Тошкентнинг Миробод кўчасида сайр қилиш ва умумий овқатланиш учун шароитлар яратилади (+эскизлар ва фото)
Тошкентда Миробод кўчасининг бир қисми реконструкция қилинади. Лойиҳани аҳолига туман ҳокими Анвар Сайфутдинов тақдим этди. Биринчи қаватдаги бизнес объектларида ягона дизайнга эга террасалар пайдо бўлади. Пиёдалар йўлаги кенгайтирилади, велойўлак қатнов қисмига чиқарилади, янги дарахтлар ва буталар экилади. Эскизлар ва фото.

Тошкентдаги Миробод кўчасида сайр қилиш ва умумий овқатланиш учун шароитлар яратилади (+эскизлар ва фото)
Тошкентда Миробод (Госпиталь) бозорига туташган Миробод кўчасининг бир қисмини реконструкция қилиш бошланди. ТУман ҳокими Анвар Сайфутдинов жума куни бўлиб ўтган эшитувда аҳолига лойиҳа ҳақида сўзлаб берди.
Биринчи босқичда ўзгаришлар 39А-сонли тўққиз қаватли турар жой биноси атрофидаги ҳудудга дахлдор бўлади. Бинонинг биринчи қаватида тадбиркорлик объектлари, жумладан, умумий овқатланиш шохобчалари жойлашган.
Ҳокимнинг маълум қилишича, илгари бу ерда ноқонуний қурилган террасалар олиб ташланган эди. Эндиликда давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда шаҳарнинг дизайн-кодини ҳисобга олган ҳолда янги террасалар барпо этилади ва тадбиркорлар улардан ўз фаолиятини кенгайтириш учун фойдаланишлари мумкин бўлади. Ёмғир ёққанда аҳолига ноқулайлик туғдирмаслиги учун террасаларнинг томи шовқинни ютувчи материалдан тайёрланади.
«Тадбиркорлик учун шароитлар — бу янги иш ўринлари, бюджетга янги солиқ тушумлари ва демак, маҳалла бюджетига унинг эҳтиёжлари учун сарфланадиган қўшимча тушумлардир», — деди Анвар Сайфутдинов.
У, шунингдек, Тошкентда сўнгги йилларда реконструкция қилинган барча кўчаларда ташриф буюрувчилар, жумладан, туристлар сони, тадбиркорларнинг даромадлари, шунингдек, кўчмас мулк қиймати ортиб бораётганини таъкидлади. Мисол тариқасида у Тарас Шевченко ва Ўзбекистон овози кўчаларини келтирди.
Туман раҳбарининг маълум қилишича, кўчада тўсиқсиз муҳит пайдо бўлади, пиёдалар йўлаги эса велосипед йўлакчасини қатнов қисмига кўчириш ҳисобига кенгайтирилади. Бу трамвай линияси тугатилгандан сўнг кенгайган автомобиллар майдонини торайтиради ва тартибга солади.
Пиёдалар йўлаги ва қатнов қисми ўртасидаги кенг яшил ҳудуд ягона ободонлаштирилган қиёфага эга бўлади: бу ерда қўшимча дарахт ва буталар экилади (доимий парваришни талаб қиладиган гуллар эмас, деб таъкидлади ҳоким), столлар, шунингдек, ўтиб кетувчилар ва аҳоли ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар, чиқинди қутилари, ёритиш тизими, камералар ва «ташвиш тугмачалари» ўрнатилади.
Кўчанинг бутун узунлиги бўйлаб пиёдалар йўлаги бир сатҳда бўлади, пиёдалар ўтиш joyлари баландроқ қилинади, қатнов қисми торайтирилади ва кўчада бўлиш ёқимли ҳолга келади.
«Илгари кўчани кенгайтирсак, тирбандликлар камаяди, деб ҳисобланарди, аммо Ўзбекистон овози кўчасига қаранг — у ерда ҳаракатланиш бир бўлакли, лекин ҳаракат тўхтаб қолмайди, чунки чорраҳалар, жумладан, улардан биридаги айлана ҳаракат тўғри лойиҳалаштирилган», — деди ҳоким.
Реконструкциянинг биринчи босқичи якунлангач, ишлар Grand Mir меҳмонхонаси ёнидаги айлана ҳаракат томонга йўналтирилган кўчанинг бошқа участкаларини ҳам қамраб олиши керак.
«Газета» мухбирининг пиёдалар йўлаги автотураргоҳ билан бирлаштирилган Mirabad Avenue турар жой мажмуаси қаршисидаги ҳудудда пиёдалар учун қулайликлар яратиладими, деган саволига Анвар Сайфутдинов ижобий жавоб берди.

