Тошкентнинг 62 та кўчасида сайр ҳудудлари ва гавжум кўчалар ташкил этиш учун 22 млрд ажратилади
Лойиҳалар доирасида пойтахт кўчаларини ободонлаштириш, сайр ҳудудларини ташкил этиш ва пиёдалар учун қулай муҳит яратиш

Тошкентнинг 62 та кўчасида сайр ҳудудлари ва гавжум кўчалар яратиш учун 22 млрд сўм ажратилади
Тошкент шаҳрида соҳилбўйи ҳудудлар, гавжум кўчалар, туризм маҳаллалари, фестивал кўчалари ҳамда сояли сайр кўчаларини ташкил этишга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда шаҳарни ривожлантириш жамғармасидан 22,146 млрд сўм ажратиш таклиф қилинган. Тегишли қарорни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган.
Ҳужжатга илова қилинган манзилли рўйхатга мувофиқ, ишлар пойтахтнинг барча туманларидаги 62 та ҳудудни қамраб олади. Жумладан, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Миробод туманларида гавжум кўчалар ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Олмазор, Сергели, Учтепа ва Чилонзор туманларидаги айрим кўчаларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Рўйхатда сайр ҳудудлари ташкил этиладиган кўчалар ҳам бор. Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги Шаҳрисабз ва Мингбулоқ кўчаларининг айрим қисмлари, Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчаси, Яшнобод туманидаги Бешариқ ва Султони Маъшҳадий кўчалари шулар жумласидан. Шайхонтоҳур туманида эса Анҳор бўйи лойиҳаси доирасида соҳилбўйи кўчасини ташкил этиш белгиланган.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маблағларни Тошкент шаҳарни ривожлантириш жамғармасидан ажратиш таклиф қилинмоқда. Маблағлар шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига йўналтирилиши, асосий лойиҳачи ва пудратчилар эса белгиланган тартибда танланиши кўзда тутилган.
Маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни Давлат молиявий назорати инспексиясининг Тошкент шаҳар бошқармаси амалга ошириши белгиланган.

