Трамп Оқ уйни қайта қуришга қарийб 1 млрд доллар сарфлайди
Бу қиймат аввал тахмин қилинганидан анча кўп бўлиб, ишлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. Бу «Оқ уйнинг сўнгги 80 йилдаги энг қиммат реконструксияси» ҳисобланади.

Трамп Оқ уйни қайта қуришга қарийб 1 миллиард доллар сарфлайди
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Оқ уйда янги базм зали қуриш ва бошқа қурилиш лойиҳаларига камида 927 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тҳе Вашингтон Пост (ВП) нашри ҳужжатлар ва манбаларга таяниб хабар берди.
Газетанинг таъкидлашича, бу қиймат аввал тахмин қилинганидан анча юқори бўлиб, ишлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. ВП баҳосига кўра, бу "Оқ уйнинг сўнгги 80 йилдаги энг қиммат реконструксияси" ҳисобланади.
Трампнинг Оқ уйдаги энг машҳур лойиҳаси 900 кишига мўлжалланган янги базм зали қурилишидир. Ушбу лойиҳа кўплаб судлашувлар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўтган ҳафта АҚШ судларидан яна бири Конгресс қурилишни давом эттириш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилмагунича, ушбу қурилиш режасини блоклаб қўйди. Бошқа лойиҳалар қаторида Оқ уйга туташ Лафает-сквер майдонини реконструксия қилиш, вертолёт қўниш майдончаси ҳамда меҳмонларни текшириш учун янги марказ яратиш ҳам бор.
ВПънинг ёзишича, Трамп маъмурияти кўпчилик қурилиш ишлари учун бюджетни тасдиқлатиш мақсадида Конгрессга мурожаат қилмаган, ваҳоланки шундай қилиши керак эди. Бунинг ўрнига, у давлат идоралари ва хусусий сармоядорлардан пул йиғиб, сўнг маблағларни шу мақсадда ташкил этилган бўлим томонидан бошқариладиган махсус ҳисобвараққа ўтказган. ВП маълумотларига кўра, ушбу ҳисобвараққа турли идоралар, жумладан, Махфий хизмат томонидан камида 500 миллион доллар, хусусий донорлар томонидан эса яна камида 305 миллион доллар ўтказилган. Бу Трампнинг ўз лойиҳаларига маблағлар асосан хусусий шахслар ва ташкилотлардан келиб тушгани ҳақидаги аввалги баёнотларига зиддир.

