Тошкентнинг янги аэропортини Шимолий вокзал билан темир йўл орқали боғлашлари мумкин

Тошкентнинг янги аэропортини «Тошкент-Шимолий» вокзали билан темир йўл тармоғи орқали боғлашлари мумкин. Бундай лойиҳа йўловчи ташишни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясига киритилган бўлиб, у ҳозирда муҳокама босқичида турибди.
Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда аэропортларни вокзаллар билан боғлайдиган учта темир йўл линиясини қуриш режалаштирилмоқда. Тошкентдан ташқари, бундай йўналишлар Бухоро ва Урганчда ҳам кўзда тутилган. Лойиҳада Паркент — Янги Тошкент участкаси ҳам тилга олинган.
Биринчи линияни 2026 йилда, яна иккитасини — 2029 йилгача қуриш ниятидалар. Барча учта лойиҳани 2030 йилгача якунлаш режалаштирилмоқда. Тошкент ва Бухородаги линияларни молиялаштириш учун тижорат банклари кредитларини жалб қилиш таклиф этилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу икки лойиҳа учун 2029 йилда тахминан 30,6 миллион доллар, 2030 йилда эса 37,4 миллион доллар ажратилган. Бунда ҳар бир объектнинг қиймати алоҳида аниқлаштирилмаган.
Бундан ташқари, 2027 йил июль ойидан бошлаб Тошкент агломерациясида «Тошкент-Шимолий» ва «Тошкент-Жанубий» вокзаллари, «Тошкент» халқаро аэропорти ва марказий автовокзални бирлаштирадиган ягона транспорт тизимини яратиш режалаштирилмоқда.
Ушбу режалар доирасида Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан қанайдиган электр поездлари сонини бир ярим бараварга оширишжмоқчи. Йўловчилар учун метрога тўғридан-тўғри ўтиш имконияти ҳам кўзда тутилади.
Яна бир чора — поездлар, самолётлар ва автобусларга чипта сотиб олиш мумкин бўлган «Бир йўл» ягона электрон платформасини яратишдир. шунингдек, аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автовокзаллар ўртасида 20 та автобус йўналишини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Жамланувчи транспорт турлари ўртасидаги ўтиш вақтини 20 дақиқадан 10 дақиқагача қисқартириш ниятидалар.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 25 ноябрдаги қарорида қурилиши кўзда тутилган Тошкентнинг янги халқаро аэропорти 1 310 гектар майдонни эгаллайди.
Биринчи босқичда бу ерда узунлиги 4 километрдан бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги, майдони 208 минг квадрат метр бўлган йўловчи терминали, ҳаво кемалари учун 98 та тўхташ жойи, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва диспетчерлик минорасини қуриш режалаштирилган. Келишув шартларига кўра, хусусий консорциум йўловчи терминали ва вокзал олди майдонини қуриш ҳамда кейинчалик ундан фойдаланиш билан шуғулланади, давлат томонига эса аэродром мажмуасини қуриш ва ундан фойдаланиш вазифаси юклатилган.
Аэропортни фойдаланишга топшириш 2030 йил охирига мўлжалланган бўлиб, ушбу тадбирдан сўнг у йилига 20 миллионгача йўловчи ва 300 минг тоннагача юкга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади ҳамда мамлакатнинг транспорт ва логистика инфратузилмасининг асосий элементларидан бирига айланади.

