Дунё

Трамп маслаҳатчиси Ердан ташқаридаги урушга тайёрланишга чақирди

Трамп маслаҳатчиси Ердан ташқаридаги урушга тайёрланишга чақирди

Америка ҳарбийлари нафақат Ер орбитасида, балки Ой атрофида ҳам жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўриши лозим. Бу ҳақда АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Ден Кейн маълум қилди.

Кейн бу гапларни АҚШ илк бор космик қуролни орбитага чиқарганини билдирганидан бир неча кун ўтиб айтди. АҚШнинг яна бир юқори мартабали ҳарбий қўмондони, Космик кучларнинг Жанговар кучлар қўмондонлигига раҳбарлик қилаётган генерал-лейтенант Грегори Ганён эса бу тайёргарликни “потенсиал рақиблар”, аввало Хитойнинг ҳаракатлари билан изоҳлади.

Космик кучлар — АҚШ қуролли кучларининг янги бўлинмаси бўлиб, улар 2019-йилда Трампнинг биринчи президентлик даврида ташкил этилган. Ганённинг айтишича, АҚШ яқин беш йил ичида Космик кучлар таркибидаги ҳарбийлар сонини икки баробарга ошириб, тахминан 25 минг нафарга етказишни режалаштирмоқда. Хитой эса 2024-йилда инқирозли вазиятларга жавоб бериш учун ўзининг ҳарбий-космик бўлинмаларини тузганди.

Америка қуролларининг коинотга чиқарилишига жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин “космик фазода қуролларни жойлаштириш, ҳарбийлаштириш ва қуролланиш пойгасига қарши” эканини билдирди. Ассосиатед Пресс ёзишича, Америка ҳарбийларининг бир қатор баёнотлари коинотдан фақат тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича қабул қилинган халқаро конвенсиялар ва келишувларга зид келади.

Масалан, 1967-йилда АҚШ ва Хитой томонидан имзоланган Коинот тўғрисидаги шартнома Ой ва бошқа осмон жисмларидан “фақат тинч мақсадларда” фойдаланишни талаб қилади. Ҳужжат коинотда ядровий қурол ва оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқлайди.

Бироқ Ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Трой Мейнк 14-сентябр куни АҚШ энди орбитада космик қуролга эга эканини ва ундан мамлакат ҳарбий кучларини ҳимоя қилишда фойдаланилишини айтди. Ҳарбийлар бу қурол ёрдамида АҚШ қўшинлари ёки сунъий йўлдошларига нишон олаётган душман сунъий йўлдошини йўқ қилиши мумкин.

1967-йилги шартнома ва бошқа шунга ўхшаш мажбуриятлар ҳақидаги саволга жавобан Америка Космик кучлари вакиллари Қўшма Штатлар “космоснинг барча бурчакларида хавфсиз ва масъулиятли космик операцияларни давом эттиришини” таъкидламоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.