Маҳаллий

Туманлар ихтиёрига 3,2 триллион сўм ресурс берилади

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун туман штабларига жами 3 триллион 200 миллиард сўм

Туманларга 3,2 триллион сўм миқдорида ресурс ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда туман штабларининг молиявий ваколатларини кенгайтиришга қаратилган янги чоралар белгиланди.

Эндиликда туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ҳамда тўлов графигини бизнес турига мослаштириш масалаларини мустақил ҳал қилади. Инклюзив молиялаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам уларнинг ваколатига ўтказилади.

Ҳозирги кунда оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд.

Шунингдек, кредит тарихида кечикишлар бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.

Қашшоқликни қисқартириш жамғармасидаги 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 миллиард сўм ва учта "дафтар"даги 760 миллиард сўм маблағ ҳам туман штаблари ихтиёрига берилади. Бундан ташқари, Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар мўлжалланган 300 миллиард сўмлик қолдиғи ҳам штаблар орқали ажратилади.

Шу тариқа, туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўм ресурс йўналтирилади.

Йиғилишда кредит, субсидия ва компенсация шартларини фармон ва қарорлар билан белгилаш амалиётидан воз кечилиши ҳам маълум қилинди. Энди Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради.

Шунингдек, 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари "лойиҳабай" ишлаш тизимига ўтказилади. Фидойи ва ташаббускор кадрлар лавозимига қайта тайинланади, ишига нолойиқ ходимлар эса алмаштирилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.