Троя оти: АҚШ 40 дан ортиқ давлатни йирик фирибгарликда айблади

Троя оти: АҚШ 40 дан ортиқ давлатни йирик фирибгарликда айблади
Америка Қўшма Штатлари 40 дан зиёд мамлакатни Хитойга божхона тўловларини четлаб ўтишда ёрдам берганликда айблади. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматининг "Юкларни қайта ортиш бўйича катта фирибгарлик" номли ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳужжатда айтилишича, Хитой ўз маҳсулотларини божлар паст бўлган ушбу давлатлар орқали ўтказиб, Американинг юқори божхона тўловларидан қочган. Ҳисобот муқовасида Троя оти тасвири жойлаштирилган.
Хитой учинчи мамлакатлардан товарларга арзимас ишлов бериш, уларни қайта маркалаш, қадоқлаш ёки бошқа кичик ўзгартиришлар киритиш учун фойдаланган. Шу йўл билан маҳсулотлар гўёки Хитойда ишлаб чиқарилмагандек кўрсатилиб, юқори божлардан озод қилинган.
Оқ уйнинг таъкидлашича, Хитой ва унинг компаниялари товарларни арзон ищи кучи, бўш божхона назорати, эркин иқтисодий зоналар ва Америка бозорига осон кириш имкониятига эга ҳудудларга жойлаштирган.
"Вақт ўтиши билан бугунги кунда сони 40 дан ошган, божхона тўловлари пастроқ бу мамлакатлар бож тўлашдан бўйин товлашнинг янги тизими учун ўзига хос майдонча ва марказга айланди: асосан Хитойда ишлаб чиқарилган товарлар хорижда минимал даражада қайта ишланиб, Америкага янги номлар остида экспорт қилинди", дейилади ҳисоботда.
Америка божларининг четлаб ўтилиши туфайли АҚШ ҳар йили 19 миллиард доллардан 26 миллиард долларгача зарар кўрмоқда.
"Асосий ссенарийга кўра, йилига 75 миллиард долларлик юкларни ноқонуний қайта юклаш натижасида қарийб 450 минг иш ўрни йўқотилади. Бунинг оқибатида федерал даромадлар 19 миллиард доллардан 26 миллиард долларгача камаяди", дейилади ҳужжатда.
Оқ уйнинг Савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати бошқармаси раҳбари Питер Наварро президент божлар жорий этганидан сўнг Хитой юкларни қайта ортишни ташкил этишда "ўта пухта" усулларни қўллаганини айтди.
"Узоқ йиллар давомида кенг кўламли юк ташиш фирибгарлиги коммунистик Хитойга ўз экспортини 40 дан ортиқ мамлакат орқали 'ювиш', ғазнамиздан ўнлаб миллиард долларни ўмариш ва америкалик ищиларнинг маошларини ўғирлаш имконини берди", деди у.
Трамп 2025-йил ноябрида Хитойга қарши 100 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилган эди. Шунингдек, январ ойи охирида у Канада Хитой билан савдо битими тузадиган бўлса, унга бож солиш билан таҳдид қилган. Трампнинг сўзларига кўра, Канада Хитойга электромобиллар импортини оширишга рухсат бериб, "катта хатога йўл қўйди".

