Тошкентнинг бир йўла тўртта тумани аҳолиси вақтинча газсиз қолади

Тошкентнинг бир йўла тўртта тумани аҳолиси вақтинча газсиз қолади
Бугун, 4 сентябрь куни Тошкентнинг тўртта туманида таъмирлаш ва техник ишлар сабабли табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади. Чекловлар Сергели, Бектемир, Янгиҳаёт ва Мирзо Улуғбек туманларидаги уйларнинг бир қисмига дахл қилади.
Сергели туманида соат 10:00 дан 17:00 гача «Қубайтепа» маҳалласининг Саъдий кўчасида газ ўчирилади. Чеклов 356 та хусусий уй ва 12 та улгуржи истеъмолчига дахл қилади. Мутахассислар ўрта босимли газ қувурини хавфсиз ҳудудга кўчиришади.
Бектемир туманида газ етказиб бериш соат 10:00 дан 18:00 гача «Ҳ. Бойқаро» маҳалласининг Ю. Чирчиқ кўчасида тўхтатилади. 12 та хусусий уй ва 2, 3 ҳамда 77-сонли уйлардаги 116 та хонадон, шунингдек, ушбу ҳудуддаги улгуржи истеъмолчилар вақтинча газсиз қолади. Бу ерда мутахассислар газ тақсимлаш пунктини янгисига алмаштиришади.
Янгиҳаёт туманида газ соат 11:00 дан 16:00 гача «Чортоқ» маҳалласининг Гулзор-6 кўчасида ўчирилади. Чекловлар 38 та хусусий уй ва учта улгуржи истеъмолчига дахл қилади. Ишлар газ таъминоти тизимини уч босқичлидан икки босқичлига ўтказиш ва газ тақсимлаш пунктини демонтаж қилиш билан боғлиқ.
Мирзо Улуғбек туманида газ етказиб бериш соат 10:00 дан 17:00 гача тўхтатилади. «Алишеробод» маҳалласидаги Анайбулоқ, Алишеробод, Жўшқин, Ниҳол, Янги тонг ва Янги авлод кўчаларида жойлашган бешта кўп квартирали уй ва 643 та хусусий уй аҳолиси вақтинча газсиз қолади.
Бундан ташқари, ўчириш «Янги Авайхон» маҳалласининг Қорасув-6 мавзесидаги 42 та кўп квартирали уйдаги 2 769 та хонадонга ҳам дахл қилади. Кўрсатилган ҳудудларда жами 38 та улгуржи истеъмолчи бор бўлиб, вақтинчалик чеклов уларга ҳам тегишли бўлади.
Таъмирлаш ва техник ишлар якунлангач, табиий газ етказиб бериш тикланади. «Ҳудудгаз Пойтахт» истеъмолчилардан вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.

