Тошкентнинг икки туманида газ таъминоти вақтинча ўчирилади

Тошкентнинг икки туманида газ таъминоти вақтинчалик ўчирилади
Бугун, 9 октябрь куни Тошкентнинг Бектемир ва Яшнобод туманларида газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади. Чекловлар соат 10:00 дан 18:00 гача амал қилади. Бунга газ ускуналарини кўчириш ва қувурларни демонтаж қилиш ишлари сабаб бўлган.
«Ҳудудгаз Пойтахт» хабарига кўра, Бектемир туманида мутахассислар «Олтинтопган» маҳалласи Заргар кўчасидаги газ тақсимлаш пункти ва ўрта босимли газ қувурини хавфсиз жойга кўчиришади.
Заргар, Олтинтопган, Садовая, Тенистая, Озерная, Вишневая ва Солнечная кўчаларидаги 340 та хусусий хонадон вақтинчалик газсиз қолади. Чекловлар, шунингдек, саккизта улгуржи истеъмолчига ҳам таъсир қилади.
Яшнобод туманида эса 7-сонли қозонхонага борувчи диаметри 400 миллиметрли ўрта босимли газ қувурини демонтаж қилиш режалаштирилган.
Ўчириш бир нечта маҳалла ва турар жой мавзеларидаги хусусий уйлар ҳамда кўп квартирали биноларга таъсир қилади. Хусусан, «Бирлашган», «Умид», «Махмур» маҳаллалари ва Авиасозлар-1, 2 ва 4 мавзеларидаги 900 дан ортиқ уй ва квартираларда газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.
Бундан ташқари, чекловлар 42 та улгуржи истеъмолчига ҳам тегишли бўлади.
Ишлар якунлангач, газ таъминоти босқичма-босқич тикланади.

