Трампнинг грин-карта чекловлари ҳинд ахборот технологиялари ходимларининг Америка орзусини синовдан ўтказмоқда
Иммиграция чекловлари ва технологик компаниялар томонидан хорижликларни ишга олишнинг қисқартирилиши сабабли, АҚШда яшаш ҳуқуқини олиш кўплаб ҳиндистонликлар учун ушалмас орзуга айланиб бормоқда.

Трампнинг грин-карта бўйича чекловлари ҳиндистонлик техник ходимларнинг Америка орзусини синовдан ўтказмоқда
АҚШ иммиграция қоидалари кучайиши билан ҳиндистонлик техник ходимлар ортиб бораётган ноаниқликка дуч келмоқдалар.
Миллионлаб ҳиндистонликлар учун асосий мансаб мақсадига эришиш йўли таниш шаблонга амал қилар эди: инженерлик даражаси, технологик хизматлар соҳасидаги иш, АҚШга хизмат сафари, визани қайта-қайта узайтириш ва кейинчалик доимий яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта.
Аммо бу жараён ўз ниҳоясига етаётган бўлиши мумкин.
Шу ой бошида АҚШ саккизта технология компаниясига, жумладан Microsoft, Ҳиндистоннинг Infosys, Tata Consultancy Services, Wipro ва HCL Technologies компанияларига кенг қўлланиладиган виза йўналиши орқали малакали хорижий ходимларни доимий асосда ишга олишни тўхтатиб қўйишини маълум қилди.
Доимий меҳнатни сертификатлаш дастури (PERM) доирасидаги янги ва кўриб чиқилаётган аризалар музлатиб қўйилди. Бу H-1B визаларининг — мутахассислар учун мўлжалланган вақтинчалик визаларнинг — катта қисмига эгалик қилувчи ҳамда грин-карта ва охир-оқибат фуқароликни олишда PERM дастурига таянган ҳолда АҚШда ишлаб келаётган ҳиндистонликлар учун катта зарба бўлди.
Сўнгги чора Трампнинг малакали ходимлар иммиграцияси қоидаларини кучайтиришга қаратилган ҳаракатларига мос келади ва технологик компаниялар бунга мослашиб бормоқда, шунинг учун бизнесга етказиладиган таъсир чекланган бўлиши мумкин, дейди экспертлар.
Ҳиндистоннинг 300 миллиард долларлик (226 миллиард фунт стерлинг) технология сектори савдо органи бўлмиш Nasscom маълумотларига кўра, Ҳиндистон фирмалари H-1B визаларига қарамликни камайтирган ва маҳаллий аҳоли орасидан кўпроқ ходимларни ишга олмоқда.
«Оқибатда, H-1B визаларидан PERM жараёни орқали доимий яшаш мақомига ўтаётган ходимлар сони ҳам нисбатан чекланган», деб қўшимча қилади ассоциация.
Wipro ўз баёнотида АҚШдаги ишчи кучининг 80% дан ортиғи маҳаллий даражада ишга олинганини айтди. Tata Consultancy Services (TCS) сўнгги икки йил ичида унинг PERM аризалари бир хонали сонларни ташкил этганини билдирди. Microsoft ўз баёнотида H-1B визаларини янги ходимларни олиб келиш учун эмас, балки асосан мавжуд ходимларни сақлаб қолиш учун топширганини айтди.
Business Standard ҳисоботида PERM Tracker маълумотларига таяниб айтилишича, TCS аризалари 2025-26 йилларда ўтган йилги 513 тадан ва ундан олдинги йилдаги 1 804 тадан 2 тагача тушиб кетган. Ҳисоботда айтилишича, Infosys ва Wipro учун 2025-26 йилларга оид ҳеч қандай ёзувлар топилмаган.
