Трамп Ойни “ўзлаштириб олди”

Трамп Ойни “ўзлаштириб олди”
АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқдаги постида Ой Америка Қўшма Штатларига тегишли эканини даъво қилди.
“Ой бизники”, дейилади постда.
Америка байроғи туширилган ушбу суратда фонида Ер кўриниб турган Ой тасвирланган. “РИА Новости” хабарига кўра, Британия Колумбияси университетининг астрономия бўйича фахрий профессори Жейми Меттюс кимнингдир Ойга даъвоси қонуний асосга эга эмаслигини айтди.
Унинг таъкидлашича, Ой ҳаммага умумий ва ҳатто АҚШнинг Ойга қўнгани ҳам бу мамлакатга табиий йўлдошга даъво қилиш ҳуқуқини бермайди.
“Ой кимникидир бўла олмайди. Бу ҳақда Коинот ҳақидаги шартномада айтилган”, деб тушунтирди профессор.
Қайд этилишича, давлатларнинг коинотни, жумладан, Ой ва бошқа осмон жисмларини тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича фаолияти принсиплари тўғрисидаги шартнома БМТ Бош Ассамблеясининг резолуцияси билан 1966-йил 19-декабрда қабул қилинган. Ҳозирда бу ҳужжатни 118 та мамлакат қўллаб-қувватлаган.
“Коинот, шу жумладан, Ой ва бошқа осмон жисмлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ, тенглик асосида ҳамда ҳеч қандай камситишларсиз барча давлатлар томонидан тадқиқ қилиниши ва фойдаланилиши учун очиқдир”, дейилади келишувда.
Аввалроқ Трамп Ойдаги бирор обьектга ўз номини бермоқчи экани ҳақида хабар берилганди.

