Маҳаллий

Туристик стартапларга 1 млрд сўмгача субсидия берилади

Янги туризм хизматларини яратишга қаратилган энг яхши стартаплар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

Туризм соҳасидаги стартапларга 1 миллиард сўмгача миқдорда субсидия берилиши белгиланди. Бу тартиб Ҳукуматнинг 18-августдаги 443-сонли қарори билан тасдиқланди.

Қоидага кўра, субсидиялар Туризм қўмитаси томонидан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади.

Стартапни яратиш ва уни амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган миқдори қопланади. Ушбу маблағ ҳар йили энг яхши деб топилган 10 тагача туристик стартапга йўналтирилади.

Субсидия олиш учун лойиҳалар махсус комиссия томонидан баҳоланади. Комиссия таркиби Туризм қўмитаси раиси томонидан шакллантирилади.

Талабгорнинг аризаси келиб тушганидан сўнг, комиссия 5 иш куни ичида унга суҳбат ўтказилиши ҳақида хабарнома юборади.

Суҳбатдан кейин комиссия 10 иш куни давомида талабгорнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади. Бу жараёнда стартапнинг туризм соҳаси учун аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусан, лойиҳанинг маълум бир туристик хизматни ривожлантиришга қаратилганлиги, ушбу хизматга туристлар эҳтиёжи ва талабининг долзарблиги баҳоланади.

Шунингдек, стартап аввал мавжуд бўлмаган ёки мавжуд ечимни сезиларли даражада такомиллаштирган янги хизматни таклиф этаётгани ҳам инобатга олинади.

Харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, Туризм қўмитаси маблағни талабгорнинг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказади. Маблағлар қарор қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш куни ичида ажратилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.