HDFC Securities брокерлик фирмасининг таъкидлашича, PERM билан боғлиқ иш ўринлари даромаднинг кам қисмини ташкил этгани сабабли, ҳатто улар юқори маош оладиган америкалик ходимлар билан алмаштирилса ҳам, технологик фирмаларга таъсири жуда оз бўлади.
Аммо АҚШ ҳукуматининг қарори бизнесдан ташқарига чиқадиган оқибатларга эга.
Вице-президент Жей Ди Вэнснинг H-1B ходимлари ҳақидаги изоҳлари АҚШ иммиграция сиёсати бўйича хавотирларни оширди.
Саккиз фирмадан бирининг АҚШда жойлашган юқори лавозимли раҳбари анонимлик шарти билан BBC га маълум қилишича, янги PERM чеклови «бизнесни издан чиқармайди», аммо инсонларга таъсири «кучлироқ»дир.
«Биз билган жуда кўп одамлар АҚШда бир неча йил яшаган, аммо грин-карта аризаси силжимаган ҳолатда қолиб кетишган. Улар Ҳиндистонга қайтишга тайёр бўлишса ҳам, фарзандлари шу ерда ўсгани учун қайтишни хоҳлашмайди», деди у.
Сўнгги сиёсий ўзгаришлар ноаниқликни чуқурлаштирди ва ҳиндистонлик иммигрантлар ҳамда H-1B виза эгаларига нисбатан интернетдаги адоватни оширди.
Осиёликлар ва Тинч океани оролларидан келганларга нисбатан камситишларга қарши курашувчи АҚШнинг Stop AAPI Hate нодавлат ташкилоти тадқиқотчилари 2024 йилги АҚШ сайловларидан бери Жанубий Осиёликларга қарши интернетдаги кайфият кескин ошганини, бунда асосан ҳиндистонлик иммигрантлар ва H-1B виза эгалари нишонга олинаётганини хабар қилишди.
Саккизта технологик компаниянинг PERM дастурига киришини тақиқлаш билан бир қаторда, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс H-1B визасидаги хорижий мутахассисларни «хорижлик мажбурий хизматкорлар» деб ҳам атади.
Кейинчалик у бу «мукаммал бўлмаган» риторика эканини айтди, аммо бу изоҳ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кескин танқид қилинди ва колониал маънога эга бўлгани учун «асоссиз» ва «жаҳл чиқарадиган даражада ҳақоратли» деб аталди.
Global LawQuest иммиграция ҳуқуқшунослик фирмаси асосчиси ва бошқарувчи ҳамкори Пурви Чотанининг айтишича, кўп одамлар яхшироқ имкониятлар учун АҚШга келишган, ўқиш ва мансаб куриш учун катта миқдорда қарз олишган. Аммо қоидалар кучайиши билан уларда имкониятлар ва харажатларни қоплаш қобилияти камаймоқда.
Иммиграция экспертларининг таъкидлашича, доимий яшаш йўллари торайган сари, баъзилар АҚШдаги келажагини қайта кўриб чиқишлари мумкин, бошқалари эса умуман кўчиб ўтмасликка қарор қилишлари мумкин.
Стэнфорднинг Иммиграция сиёсати лабораторияси постдокторанти Аҳмет Гулек BBC га айтишича, яшаш мақомини олишнинг муқобил йўллари мавжуд бўлса-да, уларнинг кўпи амалий бўлмаслиги мумкин.
Тақиқга учрамаган бошқа фирмага ўтиш имкониятлардан биридир, аммо у «қасос олиш қўрқуви» сабабли бу компаниялар иммигрантларни ишга олишга тайёрми-йўқми, ноаниқ эканини таъкидлайди.
Бу, шунингдек, ишни ўзгартириш учун ҳам қийин давр.
Ҳиндистонликлар АҚШдаги ишга жойлашиш бўйича грин-карта навбатида устунлик қилмоқда
Технология соҳаси аллақачон бўшатишлар, харажатларни қисқартириш ва сунъий интеллектнинг (СИ) жадал ривожланиши билан қайта шаклланди, бу эса мансабни ўзгартиришни қийинлаштирмоқда.
