Тошқин хавфи туфайли кўпроқ уйларни суғурталаб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириш чиқди
Aviva раҳбари Аманда Бланк Англияда «шубҳасиз» келажакда суғурталаб бўлмайдиган уйлар қурилаётганини айтди.

Тошқин хавфи туфайли кўпроқ уйларни суғурталаб бўлмай қолиши ҳақида огоҳлантириш
Aviva раҳбарининг таъкидлашича, хавф ортиб бораётган бир пайтда тошқин ҳудудларида уйлар қуришни давом эттириш «маънога эга эмас».
Aviva суғурта гиганти раҳбарининг айтишича, ҳозирда қурилаётган уйлар келажакда тошқин хавфи туфайли суғурталаб бўлмайдиган ҳолга келиши мумкин.
Аманда Бланкнинг сўзларига кўра, тошқин хавфи «мутлақо ортиб бормоқда», бироқ ҳозирги қурилиш тенденцияларига кўра, кейинги ўн йилликда тошқин ҳудудларида 115 000 та янги уй қурилади.
«Бу менга мантиқсиз бўлиб туюлади. Биз бу уйлар қаерда қурилаётгани ҳақида ўйлашимиз керак», деди у BBC’га.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг маълум қилишича, Англиядаги тахминан 6,3 миллион уй ва корхона тошқин хавфи остида қолмоқда, Aviva тадқиқоти эса 2022 ва 2024 йиллар оралиғида қурилган ҳар тўққизта уйдан биттаси тошқиннинг ўртача ва юқори хавфи остида эканлигини кўрсатди.
Big Boss Interview подкастида у Англия «шубҳасиз» бир кун келиб суғурталаб бўлмайдиган уйларни қураётганини айтди.
«Бу тошқин ҳудудлари қаерда жойлашгани жуда яхши маълум. Келинг, қурилаётган уйлар ҳақида жуда жиддий ўйлаб кўрайлик».
Бланкнинг таъкидлашича, тошқин ҳудудлари яқинида қурилиш қилиш ҳам бошқача ёндашувни талаб этади.
«Уйингизни тошқинга камроқ ёки кўпроқ заиф қилиш учун турли хил чораларни кўришингиз мумкин», деди у.
Aviva тадқиқоти шуни кўрсатадики, 2024 йилда қурилган янги уйларнинг деярли учдан бир қисми 2050 йилга келиб маълум даражада тошқин хавфига дуч келади, экстремал об-ҳаво янада шиддатли тус олиши билан ҳар еттита уйдан биттаси ўртача ва юқори хавф остида қолади.
Шу йил бошида Метеорология хизмати (Met Office) ҳозирги глобал исиш даражасида Буюк Британияда 2023-2024 йилларда кузатилган рекорд даражадаги серёғин қишлар ҳар 80 йилда бир марта содир бўладиган ҳодисадан ҳар 20 йилда бир марта содир бўладиган ҳодисага айланганини тахмин қилган эди.
Кенг қамровли интервьюда Бланк, шунингдек, ҳукуматни Молия вазири Жон Хилининг 28 октябрдаги биринчи бюджети олдидан сиёсий «синов шарларини учириш»дан (норасмий баёнотлар беришдан) тийилишга чақирди.
Aviva Буюк Британиядаги йирик хусусий пенсия провайдери ҳисобланади ва Бланкнинг айтишича, сўнгги икки бюджет атрофида пенсия тизимидаги ўзгаришлар бўйича пайдо бўлган миш-мишлар маблағларни қайтариб олишнинг кескин ўсишига олиб келган.
«Амалда биз ўтган йили пенсиялардан одатдагидан 30 баравар кўп маблағ ечиб олинганини кўрдик, бу эса кейинчалик мижозлар афсусланиши мумкин бўлган ҳолатдир, чунки солиқсиз бир йўла тўланадиган суммани олиб қўйганингиздан кейин, уни қайтариб қўя олмайсиз», деди у.
«Шунинг учун биз синаб кўраётган, ўйлаётган нарсаларингизга жуда ва жуда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат берган бўлардик».
Бланк Aviva инфратузилмага инвестиция киритиш учун «капитал билан тайёр» эканлигини таъкидлаб, компания Буюк Британияга аллақачон 100 миллиард фунт стерлингдан ортиқ маблағ киритганини, шу жумладан шифохоналар ва мактаблардан тортиб шамол электр станцияларигача бўлган инфратузилмага 35 миллиард фунт стерлинг йўналтирганини қайд этди.
«Бизда ушбу капитал бор. Биз инвестиция киритишни хоҳлаймиз, биз Буюк Британиядаги йирик иш берувчимиз. Биз Буюк Британия инфратузилмасига сармоя киритишни истаймиз. Бу бизнинг пенсионерларимиз ва ушбу пенсия дастурлари аъзолари учун яхши даромад келтиради», деди у, гарчи буни амалга ошириш учун кўпроқ тафсилотлар кераклигини қўшимча қилган бўлса-да.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, агар «уч томонлама кафолат» (triple lock) ўзгартирилса, йиллик пенсия ўсишининг эҳтимолий пасайиши занжирли таъсирга эга бўлади.
«Агар давлат пенсиянгиз пастроқ бўлса, унда сизга юқорироқ хусусий пенсия керак бўлади, шундай эмасми? Шунинг учун ушбу мувозанат ҳақида ўйлашингиз керак», деди Бланк.

