Дунё

Трамп: Путин тинчлик келишувига Зеленскийдан кўпроқ қизиқмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путин Украина бўйича тинчлик келишувига Володимир Зеленскийдан кўпроқ қизиқиш билдираётганини айтди. «Энергетик сулҳ»га риоя қилинмаётгани ҳақидаги саволга эса у «қоидабузарликлар ҳар икки томондан бўлган», деб жавоб берди.

Трамп: Путин тинчлик келишувига Зеленскийдан кўра кўпроқ қизиқмоқда

ДВ хабар беришича, Трамп бу гапларни 13-октабрга ўтар кечаси журналистлар саволларига жавоб берар экан айтган.

Мухбирлардан бири Россия Украинага ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда АҚШ президенти Путиннинг муросага тайёрлигини нимада кўраётганини сўраган.

«Ўйлашимча, улар келишиб олади. Мен ҳақиқатан ҳам Путин келишув тузишга Зеленскийдан кўпроқ қизиқмоқда, деб ҳисоблайман», - деган Трамп.

У ўзи эълон қилган энергетика обьектларига зарбаларни тўхтатиш тартиби Россия томонидан бузилгани ҳақидаги саволга вазиятни аввал ўрганиш кераклигини айтган.

«Чунки қоидабузарликлар ҳар икки томондан бўлган», - деган АҚШ президенти. Келтирилган хабарда Трамп бу фикрини тасдиқловчи аниқ мисолларни санаб ўтмаган.

Путинни «энергетик сулҳ»га риоя қилишга қандай ундаши ҳақидаги қўшимча саволга Трамп Россия раҳбари келишувни хоҳлаётгани, бунга Зеленскийни кўндириш кераклиги ҳақидаги фикрини такрорлаган.

Зеленский эса аввалроқ АҚШни Россияга таъсир ўтказишга ва энергетика соҳасидаги сулҳга амал қилинишини таъминлашга чақирган эди.

«Америкаликлар қандай аниқ қадамлар ташлашга тайёрлигини кутяпмиз», - деган Украина президенти Варшава хавфсизлик форумидаги нутқида.

Унинг айтишича, Киев 11-октабр куни ижтимоий тармоқларда энергетика обьектларига барча ҳужумлар зудлик билан тўхтатилиши ҳақидаги хабарларни кўриб ҳайратланган. Зеленский ушбу баёнотдан кейин Россия Харкивдаги иссиқлик электр стансиясига зарба берганини таъкидлаган.

12-октабр кечқурун Украина президенти Телеграмъда Киев энергетика обьектларига зарбаларни тўхтатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор билдирган.

«Украина АҚШ президенти эълон қилганидек, энергетика бўйича ўт очишни тўхтатишни кафолатлашга тайёр. Россия ҳам тегишли қадамларни ташлаши керак», - деб ёзган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан эълон қилинган шартлар бажарилаётгани ҳозирча қайд этилмаган. Зеленский кескинликни пасайтиришда АҚШ позицияси муҳимлигини таъкидлаб, Москвага босим ўтказиш зарурлигини айтган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.