Шунга қарамай, АҚШ грин-картасини олишнинг бошқа йўллари мавжуд. Фавқулодда ютуқларга эга бўлган ёки иши миллий манфаатларга хизмат қиладиган одамлар PERM меҳнат сертификати жараёнини четлаб ўтадиган тоифаларга мос келиши мумкин.
Ариза топширувчилар, шунингдек, АҚШнинг мос келадиган бизнесларига камида 800 000 доллар сармоя киритиш орқали доимий яшаш ҳуқуқини олишлари мумкин.
Гулек бу тоифаларнинг баъзилари «кейинги нишон бўлиши мумкин»лигидан огоҳлантиради.
Чотанининг айтишича, баъзи одамлар АҚШда қолишга шунчалик аҳд қилишганики, уларда инвестиция қилиш учун етарли маблағ бўлмаса ҳам, EB-5 инвестор йўлини кўриб чиқмоқдалар.
National Foundation for American Policy (NFAP) маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ҳолатига кўра, бир миллионга яқин Ҳиндистон фуқаролари ишга асосланган грин-карталарни кутишмоқда, бу барча кўриб чиқилаётган аризаларнинг 79% ини ташкил қилади.
Унинг ҳисоботида 2026 йил январдан бошлаб меҳнат сертификати ёки ишга асосланган иммиграция аризаларини топширадиган юқори малакали ҳиндистонликлар учун виза тоифасига қараб 5 йилдан 179 йилгача кутиш вақти башорат қилинган.
Охирги бошқа иммиграция чоралари сингари, PERM ни тўхтатиб қўйиш ҳам федерал судда ҳуқуқий эътирозларга дуч келиши мумкин. Аммо биргаликда олганда, бу қадамлар АҚШда ўқиш, ишлаш ёки жойлашишни умид қилаётган одамлар учун янада чекланган муҳитни кўрсатади.
Олдинроқ Трамп маъмурияти баъзи янги H-1B виза аризаларига 100 000 долларлик тўлов жорий этган эди, бу чора кейинчалик федерал судлар томонидан бекор қилинган. Йақинда у, шунингдек, битирувчиларга ўқишни тугатгандан сўнг мамлакатда ишлаш имконини берувчи дастурга халқаро талабаларни тавсия қилувчи университетлар учун 70 000 долларлик тўлов таклиф қилди.
«Бу тенденция яқин орада ўзгармайди», деди BBC га анонимлик шарти билан гапирган ва «узоқ кутиш»дан сўнг яқинда H-1B визасига ўтган ҳиндистонлик мутахассис. Унинг айтишича, Республикачилар партияси ҳам, Демократик партия ҳам иммиграция қонунларини ислоҳ қилиш кераклигига рози, гарчи буни қандай қилиш бўйича келиша олишмаса ҳам.
Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, чекловлар иш ўринларини америкалик ходимларга эмас, балки Ҳиндистонга кўчириши мумкин. Соҳа вакиллари аллақачон кўпроқ компаниялар ишни оффшор қилаётганини кўришаётганини айтишмоқда.
«Компаниялар ишни оффшор ҳудудга кўчирганда харажатлар фарқидан фойда кўришади. Ковиддан сўнг, мижозлар томонидан масофавий ишга нисбатан каттароқ қабул ва қадрлаш мавжуд», дейди юқорида иқтибос келтирилган технологик фирма раҳбари.
Экспертларнинг фикрича, Американинг Ҳиндистон технологик истеъдодига бўлган талаби йўқолиши даргумон. Ўзгариши мумкин бўлган нарса — бу истеъдоддан фойдаланиш усулидир. Ҳиндистонлик мутахассислар учун бу АҚШда келажак қуриш сценарийсини қайта ёзишни англатиши мумкин.

