Маҳаллий

Тошкентга Бангкокдан учиб келган хорижий фуқародан наркотик модда топилди

8 дона турли хил ширинликлар пакетлари ва 5 дона пластмасса идишлар ичида жами 4,4 кг

Тошкентда Бангкокдан келган чет эл фуқаросидан 4,4 кг синтетик наркотик топилди.

"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари "Тошкент-Аеро" ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширди. Ушбу тадбирлар натижасида чет элдан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳванд моддалар мусодара қилинди.

Хусусан, "Бангкок – Шаржа – Тошкент" авиайўналиши орқали мамлакатимизга келган, 1994-йилда туғилган Қозоғистон Республикаси фуқаросининг қўл сумкалари Тошкент халқаро аеропортида текширувдан ўтказилди. Текширув натижасида 8 дона турли хил ширинликлар пакетлари ва 5 дона пластмасса идишлар ичида жами 4,4 кг "Мефедрон" синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, интернетдаги наркодўкон бошқарувчисининг кўрсатмасига биноан, ушбу гиёҳванд моддани пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида Янгийўл шаҳрида яшовчи, 2006-йилда туғилган шахсга бераётган вақтида у ҳам қўлга олинди. Текширув жараёнида маҳаллий фуқаронинг ёнида пневматик пистолет борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.