Тошкентликларга парковка учун “қарздорлик” ҳақида сохта хабарлар юборилмоқда
Пойтахт Паркинг сохта СМС хабарлар ҳақида огоҳлантирди. Уларда парковка учун қарздорлик борлиги айтилиб, хизматлардан фойдаланишни чеклаш билан таҳдид қилинмоқда. Компания бу каби билдиришномаларни юбормаслигини таъкидлаб, ушбу хабарлардаги ҳаволаларга кирмасликка чақирди.

Тошкентликларга парковка бўйича “қарздорлик” ҳақида сохта хабарлар юборилмоқда
Тошкентдаги пулли автотураргоҳлар оператори Пойтахт Паркинг ўз номидан тарқатилаётган сохта СМС хабарлар юзасидан огоҳлантирди. Уларда парковка учун тўлов қилиш талаб этилмоқда.
СМСълар Филиппин (+63) ва Марокаш (+212) халқаро телефон кодларига эга рақамлардан келмоқда. Бошқа рақамлардан ҳам фойдаланилаётган бўлиши мумкинлиги истисно қилинмайди.
Хабарда абонентнинг парковка учун тўланмаган қарздорлиги борлиги айтилади. Парковка сессияси ҳақидаги маълумотларни кўриш ва қарзни ёпиш учун ҳаволага ўтиш ҳамда автомобил давлат рақамини киритиш таклиф этилади. Хабардаги ҳавола расмий сайт манзилини сохталаштирган бўлиб, аслида у расмий эмас.
Юборувчилар парковка тўлови гўёки уч кунга кечиктирилгани ва агар “қарздорлик” узилмаса, сервис хизматларидан фойдаланиш чекланиши билан таҳдид қилмоқда.
Пойтахт Паркинг компанияси бундай хабарларни юбормаслигини таъкидлади. Хабар олувчиларга уларни ўчириб ташлаш, ҳаволаларга кирмаслик ҳамда банк картаси реквизитлари ва автомобил рақамини киритмаслик тавсия этилади. Агар карта маълумотлари аллақачон киритилган бўлса, дарҳол банкка мурожаат қилиш ва картани блоклаш зарур.
Парковка тўлови статусини фақат Пойтахт Паркинг иловасида текшириш мумкин. Саволлар юзасидан компания 78 113 67 00 телефони ёки қўллаб-қувватлаш ботига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатди.

