билан жанжаллашиб, уни ҳайдаб юборади, чунки ундан олдин бошқа бир эркак билан бўлганини англаб етади. Қаҳрамон қизнинг зўравонлик қурбони бўлгани ҳақидаги сўзларига ишонмайди ва гўзал севги қиссаси кўз ўнгида чилпарчин бўлади.
Наре ўз жонига қасд қилишга қарор қилади, аммо омон қолади ва орадан тўққиз йил ўтиб, қўлида қизи билан Санжарнинг ҳаётида қайта пайдо бўлади. Аммо муаммо шундаки, Санжар онасининг хоҳиши билан бошқа аёлга уйланиши керак эди.
Неслиҳан Атагул ўша бахциз ва суюкли инсони томонидан хиёнатга учраган Наре ролини ижро этган. Бу рол унинг фаолиятида муҳим поғона бўлди, бироқ актрисанинг соғлиғига жиддий путур етказди, шу сабабли у лойиҳани муддатидан олдин тарк этишга қарор қилди.
**“Тун охирида”**
*Асл номи:* Гесенин Усунда
*Йиллари:* 2022-2023
*Жанри:* драма, мелодрама
*Ролларда:* Неслиҳан Атагул, Кадир Доғулу
Бош қаҳрамон Мажиде Анқарада яшаб, банкда ишлайди ва у ерда ўзини кундан кунга бахциз ҳис қилиб боради. Муаммо шундаки, қизга табиблик қобилияти мерос бўлиб ўтган, бироқ у буни рўёбга чиқара олмайди. Кунлардан бир кун фолбин аёл қаҳрамоннинг ҳаёти тез орада ўзгаришини, ўзи эса муҳаббатини учратишини башорат қилади.
Шу сўзлардан сўнг Мажиде Истанбулга кўчиб ўтади ва у ерда йирик фармацевтика компанияси раҳбари Аҳмет Ишик билан танишади. Аҳмет дарҳол қизни севиб қолади ва унга турмуш қуришни таклиф қилади, қиз эса рози бўлади.
Бироқ Ишикларнинг нуфузли оиласидаги ҳаёт қаҳрамонга янги кутилмаган воқеалар ва турмуш ўртоғининг акаси — Козим билан учрашувни ҳозирлаб қўяди. Козим уйланган, аммо никоҳида бахциз, чунки фарзандидан айрилгач, хотини ичкиликка берилиб кетган. Мажиде ва Козим ўртасида тақиқланган севги аланга олгач эса ҳамма нарса янада чигаллашади.
Неслиҳан Атагул Мажиде ролини ижро этган ва турмуш ўртоғи Кадир Доғулу билан иккинчи марта бир филмда суратга тушган. Афсуски, лойиҳа томошабинлар томонидан юқори баҳоланмади, шу сабабли муддатидан олдин тўхтатилди.
**“Оҳ, Белинда”**
*Асл номи:* Аааҳҳ Белинда
*Йил:* 2023
*Жанр:* драма, комедия
*Актёрлар:* Неслиҳан Атагул, Серкан Чаёглу
Кунларнинг бирида экран юлдузи “Белинда” шампуни рекламасида бош қаҳрамон ролини ўйнашга рози бўлади.
Ссенарийга кўра, Дилара икки фарзанди ва эри бор, ҳаётдан эзилган Хандон исмли уй бекасини гавдалантириши керак эди. Реклама шиорини айтиши биланоқ у ҳушидан кетади. Ўзига келгач эса, кадрда ўйнаган ссенарийси унинг янги ҳаётига айланганини англаб етади. Энди омон қолиш учун у ўзини ва атрофида нималар содир бўлаётганини тушуниши лозим. Бироқ буни уддалаш осон бўлмайди, чунки атрофдагиларнинг бари уни шунчаки руҳий хаста деб гумон қила бошлайди.
Ҳашаматли ҳаётга ўрганиб, кутилмаганда ўзи учун бегона дунёга тушиб қолган ва янги воқеликка кўникишга мажбур бўлган ўша Диларани Неслиҳан Атагул гавдалантирган.

