Трампнинг «энергетика сулҳи» ҳақидаги баёноти «ҳавога учди»
У кеча Россия ва Украина бир-бирининг энергетика обьектларига зарба бермасликка келишиб олганини айтганди. Тунда Украина Сизран нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди, тонгда эса Россия Киевдаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини нишонга олди.

Трампнинг «энергетика сулҳи» ҳақидаги баёноти «ҳавога учди»
Россия ва Украина АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатлар ўртасида «энергетика сулҳи» эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач ҳам бир-бирига зарба беришда давом этди.
15-сентабрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари «Роснефт»нинг Самара областидаги Сизран нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди, натижада корхонада ёнғин чиқди. Тунда регион устида жами 40 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Таганрогда Озон омборлари, маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхонаси, ўқув биноси, дўкон ва бир неча турар жойлар зарар кўрган. Астра маълумотига кўра, «Таганрог-Сентралний» ҳарбий аеродроми ҳам зарбага учраган. Таганрогда ҳам, Самара областида ҳам жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Ўз навбатида, тонгда Россия дронлари Киевга ҳужум қилди. Саккиз киши жароҳат олди, зарба оқибатида шаҳарнинг Дарницкий ва Голосеевский раёнларидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ёниб кетди. Шунингдек, Киевнинг турли қисмларидаги омбор ва бир неча нотурар жойлар ҳам зарбага учради. Запорижжяда инфратузилма обьектига берилган зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳат олди.
«Россия энергетика, оддий логистика ва муҳим инфратузилмаларимиз бўйлаб зарба беришни тўхтатмаяпти. Бунга жавобимиз – сезиларли бўлади», – дея ёзди тонгда Украина президенти Володимир Зеленский.
Навбатдаги ҳужумлардан бир неча соат олдинроқ АҚШ президенти Трутҳ Сосиал ижтимоий тармоғида Москва ва Киев энергетика обьектлари бўйлаб зарбаларни тўхтатишга келишиб олганини айтган, дизел нархи ошиб кетишининг асосий сабаби АҚШнинг Эрон билан уруши эмас, балки Россиянинг Украинага қарши уруши эканини қўшимча қилганди.
Энергетик сулҳ ғояси ҳақиқатан ҳам муҳокама қилинган: аввал АҚШ, Россия ва Украинанинг уч томонлама учрашувларида, феврал ойидаги музокаралар тўхтаб қолганидан кейин эса алоҳида музокараларда ва ёпиқ каналлар орқали. Бироқ, газета суҳбатдошлари таъкидлашича, Путин қиш арафасида бундай келишув тузишни истамайди. Москвадагилар совуқ мавсумда Украина энергетикасига берилган зарбалар Киевга босимни кучайтиради ва уни ён беришга мажбур қилади, деб ҳисоблайди.
Украиналик икки юқори мартабали мулозим ФТ билан суҳбатда Трампнинг баёнотини сайловчиларга ҳукумат ёқилғи нархини пасайтириш устида ишлаётганини кўрсатиш истаги билан изоҳлаган. Бу Трамп қиммат дизел учун жавобгарликни Украинага юклаши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 13-сентабр куни у Зеленскийни Россиядаги дизел ишлаб чиқарувчи нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхтатишга чақириб, бундай зарбалар «бутун дунёга зарар етказаётгани»ни айтганди.

