Тошкентнинг Кўкча дарвоза кўчасида ҳам “яшил тўлқин” ишга туширилди
Тошкентнинг Кўкча дарвоза кўчасининг 7 километрлик қисмида 16 та светофорни бирлаштирган ъяшил тўлқинъ тизими ишга туширилди. Янги тизим эвазига ҳайдовчилар ушбу йўналишдаги ҳар бир қатновда одатдагидан ўртача 8 дақиқа вақтни тежаш имкониятига эга бўлади.

Тошкентнинг Кўкча дарвоза кўчасида ҳам “яшил тўлқин” йўлга қўйилди
Тошкент шаҳрининг Кўкча дарвоза кўчаси бўйлаб транспорт ҳаракатига кетадиган вақтни ўртача 40 фоизга камайтирадиган “яшил тўлқин” мувофиқлаштирилган светофорлар тизими ишга туширилди.
Кўчанинг 7 километрлик қисмида жойлашган 16 та светофор обьекти ягона ва мувофиқлаштирилган тизимга уланди. Ҳайдовчи оқимда белгиланган рухсат этилган тезликда ҳаракат қилса, кейинги светофорларда ҳам яшил чироқ кетма-кет ёниб, муайян йўналишда ортиқча тўхташларсиз ҳаракатланиш таъминланади.
Тизим иш режимлари шаҳардаги транспорт оқимининг кундалик маромига мослаштирилган. Хусусан, эрталаб ва кундузи соат 07:00 дан 17:00 га қадар “яшил тўлқин” шаҳар маркази томон йўналтирилади. Кечқурунги тиғиз вақтда, яъни соат 17:00 дан 24:00 гача эса асосий тўлқин марказдан чиқиш йўналишига созланади.
Марказ таъкидлашича, тиғиз бўлмаган вақтларда ўтказилган ўлчовлар “яшил тўлқин” туфайли йўлга кетадиган вақт ўртача 40 фоизга ёки ҳар бир қатновда 8 дақиқага қисқарганини кўрсатган.
“Тўхташлар сонининг камайиши кескин тормозланиш ва қайта тезлашишнинг олдини олиб, ёқилғи тежалишига ҳамда атроф-муҳитга чиқадиган зарарли газлар миқдори камайишига хизмат қилади”, — дейилади хабарда.
Марказ мутахассисларининг таъкидлашича, тизимдан самарали фойдаланиш учун махсус ҳаракатлар талаб этилмайди. Асосий шарт — рухсат этилган тезлик меъёрига қатъий риоя қилишдир, чунки тезлик оширилган тақдирда автомобиллар навбатдаги светофорнинг қизил чироғига тезроқ етиб боради, холос.
Аввалроқ тизим Буюк ипак йўли кўчасида (13 та чорраҳа), Амир Темур хиёбони атрофида, Кичик ҳалқа йўлининг кичик қисмида, Шота Руставели ва Махтумқули кўчаларида жорий этилганди.

