Тошкентдан Ҳайдарободга тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилади

Тошкентдан Ҳайдарободга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилади
28 сентябрдан бошлаб Тошкент ва Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади. Парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилади.
Янги йўналишни Centrum Air авиакомпанияси ишга туширади. Рейслар душанба ва пайшанба кунларига белгиланган. Туризм қўмитаси ушбу йўналиш Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг жанубий ҳудудлари ўртасидаги саёҳатларни осонлаштириши ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилишини кутмоқда.
Ҳайдаробод — Ҳиндистоннинг Телангана штати пойтахти ва мамлакатнинг энг йирик технологик марказларидан биридир. Шаҳарда йирик халқаро IT-компанияларнинг ваколатхоналари фаолият юритади.
Шунингдек, Тошкент ва Маврикий илк бор тўғридан-тўғри авиарейслар билан боғланиши хабар қилинган. Янги йўналиш бўйича биринчи парвоз 26 декабрга режалаштирилган, 2027 йилнинг июнидан эса рейсларни мунтазам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

