Тўрт давлат Россия активларини Украина манфаати учун ишлатишни таклиф қилди
Швеция, Полша, Нидерландия ва Испания Европа комиссиясини Россиянинг музлатилган активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланишнинг янги вариантларини ўрганишга чақирди. Тўрт давлат таклифига кўра, бундай қарор билан боғлиқ молиявий ва иқтисодий хатарлар Европа Иттифоқининг барча аъзолари ўртасида тақсимланиши керак.

Россия активларини Украина манфаатлари йўлида ишлатиш таклифи тўрт давлат ташқи ишлар вазирларининг 27-август куни ДВ нашрига келиб тушган қўшма мактубида илгари сурилди.
Мактуб муаллифлари Европа комиссияси техник экспертларига Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликда Россиянинг музлатилган активларидан Украина манфаатлари йўлида фойдаланишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва ўрганишни топширишни таклиф қилди. Бунда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар барча аъзо давлатлар ўртасида тенг тақсимланиши ва бирор мамлакатга номутаносиб юк тушмаслиги кераклиги таъкидланган. Шунингдек, таклифларни баҳолашда молиявий ва иқтисодий хатарлар ҳамда уларнинг халқаро ҳуқуққа мувофиқлиги асосий омиллардан бири бўлиши лозим.
**"Украинага 90 млрд евро кредит етарли бўлмайди"**
Тўрт мамлакат Россия активлари масаласига қайтиш заруратини Украинанинг молиявий эҳтиёжлари ортиб бораётгани билан изоҳлади. Европа Иттифоқи томонидан Украина учун 2026–2027-йилларга мўлжалланган 90 млрд евро миқдоридаги кредит муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, мактуб муаллифлари бу маблағнинг ўзи етарли бўлмаслигини таъкидлади. Уларнинг қайд этишича, Россия ҳужумлари давом этаётган бир пайтда уруш харажатлари ҳам ўсиб бормоқда. Шу сабабли Киевга қисқа ва узоқ муддатли истиқболда қўшимча молиявий ёрдам зарур бўлиши мумкин.
Тўрт давлат фикрича, Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш, бир томондан, Украинага етказилган зарар учун Москва молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олишига хизмат қилса, иккинчи томондан, европалик солиқ тўловчилар зиммасидаги юкни камайтириш имконини беради. Шунингдек, бу механизм Москвага босимни кучайтириш воситаси сифатида ҳам кўрилмоқда.
Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, Россия Украинага репарация тўламагунича бу маблағларни қайтариб ололмайди. Шу сабабли активларни уруш тугашини кутиб, кейин Украинани тиклашга сарфлашдан кўра, ҳозир Украинани ҳимоя қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқ.
**Еврокомиссия: режани илгари суриш учун етарли қўллаб-қувватлаш бўлмаган**
Европа комиссияси вакили Балаш Уйвари Брюсселдаги брифингда Россиянинг музлатилган активлари ҳисобига Украинага "репарацион кредит" ажратиш масаласи 2025-йил декабридаги Европа Иттифоқи саммитидан кейин расман кун тартибидан олиб ташланмаганини маълум қилди.

